Ўзбекистон | 21:05 / 07.12.2022
14610
2 дақиқада ўқилади

Президент фармони билан жазони ўтаётган 402 нафар шахс афв этилди

Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилингани арафаси 402 нафар шахсни афв этиш тўғрисида фармон имзолади. Уларнинг 17 нафари чет эл фуқаролари, 63 нафари аёл, 26 нафари 60 ёшдан ошган шахслардир. Афв этилганлар орасида 19 нафар тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ҳам бор.

Президент Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 402 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 128 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 201 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 58 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 17 нафарини чет эл фуқаролари, 63 нафарини аёл, 26 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ҳамда 19 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. 

Мавзуга оид