Спорт | 21:58 / 17.12.2022
27059
3 дақиқада ўқилади

Хорватия Марокашни мағлуб этиб, бронзага эга чиқди

Хорватия яна бир бор жаҳон чемпионатлари совриндори, Марокаш эса — тарихга кириб бўлган.

Фото: Павел Головкин / AP / Scanpix / LETA

Қатарда ўтаётган жаҳон чемпионатида 3-ўрин учун баҳс якунига етди.

«Халифа» стадионида ўтган учрашувда Хорватия ва Марокаш ўзаро тўқнаш келди. Учрашувнинг 7-дақиқасида Перишичнинг узатмасидан кейин Гвардиол бош билан Буну дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни очди – 1:0.

Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас марокашликлар ҳимоячиси Ашраф Дари бош билан Ливакович дарвозасини ишғол этиб, мувозанатни тиклади – 1:1.

Бўлим охирида яна хорватлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди – Мирослав Оршич хорватларнинг якунда ғалаба келтирувчи голи муаллифига айланди – 2:1.

Иккинчи бўлимда Марокашнинг ҳисобни тенглаштириш учун барча уринишлари зое кетди. 

Златко Далич шогирдлари мундиалнинг бронза медалига эга чиқишди.

Хорватия учун бу жаҳон чемпионатларида қаторасига иккинчи турнирда совриндор бўлиши. 2018 йилда Россия мезбонлигида кечган турнирда хорватлар финалга чиқиб, Францияга 2:4 ҳисобида мағлуб бўлишган ва кумуш медаллар билан тақдирланган. Улар 1998 йилда ўз тарихидаги илк иштирокида ҳам бронза медалларга сазовор бўлишганди. Бу сафар улар яримфиналда Аргентинага 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишди.

Марокаш мағлубиятга учраганига қарамай тарихий натижани қайд этиб бўлган. Улар Африканинг жаҳон чемпионати яримфиналига қадар етиб келган илк вакили бўлишганди. Аммо яримфиналда французларга 0:2 ҳисобида ютқазишди.

Жаҳон чемпионати 18 декабр куни якунланади. Месси бошчилигидаги Аргентина амалдаги чемпион Францияга қарши майдонга тушади.

ЖЧ-2022. 3-ўрин учун ўйин.
Хорватия – Марокаш 2:1
Голлар:
1:0 – 7 Гвардиол, 1:1 – 9 Дари, 2:1 – 42 Оршич.
Хорватия – Ливакович, Станишич, Шутало, Гвардиол, Перишич, Модрич, Ковачич, Маер (Пашалич, 66), Крамарич (Влашич, 61), Оршич, Ливая (Петкович, 66).
Марокаш – Буну, Ҳакими, Ал-Ямиқ (Амалла, 67), Ашраф Дари (Банун, 64), Аттийят-Алла, Амрабат, Собири (Шоир, 46), Ал-Ханнус (Унаи, 56), Зиёш, Буфаль (Зарури, 64), Ан-Носири.
Огоҳлантиришлар: Унаи (69), Амалла (84).

Мавзуга оид