Гуруҳ босқичида триллерлар, яна икки жамоа плей-оффда. Кун ўйинлари
Қатардаги жаҳон чемпионатининг тўққизинчи кунидаги асосий воқеалар, голлар ва гуруҳларда юзага келган вазият.
Камерун Сербия билан ақл бовар қилмас ўйин ўтказди. Барчаси оёқда кўп ўйнайдиган дарвозабон билан можародан бошланди
ЖЧ-2022. G гуруҳи. 2-тур
Камерун – Сербия 3:3
Голлар: 1:0 – 29 Кастеллетто, 1:1 – 45 Павлович, 1:2 – 45+4 Милинкович-Савич, 1:3 – 53 Митрович, 2:3 – 63 Абубакар, 3:3 – 66 Шупо-Мотинг.
Камерун – Эпасси, Фэ, Нкулу, Кастеллетто, Толо, Кунде (Ондуа, 67), Замбо-Ангисса (Гвет, 81), Онгла (Абубакар, 55), Шупо-Мотинг, Токо-Экамби (Бассогог, 67), Мбемо (Нкуду, 81).
Сербия – Милинкович-Савич, Велькович (Бабич, 78), Миленкович, Павлович (Митрович, 56), Костич, Милинкович-Савич (Груйич, 79), Максимович, Лукич, Живкович (Радонич, 78), Тадич, Митрович.
Огоҳлантиришлар: Нкулу (24), Бассогог (30), Йович (45).
Бразилияга қарши серблар юқори жисмоний тайёргарлик ва иштиёқ, шунингдек уюшқоқ футбол намойиш этишди. Фақат болқон жамоаси қандай ҳужум уюштириши тушунарсиз эди. Камерун бразилларга қараганда бошқа даражадаги рақиб ва бу сафар Драган Стойковичдан анча дадиллик кутиш мумкин эди. У танлаган бошланғич таркиб бу сафар ҳужумкор ўйин бўлишидан дарак берди. Майдондаги футболчилар ҳам илк дақиқаларданоқ шунга ишора қилишди — масалан, Александр Митрович ажойиб финт билан Нкулуни йўлдан олди ва айланма зарбаси билан дарвоза устунини нишонга олди.
Сербияликлар тўпурари анча ўткир бурчакдан ҳужум қилгани боис, бу вазият учун «Бўйсунмас шерлар» дарвозабони Эпассига саволлар туғилиши табиий. Бу саволлар камерунликлар делегацияси раҳбариятига ҳам тааллуқли, чунки мамлакатнинг энг яхши дарвозабони Онана заявкадан тушиб қолди. Бунда дарвозабоннинг «интизомсизлиги» сабаб қилиб кўрсатилди. Жамоа кийим алмаштириш хонасида нималар бўлгани аён эмас, аммо жаҳон футболининг энг нуфузли инсайдерларидан бири Фабрицио Романо ўз версиясини тақдим этди.
Унинг маълумотига кўра, Онана бош мураббий Ригобер Сонг билан зиддиятга борган. Мураббийга дарвозабоннинг ўйин услуби ёқмаган, «Интер» посбони эса бунга рози бўлмаган ва ҳеч нарсани ўзгартирмоқчи эмаслигини билдирган. Биринчи турда Онана жарима майдони ташқарисида тўпга 26 бор тегиниб, жаҳон чемпионатлари рекордини ўрнатганди. Агар можаронинг асл сабаби шу бўлса, дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири Гвардиола Сонгнинг қарашларига қўшилмаслиги аниқ — у оёқ билан ўйнашни ҳам дарвозабоннинг муҳим сифатларидан бири деб ҳисоблайди.
Қайд этиш керакки, Онана «Аякс»да ҳам, «Интер»да ҳам, терма жамоада ҳам доим яхши ҳаракат қилган ва у ўз амплуасидаги кучли футболчилар қаторида саналади, унинг ўрнини эгаллаган дарвозабоннинг кўрсаткичлари эса камтаргина. У бир неча йил қуйи дивизионларда юрган, лига 1 чемпионатида бирорта ўйинда майдонга тушмаган, Грециянинг аутсайдер жамоаларида ўйнаган, ҳозир эса — Саудия Арабистони чемпионатида ўртамиёна жамоа дарвозасини қўриқламоқда. Сербия билан ўйин Эпасси учун терма жамоадаги олтинчиси бўлди — ва юмшоқ қилиб айтганда, у керакли вазиятларда қутқара олмади. Бу Павловичнинг голига тааллуқли эмас, у Тадич жарима зарбасидан узатган тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Сергей Милинкович-Савичнинг голи эса — дарвозабоннинг яққол хатоси.
Серблар биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда икки гол уриб, ўйинни ўзгартириб юборишди. Бунгача Сонгнинг режаси иш бераётганди. Шупо-Мотинг ва Мбеумо тезкор қарши ҳужумларда рақибни қийнаб қўйишди, бурчак зарбаси ижро этилганида эса олис устун олдида бўш қолдирилган Кастелетто ҳисобни очди.
Иккинчи бўлим бошида серблар африкаликлар мудофаасини осонлик билан доғда қолдириб, Митровични амалда бўш дарвоза қаршисига чиқаришганида эса Камерун учун барчаси тугагандек кўринди. Аммо серблар ёки жуда эрта хотиржамликка берилди, ёки Павловичнинг жароҳат олиши жамоа мудофаасини заифлаштириб юборди. Катта эҳтимол билан, икки ҳолат бир-бирини тўлдирди. Қолаверса, болқонликлар Сонг томонидан ўйинга киритилган тузатишларга реакция қилмади.
Мураббий яримҳимоячилардан бирини ўйиндан олиб, захирадан Абубакар қиёфасидаги қуролни ишга солди, у эса барчасини ўзгартирди. Йўлига қўйилган офсайд қопқонини ажойиб тарзда айланиб ўтган тажрибали форвард аввалига ҳимоячини масхара қилган ҳолда ерга ётқизиб, тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади, кейин эса Шупо-Мотингни қулай вазиятга чиқарди. Сербиянинг биринчи бўлим охиридаги 148 сония ичида урилган икки голига Камерун 151 сония ичидаги икки аниқ зарбаси билан жавоб қайтарди. Бу жаҳон чемпионатида бундай сюжет ҳали кузатилмаганди.
Камерун энди сўнгги турда Бразилияга қарши жанг олиб боради. Ва бу ўйинда ҳам Онана иштирок этмайди. Сербияга қарши ўйин арафасида мамлакат футбол федерацияси раҳбари Самюэль Это'О томонларни яраштиришга уринган, аммо дарвозабон терма жамоа қароргоҳини тарк этишга қарор қилган.
Неймарсиз Бразилияни «Реал»нинг ғалаба рецепти қутқарди. Каземиро жамоани плей-оффга олиб чиқди
ЖЧ-2022. G гуруҳи. 2-тур
Бразилия – Швейцария 1:0
Гол: 1:0 – 83 Каземиро.
Бразилия – Алиссон, Милитао, Тиаго Силва, Маркиньос, Алекс Сандро (Теллес, 86), Каземиро, Фред (Бруно Гимараэс, 58), Лукас Пакета (Родриго, 46), Ришарлисон (Габриэл Жезус, 73), Рафинья (Антони, 73), Винисиус Жуниор.
Швейцария – Зоммер, Видмер (Фрай, 86), Эльведи, Аканджи, Родригес, Жака, Фройлер, Соу (Эбишер, 76), Варгас (Фернандеш, 59), Ридер (Штеффен, 59), Эмболо (Сеферович, 76).
Огоҳлантиришлар: Ридер (50), Фред (52).
Неймарнинг оёғи ва қиёфадоши
Сўнгги кунларда Бразилия терма жамоаси лагеридан олинган янгиликлар тиббий ҳисоботларни ёдга солади, сербларга қарши ўйинда жароҳат олиб, гуруҳ босқичи охирига қадар сафдан чиққан Неймарнинг ҳолати барчанинг диққат марказида турибди. Аввалига билдирилган оптимистик қарашлар ушбу юлдузли футболчининг тўпиғи шишиб кетгани акс этган суратлар тарқалгач, йўққа чиқди. Аммо «ПСЖ» форварди шиш шифокорлар айтганидан эртароқ қайтаётганини айтиб, янгиликларнинг янги тўлқинини бошлаб берди.
Бу эса махсус оёқ кийим туфайли. Бу ўринда ҳатто НАСАнинг мўъжизавий технологиялари ҳақида эслаб ўтилди. Бу қурилма қандай кўринишда эканини Неймар ижтимоий тармоққа меҳмонхонада жамоани қандай қўллаётгани акс этган суратни жойлаш билан кўрсатиб берди. Форвард тезроқ тикланиши учун талаб этиладиган қоидалар туфайли биринчи ўйинда жароҳат олган жамоадоши Данилудан фарқли ўлароқ стадионга кела олмади. Айрим мухлислар бундан бехабар ҳолда трибунада Неймарнинг қиёфадоши билан селфи тушишди.
Ўйиндан олдин Антони, Алиссон ва Лукас Пакета вирусга чалингани маълум бўлди. Аммо, бошқа жамоаларда бўлгани каби, барчаси тезда якунланди ва Тите ўзи хоҳлаган бошланғич таркибни туширди. Майдон марказида Фред ва ўнг қанотҳ имоясида Эдер Милитау туширилди - у «Порту»да эканида вақти-вақти билан шу амплуада ҳам ҳаракат қилган.
Бўлим давомида ягона вазият
Бу ўйин ҳам бошиданоқ Сербияга қарши ўйинни эслатиб юборди. «Селесау» яна қизил либосли рақибга қарши ҳаракат қилди ва бу рақиб ҳам жанубий америкаликларга ўз футболини кўрсатишга имкон бермасликка урғу қаратди. Шу билан бирга, Мурат Яқин бошланғич таркибда 20 ёшли Ридерни туширишдан чўчимади. «Янг Бойз» яримҳимоячиси терма жамоадаги дебютида Видмерга Винисиус Жуниорнинг ҳаракатланиш зоналарини ёпишда ёрдам бериши керак эди. Танаффусга кам вақт қолганида айнан Ридер Швейцарияга бурчак зарбасини бартараф этишда ёрдам берди.
Дастлабки 45 дақиқаликда воқеалар деярли бўлмади. Энг ёрқин лаҳза — Рафиньянинг диагонал узатмасидан кейин рақиб илк марта Винисиусни қўриқлай олмади. Аммо бразилиялик вингер ўзини қулай вазиятларни йўққа чиқариш бўйича чемпион деб аташган даврлардаги каби зарба берди ва бу зарба Зоммерга ортиқча қийинчилик туғдирмади.
Сербияга қарши ўйин қаҳрамони бўлган Ришарлисонни эса Элведи муваффақият билан қўриқлади.
Мадрид боғлами
Биринчи бўлим Титега ҳам ёқмади ва ўйин картинасидан чиқиб қолган Пакета Родригога алмаштирилди. Бу ўзгаришдан кейин ҳужум чизиғи фаоллашди. Аммо Ришарлисон иккита қулай вазиятни кўкка совурди. Аввалига Винисиуснинг «шведка» услубидаги пасидан кейин тўпни дарвозага тўғри йўналтира олмади. Кейин офсайддан кириб келиб тўпга интилиши — Каземиро ва Винисиус томонидан ташкил этилган гол бекор қилинишига сабаб бўлди.
Аммо клублар даражасида топ-жамоаларга ёрдам бераётган беш футболчи алмаштирилиши терма жамоаларда ҳам иш бермоқда. Пентакампеонлар мураббийи кучли босимни давом эттириш учун Бруну Гимарайнш, Габриэл Жезус ва Антонини майдонга ташлади. Бунинг эвазига ўйиннинг юқори суръати сақланиб қолди.
Сербия бир соат бардош берганди. Швейцария — 80 дақиқа туриб берди. Ўйин охирида Винисиус, Родриго ва Каземиру «Реал»даги шонли даврларини ёдга олишди ва шу ёзда «МЮ»га ўтган таянч яримҳимоячиси зарба берди — тўп «Ман Сити» ҳимоячиси Аканжининг орқасини силаб ўтиб — олис устун олдидан тўрга кириб кетди.
Бразилия плей-оффда, унгача Неймар сафга қайтиши мумкин.
Бруну Фернандеш ва Роналдунинг саъй-ҳаракатлари португалларни 1/8 финалга олиб чиқди
ЖЧ-2022. 2-тур. Н гуруҳи
Португалия — Уругвай 2:0
Голлар: Фернандеш (54, 90+3 пенальти).
Португалия – Кошта, Канселу, Пепе, Диаш, Мендеш (Геррейру, 42), Силва, Карвалью (Пальинья, 83), Фернандеш, Невеш (Леау, 69), Роналду (Рамуш, 82), Фелиш (Нунеш, 82).
Уругвай – Рочет, Варела, Годин (Пельистри, 62), Коатес, Хименес, Оливера (Винья, 86), Весино (де Арраскаэта, 62), Бентанкур, Вальверде, Кавани (Суарес, 73), Нуньес (Макси Гомес, 72).
Огоҳлантиришлар: Бентанкур (6), Невеш (38), Оливера (44), Фелиш (77), Диаш (89).
Майдон марказига урғу қаратилиши
Айнан Уругвай тўрт йил муқаддам Португалияни жаҳон чемпионатидан чиқариб юборган ва Криштиану Роналдуни футболдаги асосий соврин ютиш учун навбатдаги имкониятдан маҳрум қилганди. Ўшанда Сочидаги ўйин масаласини Каванининг дубли ҳал этган, бунга португаллар Пепенинг бир голи билан жавоб қайтара олганди. Ўшанда ҳам бу икки футболчи фахрий футболчилар қаторига кирарди ва тўрт йил ўтиб ҳам бу икки футболчи бошланғич таркибда тушишди.
39 ёшли Пепе Ганага қарши гуруҳнинг илк ўйинини ўтказиб юборганди, аммо жамоага ёрдамга келди. Биринчи учрашувдан кейин Данилу Перейрада жисмоний оғриқ юзага келган, шу туфайли Фернанду Сантуш тажрибали Пепени ўйнатишга қарор қилди. Бундан ташқари, португаллар чап қанотда жойлашув бўйича айрим ўзгаришларга қўл урди ва схема 4-3-3 дан ромб шаклидаги 4-1-2-1-2 схемасига ўзгарди.
Бу ғоя майдон марказида доминантлик қилишга қаратилганди. Аммо Уругвай ҳам Корея билан нурсиз ўйиндан кейин футболчиларнинг жойлашувини ўзгартириб, 3-5-2 схемасига ўтган, яъни улар ҳам майдон марказини назорат қилишга эътибор қаратганди. Ўтган сафар фақат захирадан ўйинга қўшилган 35 ёшли Кавани бошланғич таркибдан жой олди. Нуньес у билан ҳужум жуфтлигини ташкил этди, Суарес эса захирада қолдирилди.
Португалларнинг фойдасиз тўпга эгалик қилиши
Уругвайликлар яна бир сюрприз тақдим этишди: асосий таркибда чопағон Варела пайдо бўлди. Бош мураббий Диего Алонсо унга ўнг қанотни тўлиқ топширди, аммо у иккинчи латерал Оливера каби ҳужумларда фаол бўлмади.
Чунки Португалия ҳисоб 0:0 ҳолатида ўйин вақтининг 70 фоизида тўпга эгалик қилди ва биринчи бўлим давомида рақибга фақат бир марта хавфли вазият яратишга йўл қўйди. Тан олиш керак, бу вазиятда турнирнинг энг чиройли голи урилиши мумкин эди — Бентанкур Месси ёки Марадона услубида ҳимоячиларни ортда қолдирди, аммо унинг зарбасини Диогу Кошта ўзига қабул қилди.
Қолган вақт давомида Уругвай фақат ҳимояланди ва қарши ҳужумлар уюштиришга уринди. Аммо Португалия ҳам кучли таассурот қолдира олмади. Жамоа узоқ вақт давомида тўпга эгалик қилди, аммо кўпинча олдинга ҳаракатларсиз. Трансляция режиссёрлари имкон туғилиши билан Криштиану Роналдуни катта кадрда намойиш этишга уринган бўлса-да, танаффусга қадар у алоҳида ҳаракати билан ажралиб турмади. У фақат бир марта жарима зарбаси ижро этиши билан кўзга ташланди, аммо тўп жонли деворга тегди.
Криштианунинг сеҳрли соч турмаги
Танаффусдан кейин ҳам кўп нарса ўзгаргани йўқ. Уругвай ўз жарима майдони атрофида ҳимояланишда давом этди, португаллар қанотлар орқали Рочет дарвозасига яқинлашишга ҳаракат қилишди. Ва 54-дақиқада улар йўл топишди: Бруну Фернандеш жарима майдонига тўп узатди, Криштиану Роналду барчадан юқори сакради. Варела дарвозага яқинроқ жойлашганди ва шу туфайли офсайд қайд этилмади.
Аввалига терма жамоалар даражасидаги энг яхши тўпурар навбатдаги голини ургандек туюлганди. Аммо маълум вақтдан кейин ФИФА голни Фернандеш ҳисобига ёзди. Бу вазиятда Роналду ўз сакраши билан шунчаки дарвозабонни чалғитган бўлиб чиқди.
Уругвай ўтказиб юборилган голга дарҳол реакция қилди — футболчилар алмаштирилди, 4-4-2 схемасига ўтилди ва футболчилар фаолроқ ҳаракатлана бошлади. Жанубий америкаликлар эртароқ фаоллашишига нима халақит қилгани тушунарсиз, аммо вазиятлар юзага кела бошлади: Пеллистри, Суарес, де Арраскаэта каби футболчиларда гол уриш имконияти бўлди, аммо ёки дарвозаси тўсини ва устунлари ёки Кошта португалларни қутқарди.
Европаликларнинг кўп ҳолларда омади келди, лекин бу оқшом ғалабага улар ҳақлироқ эди. Ва улар алалоқибат бунга эришди. Иккинчи гол бироз баҳсли бўлган пенальтидан урилди — Хименес қўл билан ўйнади, лекин у бу вақтда йиқилиб, газонга қўли билан таянганда тўп унинг қўлига тегди, Фернандеш эса видеотакрордан кейин белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро этди (Роналду бу вақтга келиб алмаштирилганди). Финал ҳуштаги янграшига бир дақиқа қолганида Бруну ҳет-трик расмийлаштириши мумкин эди, аммо унинг зарбаси дарвоза устунига тегди.
Португалия ўтган сафарги жаҳон чемпионатидаги мағлубият учун Уругвайдан қасос олди. Энди жанубий америкаликлар сўнгги ўринга тушиб қолди, португаллар эса кейинги босқич масаласини ҳал қилди.
ЖЧ-2022 турниридаги энг яхши кун. Гана ва Корея беш гол урилган триллер намойиш этиб берди
ЖЧ-2022. H гуруҳи. 2-тур
Жанубий Корея – Гана 2:3
Голлар: 0:1 – 24 Салису, 0:2 – 34 Қуддус, 1:2 – 58 Жо Гу Сон, 2:2 – 61 Жо Гу Сон, 2:3 – 68 Қуддус.
Жанубий Корея – Ким Син Гу, Ким Мун Ҳванг, Ким Ен Гвонг, Ким Мин Жэ, Ким Жин Су, Жон У Ен (Ҳванг Ий Жо, 79), Квонг Чҳанг Ҳун (Ли Кан Ин, 57), Ҳванг Ин Бом, Жон Ву Ен (На Сан Ҳо, 46), Сон Ҳёнг Мин, Жо Гу Сон.
Гана – Ати-Зижи, Лэмпти (Одои, 78), Амарти, Салису, Менса (Баба, 88), Парти, Қуддус (Жику, 83), Абдул-Самед, Айю (Кьере, 78), Айю (Сулаймони, 78), Уильямс.
Огоҳлантиришлар: Амарти (21), Жон У Ен (27), Лэмпти (73), Ким Ен Гвонг (77).
Африкаликлар ёдда қоларли ғалабага эришди.
ЖЧ-2022 финал турнири учун қуръа ташлаш маросимидан кейин барча 12 йил олдинги тарихни ёдга олди: ЖАРдаги мундиал, чоракфиналда Гана — Уругвай ўйини, қўшимча вақтларнинг сўнгги дақиқасида Луис Суарес бўш дарвозага кириб бораётган тўпни қўли билан тўсади, ҳужумчи қизил карточка олиб майдонни тарк этади, белгиланган пенальтини эса Асамоа Гьян аниқ ижро эта олмайди... Энди африкаликлар қасос олиш имкониятига эга бўлишди, аммо бу максимал даражада тўлақонли чиқиши учун (идеалда — гуруҳдан чиқиш ва уругвайликларни қолдириб кетиш) аввал Корея билан ўйинда очко олиш талаб этиларди.
Португалия билан ўйинда «Қора юлдузлар» ўйиннинг катта қисмида сабр билан ҳимояланишди ва фақат гол ўтказиб юборилганидан кейин фаоллашишди, лекин жавоб голини уришга ўз кучларига ҳаддан ортиқ юқори баҳо беришди ва кетма-кет голлар ўтказиб юборишди. Кореяга қарши ўйинда африкаликлар бош мураббийи Отто Аддо яна ўша стратегияни танлади. Бу мантиқий эди, чунки топ-жамоалар сирасига кирмайдиган жамоа учун тезда бошқа режимни ёқиш қийинчилик туғдиради. Япония ёки Саудия Арабистони бунга яққол мисол. Лекин бир линияни ушлаган ва ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилган жамоалар ўзига керакли натижага эришди: Полша ва Коста-Рика буни тасдиқлайди.
Корея Уругвайга қарши ўйинда жуда қуруқ ва ўзини тийган ҳолда ўйин кўрсатганди, аммо Ганага қарши фаолроқ ўйнашга қарор қилди. Дастлабки 20 дақиқаликда осиёликлар 7 бор (!) бурчак зарбаси ижро этишди, аммо бу уринишларнинг барчаси ўртача даражада ижро этилди — устун яқинига ўртача юқориликдаги узатмалар амалда иш бермади. Африкаликлар эса рақиб дарвозаси томон белгиланган биринчи стандарт вазиятдан максимум натижа чиқаришди — жарима майдонида кореялик ҳимоячилар тўп Андре Айюнинг қўлига текканини даъво қилишни бошлаб юборганида, Муҳаммад Салису илдамлик қилиб, тўпни дарвозага жойлади. Бу Гананинг ўйиндаги илк зарбаси эди. Видеотакрордан кейин ҳакам голни инобатга олди.
Иккинчи зарба ҳам голга айланди: Муҳаммад Қуддус Жордан Айюнинг узатмасига бир тегиниш орқали ҳисобдаги фарқни оширди. Ганаликлар вазиятлардан фойдаланиш бўйича ажойиб кўрсаткич қайд этмоқда, Португалияга қарши ўйинда африкаликлар дарвоза соҳасига борган учта аниқ зарбадан икки гол уришганди (жами уринишлар тўққизта бўлган). Энди эса ганаликлар икки ўйинда дарвоза соҳасига аниқ йўллаган беш зарбадан тўрттаси гол бўлмоқда. Шу билан бирга, бу тўрт гол тўрт хил футболчи томонидан урилди.
Бу бир томондан ажабланарли ҳолат, чунки ЖЧ-2022 стартидан аввал айнан ҳужум чизиғи Гананинг заиф томони сифатида кўрилганди. Мундиалгача ўтказилган сўнгги 12 ўйинда «Қора юлдузлар» фақат икки ғалабага эришган, бу икки ғалаба ҳам — ФИФАнинг топ-100 рейтингига кирмайдиган жамоаларга қарши ўйинларда қўлга киритилганди. Аммо Қатарда улар максимал даражада самарали ҳаракатланишмоқда.
Аддо ҳатто Қуддусни жамоавий ўйинга қўшишга муваффақ бўлди, бунгача «Аякс»нинг ушбу футболчиси ҳаддан ташқари индивидуализм учун қораланганди. «Мен бош мураббий айтганидек ўйнайман, агар менинг услубим унинг учун муаммо бўлмаса, барчаси жойида», — деди 20 ёшли футболчи ҳужум марказида ҳам, қанотларда ҳам ва ҳатто марказий яримҳимоячи жойида ҳам ўйнашга тайёрлигини билдириб.
Иккинчи бўлим бошида кореяликлар иккита жавоб голи уриб, ҳақиқий триллер намойиш этган бўлишса-да, якунда дубл қайд этган Қуддус ўйин қаҳрамонига айланди. Осиёликлар бу чемпионатда дастлабки уч бўлимда нурсиз ўйин кўрсатишди, тўртинчисида эса характер кўрсатиб, мухлислар учун ҳаяжонли 45 дақиқа (аниқроғи англиялик рефери Энтони Тэйлов ўйинга қўшиб берилган дақиқалар ҳисобга олинса 56 дақиқа) ўтказиб беришди. Тэйлор кореяликларга бурчак зарбаси ижро этишга қўймай, ўйинни якунлаб юборганида эса Бентунинг асаблари дош бермади. У англиялик ҳакам олдига чопиб келиб, бақира бошлади ва қизил карточка олди.
Ганада энди Уругвай билан «қасос ўйини» бўлиши аниқ, Корея эса мағлубиятга учраганига қарамай, сўнгги тур олдидан гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолмоқда. Ҳозирча эса 28 ноябр бу жаҳон чемпионатининг энг ёрқин ўйинига айланди.
Мавзуга оид
11:06 / 14.12.2024
Ҳусанов трансфер баҳоси бўйича Роналду билан тенглашди
13:29 / 16.10.2024
Мессида ҳет-трик ва икки узатма, Бразилия ўйнай бошлади. Конмеболда ЖЧ саралаши
20:39 / 12.10.2024
Португалия парламенти сиёсий бошпана олувчилар учун гуманитар виза беришни маъқуллади
15:30 / 12.10.2024