Ўзбекистон | 15:35 / 05.12.2022
24263
3 дақиқада ўқилади

ҚВП тортиб олиниб, ўрнига контейнер берилган. Яна аҳоли сарсон

Андижон вилояти Бўстон туманидаги Нурафшон маҳалласи аҳолисидан қишлоқ врачлик пункти олиб қўйилгани сабаб аҳоли бир неча йиллардан бери қийналиб келяпти. Авваллари ҚВП сифатида фойдаланилган бино тадбиркорга нол қийматда бериб юборилган.

2019 йили Бўстон тумани ҳокимининг қарори билан нурафшонликлар фойдаланиб келган ҚВП биноси давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган боғча учун бериб юборилади.

Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, тадбиркор фақатгина бинонинг том қисмини алмаштириб, эшик-деразалар ўрнатган холос, шу билан иш қолиб кетган. Ҳозирда бу жой қаровсиз ҳолатга келиб қолган.

“Кўп маротаба туман ҳокими, прокурори, вилоят ССБ бошлиғига мурожаат қилдик. Ҳаммасининг жавоби битта – туман ҳокими рухсат бермаяпти. Туман ҳокими эса: “Вагон қўйиб бердим шу етади”, деяпти. Вилоят ҳокими очилсин деганига қарамасдан, ҳамон мана шундай ташландиқ ҳолатда турибди”, – дейди мурожаатчи Ирода Абдуллаева.

Қишлоқ аҳолиси тиббий кўрик, эмлаш, биринчи ёрдам каби масалаларда қийинчиликларга дуч келяпти. Маҳалла аҳолисини 3 та бошқа ҚВПларга тақсимлаб юборишган.

Бир неча марта мурожаатлар қилингач, 4 ўринли вагондан ташкил этилган тиббиёт пункти ўрнатиб берилган. Аммо бу жой 3 мингдан ортиқ қишлоқ аҳолиси учун етарли эмас. Чироқ ўчганда эса совуқ бўлиб кетади. Беморлар кутиши учун ҳам шароитлар қилинмаган.

“Аёлим инсулт бўлган. Доим доктор назоратида бўлиши керак. ҚВП бор пайти шифокорлар хабар олиб турарди. Ҳозир 30 минг сўм сарфлаб марказга олиб бораман ёки бу ёққа олиб бораман. Аҳволимни кўриб турибсиз. Кечаси билан ухлолмайман. Ухласам 40 минут дам оламан холос”, – дейди Акрамжон Охунов.

Суриштирув учун борганимизни эшитган Бўстон тумани ҳокими Санобархон Носирова бу манзилга етиб келиб, аҳоли билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, ҳозирда ҚВПни аҳолига қайтариш учун керакли ҳужжатлар тайёрланиб, судга топширилган.

Собиқ ҳокимнинг қарори суд орқали бекор бўлгач, ҚВП қайта таъмирланади ва келгуси 2023 йилда фойдаланишга топширилади.

“Бино соғлиқни сақлаш балансида экан. Ҳозир ҳужжат тайёрладик. Маъмурий ва фуқаролик судига берамиз. Балансга қайтариб олиш бўйича шуғилланяпмиз. 2023 йилда ҚВП масаласини ҳал қиламиз”, – дея ваъда берди фуқароларга туман ҳокими.

Бир неча йиллардан буён нурафшонликларни қийнаб келган муаммо ўз ечимини топиши ва қишлоқ врачлик пункти тезроқ ўз эгаларига топширилишини кутиб қоламиз. Ҳокимнинг ваъдалари ваъдалигича қолиб кетмайди, деган умиддамиз.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Турғунов.

Мавзуга оид