Ўзбекистон | 20:22 / 23.12.2022
25071
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбий прокурор президентга ҳисобот берди

Шавкат Мирзиёев Ҳарбий прокуратура фаолиятини рақамлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бюджет пулларини ишлатишда электрон платформалардан кўпроқ фойдаланилади. Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида олис ҳудудлардаги мактаблар ҳарбий прокуратура идораларига бириктирилиб, прокурорлик соатлари ташкил этилади.

Ўнгда – Ўзбекистон ҳарбий прокурори Ботир Қудратхўжаев / Расмий фото

Президент Шавкат Мирзиёев Ҳарбий прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи билан танишди. Бу ҳақда 23 декабр куни президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси Қуролли Кучларда ва ҳарбий тузилмаларда қонунларга риоя этилишини назорат қилади. Ноябр ойи бошида бош прокурор ўринбосари – ҳарбий прокурор ўзгарган, бу лавозимда қарийб уч йил ишлаган Шуҳрат Узоқов ўрнига бунгача Хоразм вилояти прокурори бўлган Ботир Қудратхўжаев тайинланган эди.

Расмий релизга кўра, Ҳарбий прокуратура мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш, мудофаа салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг ва оила аъзоларининг ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кўряпти. Жумладан, жорий йилда 1 100 га яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, 261 та ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилган. 7 858 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланган. 654 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари иш билан таъминланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қуролли Кучларда қурилиш дастурига киритилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари назорат тартибида кўриб чиқилиб, 23 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилган. Ҳарбий прокурор протестларига асосан судларнинг 10 та қарори қонунга мувофиқлаштирилиб, 6 нафар шахс оқланган.

Фуқароларнинг 2 мингга яқин мурожаатлари кўриб чиқилиб, 254 таси қаноатлантирилган. Шунингдек, сайёр қабулларда 3 200 нафар шахс қабул қилиниб, аниқланган муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилган.

Таъкидланишича, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида олис ҳудудлардаги мактаблар ҳарбий прокуратура идораларига бириктирилиб, прокурорлик соатлари ташкил этилади.

Бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлашда электрон платформалар имкониятларидан янада кенг фойдаланилади.

Президент Ҳарбий прокуратура фаолиятини рақамлаштириш, инсон манфаатларини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Мавзуга оид