Черчиллдан Гандигача. Тарихни яратган сиёсатчилар ёзган 9та машҳур китоб
Тарихни бевосита ўша воқеаларга нафақат гувоҳ, балки унда асосий қарорларни қабул қилган шахслардан тинглаш қизиқарли. Ўша даврда сиёсатчилар у ёки бу қарорига қандай изоҳ бериши, қандай кечинмалар билан яшаганини билишни истасангиз, қуйидаги 9та китоб билан танишиб чиқиш зарур.
Уинстон Черчилл, «Иккинчи Жаҳон уруши»
Уинстон Черчилл номи Буюк Британия тарихида икки марта бош вазир лавозимини эгаллаган ва II Жаҳон урушида қироллик номидан ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштирган сиёсатчи сифатида тарихда қолди. У лавозими даврида (1940-1945 ва 1951-1955) уч монарх қасамёдини кузатди, 1953 йилда эса Нобел мукофотига лойиқ кўрилди.
Автобиография услубида ёзилган, 6 томдан иборат «Иккинчи Жаҳон уруши» асарида Черчилл ҳар бир муҳим қарор ва урушнинг ҳолатига шарҳ бериб кетган. Китобда воқеалар I Жаҳон уруши якуни ва дунёни қайта бўлиб олишга бўлган ҳаракатлар билан бошланади. Черчилл китобида Германиянинг СССРга ҳужуми, иттифоқдошларнинг муносабати, АҚШнинг Японияга атом бомбасини ташлаши ва барча эътиборга молик масалаларга батафсил тўхталган.
Сергей Юльевич Витте, «Хотиралар»
Граф Сергей Витте – Россия империяси амалдори, молия вазирлигидан чиқиб, вазирлар маҳкамасини бошқарган сиёсатчи. У босиб ўтган йўл ва иқтисодий-сиёсий ислоҳотлари кўп эътирофга сазовор бўлган, Витте даврида империянинг иқтисодий салоҳияти анча юксалган. Унинг мемуари 1900-1910 йилларда ёзилган, аммо Виттенинг ўлимидан кейин жамоатчиликка ошкор бўлган.
«Хотиралар»да Сергей Юльевич дастлаб император Алексей III, кейинчалик иқтидорга келган Николай II шахсига ҳам тўхталиб ўтади. Китоб орқали XIX асрда яшаган Россия империяси ва унинг босқинчилик ҳаракати ҳақида биринчи манбадан маълумот олиш мумкин.
Маргарет Тетчер, «Давлат бошқаруви санъати»
Баронесса Маргарет Тетчер ёхуд «темир хоним» 10 йиллаб Буюк Британия саройида бош вазир лавозимида хизмат қилди. Қарорлардаги қатъийлик ва консерватизм учун уни омма «темир хоним», унинг издошларини «тетчеризм» тарафдорлари деб атай бошлади. Ушбу китобда баронесса давлат бошқарувида юзага келаётган масалаларга қандай муносабат қилишига тўхталиб ўтган. Шунингдек, у китобида ташқи сиёсат борасида кўп фикрлари билан ўртоқлашади.
Тетчер шахсига қизиқмаган шахслар ҳам, ушбу китобни ўқиб, ХХ асрда Яқин Шарқ, СССР ва Европа дуч келган қийин вазиятларни нозик нуқтадан кўриши мумкин.
Наполеон Бонапарт, «Муқаддас Елена маҳбусининг фикрлари»
Албатта, сиёсатчиларнинг автобиография асарлари орасида Бонапарт алоҳида ўрин тутиши бор гап. Корсикада туғилган бўлажак император Франция тарихида қанчалар муҳим рол ўйнашини замондошлари англамаган бўлиши мумкин, аммо тарихга қизиққан ўқувчи унинг беқиёс ўрнини яхши билади.
Маҳбуслик даври ўзининг содиғи Лас Каз билан битилган мемуар Наполеон ўлимидан икки йил ўтиб нашр этилади. Китоб орқали Бонапартнинг дунёсига сайр қилиш мумкин.
Томас Жефферсон, «Буюк Америка. Ҳокимиятнинг махфий қудрати»
АҚШнинг учинчи президенти, Мустақиллик декларациясини тузиш бўйича қўмита раҳбари Томас Жефферсонинг мазкур китобида АҚШ давлат сифатида қандай пайдо бўлганини чуқур ўрганиш мумкин.
Жефферсон тарихда нафақат сиёсатчи, дипломат ё файласуф, балки яхши ёзувчи, агроном ва архитектор сифатида ном қолдирган. Шундай экан, унинг китобини ўқиш ҳам мароқли, ҳам фойдали бўлади.
Дуайт Эйзенхауэр, «Европага юриш. АҚШ ва Россия бирга бўлган давр»
Иккинчи Жаҳон уруши ҳақида яна бир нодир асар, унинг муаллифи АҚШ президенти ва бевосита Совуқ уруш меъморларидан бири – Дуайт Эйзенхауэр. Уруш йиллари Европадаги АҚШ қўшинларини бошқарган генерал Эйзенхауэр СССР раҳбарлари билан бир неча марта жонли мулоқот қилган, ҳаттоки, советларнинг «Победа» ордени билан тақдирланган. Шунга қарамай, унинг даврида алоқалар ёмонлашган.
Дуайт Эйзенхаэр Иккинчи Жаҳон урушига қўшилмай турган АҚШнинг ҳарбий ҳаракатга қўшилиши, Нормандияга қўшин ташлаши ва уруш давомида америкаликларнинг қарашлари қанчалик ўзгаргани ҳақида батафсил ёзади.
Лев Троцкий, «Менинг ҳаётим»
СССРни эслаганда, биринчи навбатда, Троцкий ва унинг асари билан танишиб чиқиш соғлом фикрловчи барча тарихчиларга мажбурий саналади. Ушбу китоб 1991 йилгача СССРда тақиқланган адабиётлар рўйхатида турган. Автобиографияда эса махфий сир фош этилмаган, СССР оддий ҳаёти, аммо ишончли ифодалар билан тасвирланган.
Сталинни қаттиқ ёмон кўрган, алалоқибат ҳокимиятлар курашида унга ютқазган Лев Троцкий 1929 йилдаёқ СССРдан қувилган. Муҳожиротда ёзилган китобда Россия империяси қандай қилиб советлар давлатига айланиб қолгани ёзилган.
Махатма Ганди, «Менинг ҳаётим»
Ўзбек аудиториясига «Менинг ҳаётим» номи билан танилган Гандининг мемуар асарида Ҳиндистоннинг Буюк Британиядан ажралиб чиқиши, мустақил давлатчилик ҳақида сўз юритилади. У зўравонликсиз мустамлакага қарши тура олишни амалда исботлади, буни қандай юз берганини китобида ёзган.
Ли Куан Ю, «Учинчи дунёдан – биринчисига»
Ривожланган давлатни нолдан қуриш бўйича энг машҳур қўлланма, деса бўладиган автобиографик асар муаллифи барчасини мароқ билан ўқиш учун батафсил ёзган.
Сингапурнинг биринчи президенти Ли Куан Ю Британия мустамлакаси бўлган давлатни бой митти мамлакатга айлантириш учун қандай чоралар кўрганини билишни истасангиз, айнан шу китобни ўқинг.
“РБК Life”дан Алишер Рўзиохунов таржимаси
Мавзуга оид
14:39 / 06.12.2024
Ангела Меркелнинг китоби стартдаёқ бестселлерга айланди
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
11:53 / 06.10.2024
Ўқув маркази, китоб дўкони ва SMM: Икки йилда учта бизнес очган ёш тадбиркор ҳикояси
21:13 / 12.09.2024