Жаҳон | 10:41 / 09.12.2022
36640
5 дақиқада ўқилади

«Қурол барони» Виктор Бутни америкалик баскетболчи Бриттни Грайнерга алмаштиришди

АҚШ ва Россия маҳбуслар алмашувини амалга оширди.

Фото: AP

Россияда гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланган америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер АҚШда қурол савдоси билан шуғулланганлик учун қамалган россиялик Виктор Бутга алмаштирилди.

Россия ТИВ маълумотига кўра, алмашув Абу-Даби аэропортида амалга оширилган.

Пайшанба куни кечқурун Бут Москвадаги Внуково аэропортига келган, бу ерда уни рафиқаси Алла ва онаси Раиса Бут кутиб олишган. Унинг Россияга қайтиши Россия телевидениеси жонли эфирида намойиш этишган.

Москвада Бут журналистларга алмашув ҳақида уни олдиндан огоҳлантиришмаганини айтган. «Ярим тунда шунчаки уйғотишди ва айтишди: «Нарсаларингни йиғиштир». Ҳеч қандай олдиндан маълумот берилмади», - дея унинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.

Виктор Бут Россияга учаётган самолётда. Фото: TASS

АҚШ президенти Жо Байден ҳам Грайнер уйга қайтаётганини айтди. «Бир неча дақиқа олдин мен Бриттни Грайнер билан гаплашдим. У хавфсизликда. У аллақачон самолётда уйга учмоқда», дея ёзган у твиттерида.

Байден шунингдек АҚШ Россияда судланган собиқ денгиз пиёдаси Пол Уиланни ватанга қайтаришга интилишда давом этиши ҳақида баёнот берди.

Бут ва Грайнерни алмаштиришга эришишда БАА президенти ҳамда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ҳам ёрдам берган, бу ҳақда икки монархия қўшма баёнотида айтилади.

Россиялик инсон ҳуқуқлари бўйича комиссар Татьяна Москалькованинг айтишича, Бут ҳам, Грайнер ҳам алмашув олдидан афв этилган ва энди улар жазо муддатининг қолган қисмини ватанида ўтамайди.

Бундай алмашув эҳтимоли ҳақида аввалроқ ОАВда хабарлар чиққанди. 18 ноябр куни буни Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Сергей Рябков ҳам тасдиқлаганди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен июл ойи охиридаёқ АҚШ Россия билан Грайнер ва Уиланнинг алмашувини муҳокама этишга тайёрлигини айтганди. Америка нашрлари эса манбаларига асосланиб, гап уларни Бутга алмаштириш ҳақида бораётганини ёзишганди. Россия ҳукумати Вашингтонни музокара жараёнини оммага очиқлагани учун айблаганди.

Икки карра олимпия чемпиони, Уралнинг УГМК клуби сафида ўйнаган Грайнер 2022 йил 17 февралида, Украина билан уруш бошланиши арафасида Москвадаги Шереметьево аэропортида қўлга олинганди. Ўшанда Нью-Йоркдан Москвага учиб борган Грайнернинг багажида қорадори мойи солинган электрон сигареталар (вейп) топилган. Аёл оғриқ қолдирувчи восита ўрнига шифокорлар рухсати билан тиббий марихуана ишлатганини айтган.

Грайнер гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланади. Судда у бу буюмларни билмасдан ўз ёнида олиб келгани ва Россия қонунларини бузиш ниятида бўлмаганини айтган. Москва области Химки район суди 4 август куни уни тўққиз йилга озодликдан маҳрум этади. Москва области суди жазони енгиллаштирмасликка қарор чиқаради. 19 ноябр куни спортчини жазони ўташ учун Мордовиядаги колонияга олиб боришгани маълум бўлди.

Советлар даври ҳарбий-ҳаво кучларининг собиқ офицери бўлган  Бут 2008 йилда АҚШ Гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бошқармаси (DЕА) ўтказган операция доирасида Таиландда қўлга олиниб, АҚШга экстрадиция қилинган. У дунёдаги энг машҳур қурол савдогарларидан бири бўлган, унинг тарихи асосида Ҳолливудда «Қурол барони» филми ишланган.

2012 йилда Бут америкаликлар ва АҚШ расмийларини ўлдириш мақсадида фитна тайёрлаш, зенит ракеталари етказиб бериш ва терроризмни молиялаштиришда айбланиб 25 йилга қамалади. Унинг ўзи эса қонуний халқаро транспорт бизнесига эгалик қилган тадбиркор эканини, хатолик билан Жанубий Америкадаги исёнчиларни қуроллантиришда айбланганини таъкидлайди.

АҚШ ва Россия ўртасидаги сўнгги маҳбуслар алмашинуви шу йилнинг апрелида бўлиб ўтганди. Ўшанда россиялик учувчи, АҚШда 20 йил муддатга қамалган Константин Ярошенко Россияда полициячилар билан муштлашув учун тўққиз йилга қамалган америкалик Тревор Ридга алмаштирилганди.

Мавзуга оид