Ўзбекистон | 14:14 / 09.12.2022
56320
6 дақиқада ўқилади

ИИБ икки журналистнинг ота-онасидан фарзандларининг интернетда ёзганлари бўйича изоҳ талаб қилди

Ички ишлар ходимлари Тошкентда яшайдиган икки журналистнинг ижтимоий тармоқдаги мулоҳазалари юзасидан уларнинг вилоятда яшайдиган оналарини сўроқ қилди. Воқеа шов-шув бўлгач, вазирлик масъул ходимларга танбеҳ берилганини билдирди.

Фото: Kun.uz

Журналист Инобат Аҳадова Facebook'даги постлари учун онаси 8 декабр куни Нарпай тумани ИИБга чақирилганини маълум қилди.

“Кеча бир ҳолат бўлди. Хонада ўтирсам, қишлоқдан телефон жиринглади. Олсам, ойимнинг хавотирли овози. Тинчмисан, аҳволинг яхшими, ишинг тинчми деб сўраб кетди. Яхши ҳаммаси, нима гап десам, ота-онамни туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (паспорт стол)га чақиришгани айтди. Саломатлиги сабаб дадам бора олмаган, онам бориб келибди.

Қисқаси, ойимнинг айтишича, ИИБ ходими (ўзини таништирмабди, онам ҳам шошганидан сўраш эсдан чиққан) ойим билан фейсбукдаги постларим бўйича гаплашибди. Нега бундай ёзди, бу постида нега бунақа деган, нимага унақа каби саволлар. Ота-онам – ёши катта инсонлар, ижтимоий тармоқларни кузатмайди. Табиийки, ойим айнан қайси постимни назарда тутишганини унчалик тушунмаган. Фақат сал-пал эслагани анча вақт аввалги постлар, соқол, диний мавзудаги фикрлар бўлган (қизиғи, бу мавзулар ҳақида умуман ёзмайман ҳам). Суҳбат сўнггида телефон рақамимни олишган, хавотирга ҳожат йўқлиги ҳам айтилган”, деб ёзади у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Журналист ёзган постлари учун нега ўзи эмас, балки ота-онаси ИИБга суҳбатга чақирилгани, бундан қандай мақсад кўзланганини савол остига олган.

“Бу иш орқали ота-онам ва менга руҳий босим қилмоқчи бўлишдими? Телефон рақамимни олишган, лекин бир кун ўтса-да улардан ҳеч ким телефон қилмади, вазиятни изоҳламади.

Айтмоқчи бўлган гапим: мен ҳозир 27 ёшдаман, ўз ҳаракати, гапи учун ўзи жавоб бериши керак бўлган, муомала лаёқатига эга фуқароман. Ёши улуғ, мен учун саломатлиги ҳамма нарсадан қадрли бўлган ота-онамни бошқа овора қилманглар, бирор нарсани аниқлаштирмоқчи бўлсангиз, ўзимдан сўранг.

Фейсбукка келсак, у ерда мен шахсий фикрларимни конституцияда кафолатланган фикрлаш, сўз эркинлиги ҳуқуқимдан фойдаланиб ёзаман. Бировнинг эркинлиги, шаънига дахл қилмаган ҳолда, албатта”, дея таъкидлайди Инобат Аҳадова.

Шунга ўхшаш ҳолат бугун, 9 декабр куни Gazeta.uz мухбири Шоҳрух Ҳайдаров билан ҳам рўй берган.

“Эрталабдан уйдан қўнғироқ бўлди, бу гал бегона рақамдан фақат. Кўтарсам, ички ишларданман, уйингга келдим, қаердасан, қачон келасан, гаплашиб олишимиз керак, деди бир ноташиш эркак. Тинчликми, ким бу ўзи десам, ИИБ тезкор қидирув бўлимиданман, Facebook'да бир изоҳ қолдирибсан, шунга, дея жавоб қайтарди.

Ана бошланди буёғи. Бечора онам бу нарсаларни у қадар тушунмайди, қон босими кўтарилиб кетибди. Отам хавфсираб алоҳида телефон қилдилар такрор. Хуллас, кап-катта йигит кишининг уйдагиларини тинчини бузишди, саломатлигини хавфга қўйишди!

Кулгилиси, ИИО ходими бўла туриб, қаерда ўқишимни билмас экан, ваҳоланки профилимда ҳам ёзиб қўйганман катта қилиб. Тошкентда яшайди, шу ерга чақир ишинг бўлса... Умуман, қаерда ёзилган изоҳ учун алоҳида чақиртириш борлиги?!” деб ёзади журналист тармоқдаги саҳифасида.

Ҳайдаровга кўра, ИИБ ходими айнан қайси изоҳ ҳақида гап кетаётганини айтмаган, фақат кимнинг постига ёзилган изоҳ эканини очиқлаган. Журналист айнан қайси изоҳ ҳақида сўз бораётганини эслаганини ёзади, бироқ буни очиқламайди.

“Дўстларим, яқинларим сиёсатга, бировнинг ҳаётига хавф соладиган, изоҳ ёзмаслигим, тасдиқланмаган маълумот тарқатмаслигимни яхши билишади”, деб ёзган у.

Бу икки ҳолат фаолларнинг эътиборини ўзи қаратмасдан қолмади. Жамоатчилик журналистларнинг ота-онаси фарзандларининг ижтимоий тармоқдаги фикри учун таъқибга учраганини қоралади.

“Бу нима – англашилмовчиликми, ўзбошимчаликми, атай қилинган ишми, вояга етган инсоннинг сўзлари учун онасидан сўроқ сўраш қайси мантиқ ва қонунга кўра амалга оширилган – шу каби саволларга жавоб керак”, деб ёзган блогер Шаҳноза Соатова.

“Тошкентдаги журналист-блогерларга Конституция куни муносабати билан совға (йўқ, гап “Конституциянинг 30 йиллиги” кўкрак нишони ҳақида эмас): уларнинг Фейсбукдаги ёзган постлари/комментлари сабаб уларнинг вилоятларда яшайдиган ота-оналари ИИБга чақирилган ёки ИИО ходимлари келиб, уларнинг ота-оналарини сўроқ қилган. Юртим, адо бўлмас жинниликларинг бор...” деб ёзади журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов юқоридаги иккита ҳолат бир-бирига боғлиқ эмаслиги, ҳудудий ИИБ раҳбарларининг “шахсий ташаббуси” бўлганини айтмоқда.

“Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳамда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ИИБ раҳбариятининг шахсий ташаббуслари билан жамоатчилик фаоллари томонидан жамиятдаги турли ҳодисаларга ҳамда вақтинчалик қийинчиликларга холис ёндашишлари сўраб, И.Аҳатова ва Ш.Ҳайдаровнинг яқинлари билан суҳбат уюштирилган”, дейилади Ғиёсовнинг Telegram-каналида эълон қилинган баёнотда.

Вазирнинг матбуот котиби ижтимоий тармоқлардаги фикри учун журналистларнинг яқинларини суҳбатга чақирган ходимларга танбеҳ берилганини билдирди.

“Ҳурматли журналистлар ва жамоатчилик фаоллари, юқоридаги ҳолат ўрганилди ва масъулларга танбеҳ берилди, келажакда ички ишлар органлари ходимларининг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолиятингиз бўйича сўровлар ёки таклифлар келиб тушганда ички ишлар органларининг ахборот хизматларига боғланишингизни сўраймиз”, деб ёзган Шоҳрух Ғиёсов.

Қўшимча қилиш лозим, 6 декабр куни самарқандлик блогер Фаррух Самарқандий ҳам Facebook'даги постларига ёзган изоҳлари учун икки киши ҳеч қандай чақирув қоғозисиз ИИБга чақирилиб, улар билан суҳбат ўтказилгани ҳақида ёзганди.

“Мақсад шу ўзи. Қўрқитиш”, дея ИИБ ходимларининг бу ҳаракатларини изоҳлаганди блогер.

Мавзуга оид