Спорт | 10:27 / 20.12.2022
29367
2 дақиқада ўқилади

Аргентина ғалабасининг баҳоси: ЖЧ-2022 да FIFA мукофот жамғармаси 1 млрд доллардан ошди

Қатарда бўлиб ўтган ЖЧ-2022да ғолиб чиққан Аргентина миллий жамоаси турнирлар тарихидаги рекорд миқдордаги 42 миллион доллар мукофотни ҳам қўлга киритди.

Фото: haberglobal.com.tr

Қайд этиб ўтиш жоиз, Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) жаҳон биринчилигида мукофот пулларини тўлашни 1982 йилга келибгина жорий қилган. Ўшанда мукофот жамғармаси 20 млн долларни ташкил этиб, унинг 2,2 млни ғолиб Италияга насиб этган.

100 млн долларлик жамғармага етишиш учун FIFAга яна 16 йил керак бўлган. 1998 йилги жаҳон чемпионатида жамоалар 106 млн долларни бўлиб олишган, чемпион Францияга 6 млн доллар теккан. 150 млн долларлик (чемпионга — 8 млн) маррага 2002 йилда эришилган, 2006 йилда эса FIFA 266 млн (ғолибга — 20 млн) мукофот жамғармаси шакллантиришга муваффақ бўлди.

2010 йилдан бошлаб FIFA жаҳон чемпионатида қатнашаётган миллий федерацияларга эмас, футболчилари қатнашаётган клубларга ҳам пул тўлашни йўлга қўйди. Шунингдек, FIFA футболчиларни жароҳатлардан суғурта қилишга ҳам рози бўлди. Яъни, 2010 йилдан бошлаб FIFAнинг жаҳон чемпионати иштирокчиларини мукофотлаш учун харажатлари уч қисмга бўлинди: ўйинлар учун мукофотлар, клубларга компенсация ва суғурта. Бунинг оқибатида 2010 йилда мукофот жамғармаси 420 млн (ғолибга — 30 млн), 2014 йилда 576 млн (ғолибга — 35 млн), 2018 йилда 791 млн (ғолибга 38 млн) долларгача ўсди. 2022 йилда эса FIFA 1 млрд долларлик маррага етди.

2022 йилда мукофот жамғармаси миллий жамоалар ўртасида қандай тақсимланганига эътибор қаратсак, чемпион Аргентина юқорида зикр этилганидек 42 млн долларга эга чиқади, финалчи Франция эса — 30 млн. Учинчи ўринни олган Хорватияга — 27 млн, ёрқин ўйин кўрсатиб тўртинчи бўлган Марокаш миллий жамоасига — 25 млн доллар берилади. Чорак финалнинг барча иштирокчилари 17 млндан, нимчорак финалда чиқиб кетганлар 13 млндан, гуруҳ босқичидан чиқа олмаган терма жамоалар эса 9 млн доллардан олишади.

Мавзуга оид