Ўзбекистон | 07:58 / 16.12.2022
6461
2 дақиқада ўқилади

Гувоҳлар, жабрланувчилар ва экспертларга маблағ тўлаш тартиби эълон қилинди

“Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни тўлаш тартиби ва улар миқдорлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Адлия вазирлиги томонидан тегишли масъул органларга юборилган сўров хатлари бўйича олинган статистик маълумотлар 2020-2021 йиллар ҳамда 2022 йил I ярим йиллиги давомида таржимонлардан ташқари ишда кўмаклашувчи барча шахсларга харажатлар тўлаб берилмаётганини тасдиқлаган. 

Олинган маълумотларга асосан таржимонларга 2020 йилда 14 млн сўм, 2021 йилда 45,6 млн сўм (13,6 млн сўми бюджет маблағларидан) ҳамда 2022 йилнинг 1-ярми давомида 40,9 млн сўм (8 млн сўми бюджет маблағларидан) миқдорида тўловлар тўланган.

Лойиҳа билан манфаатдор томонлар ўртасида шартномалар тузилмаган ҳолларда эксперт ва мутахассисга бажарган иши учун соатига базавий ҳисоблаш миқдори 0, 20 коэффициенти миқдорида (60 минг сўм) ҳақ тўланиши белгиланмоқда. Транспорт ва турар жой учун ҳамда кунлик харажатлари қопланиши назарда тутилмоқда.

Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни тўлаш тартиби ва улар миқдорлари тўғрисида низом тасдиқланиши назарда тутилмоқда.

Низомда фуқаролик, иқтисодий, жиноят, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича чақирилган гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга доимий яшаш жойидан ташқаридаги иш ўтказиладиган жойга келиб кетиш, турар жой, транспорт ва кундалик харажатларни тўлаб бериш ҳолатлари, тартиби ва улар миқдорини белгилаш қоидалари белгиланган.

Ишда кўмаклашувчи шахсларга тўланиши лозим бўлган маблағлар иш бўйича харажатлар ва чиқимлар ундириб олинган ёки олинмаганидан қатъи назар тўланиши кўрсатилмоқда.

Доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчиларга ва улар қонуний вакилларига, гувоҳларга, холисларга одатдаги машғулотларидан қолдирилгани (чалғитганлик) учун тўлов миқдори аниқлаш ва тўлашга оид қоидалар ҳам акс эттирилмоқда.

Мавзуга оид