Жаҳон | 20:09 / 19.12.2022
10368
2 дақиқада ўқилади

Россия Эрондан 250 дона Шоҳид-136 дронларини олди - Зеленский

Улардан Украина энергетика тизимига зарба беришда фойдаланилмоқда. 

Фото: Видеодан кадр

Россия Эрондан 250 та «Шоҳид-136» камикадзе дронларини олди, улар Украинага ҳужумлар пайтида «Геран-2» номи билан учирилмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Британиянинг Бирлашган қироллик экспедиция кучлари (JEF) етакчилари йиғилишида айтиб ўтди.

Президент 19 декабрга ўтар кечаси Украина яна «шоҳидлар» томонидан ҳужумга учраганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, булар янги партиядаги дронлар, Россия Эрондан жами 250 донани олган. Шунингдек, у Россия энергетика тизимига ҳужум қилиш учун ракеталар ва Эрон дронларидан фойдаланаётганини қўшимча қилди. Яқинда амалга оширилган зарбалар 20 миллиондан ортиқ украиналикка таъсир қилди, деди Зеленский.

«Миллиондан ортиқ аҳолига эга шаҳарлар ва Украинанинг аксарият вилоятлари электр энергиясиз қолди. Умуман олганда, 16 декабр оқшомида 22 миллион 408 минг украиналик электр таъминотидан узилди. 10 миллиондан ортиқ одам сув ва иссиқлик таъминотидан маҳрум бўлди. Ушбу террорнинг кўламини тасаввур қилинг. Ва буни тўхтатиш мумкинлигини тасаввур қилинг».

Президент сўзларига кўра, энди уруш қачон ва қандай якунланиши кўп жиҳатдан бошқа давлат раҳбарларига боғлиқ. У Украина осмонини ҳимоя қилиш ва Россияни «Украинани террор қилиш» имкониятидан маҳрум этиш учун мамлакатларни Киевни қурол-яроғ ва ҳаво ҳужумидан мудофаа билан таъминлашга чақирди.

Мавзуга оид