Ўзбекистон | 17:19 / 10.12.2022
12609
3 дақиқада ўқилади

Фермернинг ноқонуний олиб қўйилган трактори қайтариб берилди

Қарийб 1 млрд сўмга кредитга олинган ҳамда МИБ томонидан 35 млн сўмлик қарздорлик учун ноқонуний равишда хатланган қашқадарёлик фермернинг трактори Kun.uz суриштирувидан сўнг эгасига қайтарилди.

2022 йил 17 ноябрь куни Kun.uz сайтида Қашқадарёда фермерларнинг оқараётган косасига чанг солинаётгани билан боғлиқ суриштирув эълон қилинганди. Бизнес омбудсман ахборот хизмати ушбу суриштирув ўрганилиб, МИБнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилганини маълум қилди. 

Мақолада “Samandar Nur” фермер хўжалигига қарашли қарийб 1 млрд сўмлик техника олиб кетилгани, техника банк кредит маблағига олингани, ҳали тўлалигича фермернинг ихтиёрига ўтмагани таъкидланганди.

Бизнес омбудсманга кўра, МИБ Нишон тумани бўлими томонидан қарздор ижро иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги қарорлар билан таништирилмаган. Фермернинг кредит мажбурияти учун гаровда турган Arion-630c русумли ҳайдов трактори хатланиб, тақиқ қўйилган ҳолда вақтинча сақлаш учун хусусий корхонага топширилган.

Ваҳоланки, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига кўра, давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун ижро иши юритиш қўзғатилган кундан эътиборан кўпи билан 15 кун муддат белгилайди ва қарздорни мазкур муддат тугаганидан кейин ижро ҳужжатидаги талаблар ундан ижро йиғими, давлат ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар, шунингдек ижро харажатлари ундирилган ҳолда мажбурий ижро этилиши тўғрисида хабардор қилади.

Бундан ташқари, 35 053 979 сўмлик қарздорлик учун ундирув номутаносиб миқдордаги мулкка, яъни 977 500 000 сўм кредит маблағига сотиб олинган тракторга қаратилган. Қолаверса, фермер хўжалигига тегишли трактор гаров шартномасига кўра тақиқ қўйилган бўлишига қарамасдан, МИБ томонидан хатланган.

Шунга кўра, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман) томонидан Мажбурий ижро бюроси директори Х.Кабиржановга қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилган. Тақдимномада аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш, ундирувни белгиланган талаблар асосида фермер хўжалигининг бошқа мол-мулкига қаратган ҳолда Arion-630c русумли ҳайдов тракторини тақиқдан чиқариш масаласини кўриб чиқиш сўралган. 

Шунингдек, А.Болтаев томонидан давлат ижрочиларининг ҳаракатларини ғайриқонуний деб топишга оид Қарши туманлараро маъмурий судига киритилган ариза юзасидан бўлган суд мажлисларида Вакил девони ходимлари иштирок этиб, фермер хўжалигининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.

Натижада, 2022 йилнинг 7 декабрь куни трактор хатловдан чиқарилиб, А.Болтаевга топширилган ва унинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 

Мавзуга оид