Жамият | 09:20 / 05.12.2022
21131
2 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда кекса ногирон аёлни номусига тегиб, ўлимига сабаб бўлган “маняк”ка ҳукм ўқилди

2022 йилнинг март ойида Паст Дарғом туманида яшовчи Д.К. исмли шахс ожиз аҳволдаги кекса аёлга зўрлик ишлатиб, унинг номусига тегади. Зўравонликка учраган аёл эса кўп ўтмай шифохонада вафот этади.

Фото: Kun.uz

Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судида мазкур жиноятни содир этган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди.

Маълум бўлишича, Д.К. 2022 йилнинг 9 март куни Бўстон маҳалласида яшовчи З.Н.нинг яшаш уйига кириб, унга нисбатан зўрлик ишлатади. Аёлни қўрқитиб, уриб, ҳушсиз ҳолатга келтиради ва номусига тегмоқчи бўлади. Ўша вақтда аёлнинг қизи уйга келиб қолади ва Д.К. қочиб яширинади.

Жабрланувчи ўша воқеага қадар уч марта инсултни бошидан ўтказган ва шу боис яшаш уйидан чиқмасдан даволаниб келган. Мустақил ҳаракатлана олмаган, яқинларининг кўмагига доим эҳтиёж сезган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, аёлнинг юз ва тана аъзоларида турли даражада лат ейишлар, жароҳатлар бўлган. Д.К. етказган жароҳатлар енгил тан жароҳатлар гуруҳига кириши маълум қилинган. Бироқ аёлдаги эски касалликлар ўлимга сабаб бўлган.

Судда Д.К. ўз айбига қисман иқрор бўлган. У Жиноят кодексининг 25, 118-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилган ва беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Д.К. жиноятни содир этгач, дастлаб ИИБ идорасига олиб келинади ва негадир қўйиб юборилади. Шундан сўнг воқеа жойидан яшириниб, бир неча ой давомида ҳеч кимга тутқич бермайди. Август ойига келиб марҳуманинг қизи ички ишлар идораларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб, Kun.uz’га мурожаат қилди. Шу асосда сайтимизда мақола эълон қилинди.

Kun.uz суриштирувидан сўнг вилоят ИИБ қочоқни қўлга олиш учун барча зарур чораларни кўриб, Жиззах вилояти Арнасой туманидаги яширинган жойида қўлга олганди.  

Мавзуга оид