«Буйрагимни берсам ҳам розиман, болаларим бағримда бўлса бас!» — алимент ундиролмаётган она болалари учун ҳар нарсага тайёр
Инсон не ҳолга тушса ўз танасининг қайсидир аъзосини сотишга мажбур бўлади? Кичкина зирапча кирганда жонимиз қанчалик оғрийди, қандай қилиб пул учун муҳим аъзосидан воз кечиб, тиғ остига ётиш мумкин?
Журналист Жамшид Ниёзовнинг «Кредит сиртмоғи ва бошқа сабаблар: Ўзбекистонда орган савдоси оммалашяпти» мақоласи остига «Менга ҳам бир уй олиб беришса сотардим», дея изоҳ қолдирган аккаунт эгаси билан боғланиб, бундай хавфли ишга уни қандай сабаб мажбур қилаётгани билан қизиқдик.
«Ўзим самарқандликман. Беш йил аввал, 26 ёшимда Россияга — опамнинг олдиларига ишлаш учун бордим. Бир йилдан сўнг сурхондарёлик Баҳром Раҳмонов исмли йигит билан танишиб қолдим», — дея кечмишларини сўзлай бошлади ўзини Шарофат Муродалиева деб таништирган аёл.
Бироз муддатдан сўнг Баҳром Шарофатдан аёли билан ажрашганини, унга турмушга чиқишини сўраган. Ўзбекистонга қайтишгач, қонунан никоҳдан ўтадиган бўлишган. Уйидагиларнинг розилиги билан шаръий никоҳ ўқитиб, бир оила бўлиб яшай бошлашган.
«Топган пулларимизни эримнинг отасига жўнатардик. Эрим куч-қувватимиз борлигида ишлаб уй-жой қилиб олайлик, отам боргунимизча битказиб турадилар, деб фарзандли бўлишга унамади. Икки йилча фарзанд кўрмай бор кучимиз билан ишладик. Кейин мен ёшим ўтаётгани, она бўлишни исташимни айтдим.
Шундан сўнг орқама-кейин 2012 ва 2013 йилларда қизим ва ўғлим туғилишди. Болалар парвариши билан бўлиб, мен ишлай олмай қолганим сабаб, 2013 йилнинг августида, кичик фарзандим етти ойлик бўлганидан сўнг юртимизга қайтиб келдик.
Эрим мени ва болаларимни ота уйимга олиб келиб 10 кунда келишини айтиб Сурхондарёга кетди. Шу кетганича дараги бўлмади. Кейин билсам — биринчи турмуши билан ярашиб, яшаб юрибди экан. Телефонда тортишдик, охирида сен билан яшамайман, ўз кунингни ўзинг кўр, истасанг болаларингни «меҳрибонлик уйи»га бериб, бошқа турмуш қур, деб алоқани узди.
Шундан сўнг алиментга беришга мажбур бўлдим», — дейди Шарофат.
2013 йил 21 октябрда у Самарқанд шаҳар фуқаролик суди томонидан чиқарилган қарорни турмуш ўртоғим яшайдиган Қизириқ туман ижрочиларига жўнатган. Алиментни ундириш бўйича мажбурий ижро ходимларига телефон қилса — кўтаришмайди.
«Самарқанддан Қизириққа ўзим бориб, алиментларимни сўрасам, менга арзимас суммани ундириб беришади. Бормасам, шу ҳам йўқ. Энг алам қиладигани — ҳар гал ўзимни ҳам штраф қилишади. Охирги марта ҳам шундай бўлди», — дейди у.
Баҳром алиментларни ўз вақтида тўламагани сабабли шу кунга қадар алимент пулларидан қарзи 40 миллион сўмдан зиёд бўлиб кетган.
«1 ноябр куни ҳам алимент ундиргани боргандим. Ижро ходимлари эрингизни қидирувга бердик, деб 2 кундан сўнг пластик картамга 1 миллион сўм ташлатиб беришди. Қидирувда, топилса 15 сутка бўлади, деб алдашди. Бир ой деганда эримни топишиб ҳеч қандай чора кўрмасдан эрингиз ишга киради тўлайди, деб қўйиб юборишди», — дейди у.
2 ноябр куни Шарофат эри қидирувдалигини эшитиб, уйига борган. Уй олдида маҳалла раиси ва ижро ходимлари билан ҳовлига киришган. Ҳеч қандай ҳақорат бўлмаган. Бироз тортишишгач, маҳалла раиси «идорада гаплашамиз, юринг», деган.
«Мен эримни чақиртиринг, бўлмасам ҳовлидан чиқмайман деганимда кундошим сени пичоқлайман деб орқамдан пичоқ билан ташланиб қолди. Ўзимни четга тортдим бу орада кундошимнинг ўғли келиб онасининг қўлидан пичоқни олиб ерга улоқтирди.
Участка нозирига телефон қилдим. Келиб мени маҳаллага обориб ўзи бошқа иши бўйича кетди. Кеч соат 18:30 ларда бораверинг, эртага келасиз деб жавоб берди. Мен эртасига ариза ёзмоқчиман, менга суиқасд қилди, деб телефон қилдим. 3-куни аризамни олиб мени бир ҳафта Қизириқда сарсон қилиб бир ҳафтадан сўнг маъмурий судга топширди», — дейди Шарофат.
Судя маҳалла раиси ва ижро ходимининг гапига қулоқ солмай, икки аёл бир-бирини ҳақорат қилган дея бизга 300 минг сўмдан жарима белгилаган.
«Апелляцияга бераман нотўғри суд қилдингиз, менга пичоқ билан ташланди-ку десам пичоқ билан тан жароҳати бўлмаган, «дело»га алоқаси йўқ, деб менга 15 кун деганда суд қарорини жўнатди.
Ўзим икки боламни алимент пулларини оламан деб шунча йўлга борсам ижрочилар эримга ён босса, судялари мени ноҳақ жарима қилса, ҳақиқат борми?!» — дейди ночор ва ноилож она.
Ҳозир Шарофат уйсиз, ижарада яшайди. Россияда ишлаб топганининг ҳаммасини эри отасига жўнатган. Самарқандда шароити оғир, уйи йўқлиги сабабли, болаларини вақтинчалик болалар уйига берган. Қандли диабет ва қон босими бўлгани сабаб, оғир иш қилолмай қолган. Тез-тез мазаси бўлмайди.
«Болаларимни ўйлаб, кечалари ухлолмай чиқаман. Ўшанда эсим бўлганда қонуний никоҳсиз оила қуришга рози бўлармидим? Топганимни қўшқўллаб эримга тутмасдан, ўзим учун бир хонали бўлса ҳам уй олиб қўймайманми? Мен аҳмоқ, тезроқ уйимиз битса, ватанимизга қайтсак, болаларимиз катта бўлгунча аста-секин қолганини қилаверамиз, дебман-да.
Эримнинг менинг кучимдан, меҳнатимдан фойдаланаётганини қайдан ҳам билай? Шу сабабдан ҳам буйрагимни сотсам ҳам майли, уй олсам, болаларим бағримда бўларди, деган мақсадда ёзган эдим», — дейди аёл ўкинч билан.
Ҳаётда ҳамманинг ҳам ўзига яраша дарди, қийинчиликлари бор. Лекин ҳеч ким фарзандини соғинган она каби азобланмайди. Оналик меҳри шундай нарсаки, боласи бағрида бўлиши, унинг униб-ўсиши учун қўлидан келганча имкон яратишга ҳаракат қилади.
Мақсадига эришиш учун аёлнинг танлаган йўли нотўғри, албатта. Иккинчи томонни ҳам эшитиш, аёлга қонуний ёрдам кўрсатиш керак. Уй олиш билан аёлнинг муаммоси ҳал бўлмайди. Болаларининг бири 10, бири 9 ёшда. Уларни боқиш, ўқитиш ва бошқа харажатлари учун ҳам пул топиш керак.
Шарофат Муродалиеванинг эса қўлида ҳунари, касб-кори йўқ. Агар эртароқ бир касбнинг бошини тутганида ўзга юртларга бормаган, тақдири бундай кечмаган бўлардими?
Аёлга ёрдам бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш истагида бўлганлар таҳририятга (t.me/kunuzgaxabarbot) мурожаат қилишингиз мумкин.
Чарос Маннонова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
15:31 / 23.12.2024
Новосибирскда оғир вазиятга тушиб қолган ёш оила Ўзбекистонга қайтарилди
10:55 / 13.12.2024
Камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1 минг нафари натижа кўрсата олмади
16:28 / 02.12.2024