Спорт | 01:43 / 30.12.2022
41446
4 дақиқада ўқилади

«Алвидо, Қирол». Пеле мероси ҳақида

Фото: Reuters

Бугунги кўринишдаги футбол тарихи бир асрга яқинлашди, демак, афсоналар ҳам ўзига яраша кўп. Аммо эътибор берганмисиз, баъзи юлдузларга нисбатан «футбол афсонаси» таърифи ишлатилмайди. Шунчаки, афсона, дейилади. 

Мисол учун Месси ёки Роналду футболни тарк этса, уларнинг майдондаги ажойиб ҳаракатларини, голларини соғинамиз. Қўмсаймиз. Аммо Марадона деганда фақат ўша машҳур голлари эмас, фикрларини, юқоридаги каби иқтибосларини ҳам тушунамиз, кўпроқ эслаймиз. Шу томондан қараганда, Марадона нафақат футбол афсонаси...

Бир пайтлар, «Чемпион» газетасида «Мозий юлдузлари» деган рукнни юритардим. Ҳар ҳафта узоқ ва яқин ўтмишнинг бир юлдузи ҳақида ҳикоя қилувчи бу рукн қаҳрамонларини ўзим танлар, Бобби Чарльтон, Баккенбауэрлардан тортиб Йоҳан Кройф, Платиниларгача навбати билан ёзганман. 
Аммо икки қирол - Пеле ва Марадона ҳақида ҳеч қачон ёзмаганим, ўзимга ҳам қизиқ туюлади. Билмадим, қўлим бормаган. Қўрққандирман. Бу иккиси ҳақида жуда кўп ёзиш керакки, саҳифаларга сиғмайди. Ёки умуман ёзмаслик керак. Нима ҳам ёзиш мумкин ахир, бу шахсиятларнинг ҳаёти, фаолияти футболдан ҳам буюкроқ...

Фото: Reuters

Бу икки шахс футбол орқали танилмадилар, аксинча, футболнинг шу даражага чиқишида муҳим рол ўйнадилар.

Диего Марадона. Исёнкор. Доим тизимга нисбатан исён қилиб келган. Пеле ҳақ бўлишни ўргатган бўлса, Марадона футбол орқали, инсон доим ўз ҳақиқатлари учун курашиш кераклигини кўрсатиб берган. Футболни майдондан ташқарига чиқарган.

«Мен наркотик қабул қилиб, рақибларга ёрдам берганман, тасаввур қил, агар шундай бўлмаганда қай даражада футболчи бўлардим?» - деганди бир куни Диего.

Гўёки, бу гиёҳвандликка тарғиботдек туюлади, йўқ, ундай эмас. У футболдан ташқари ҳам ҳаёт борлигини, инсон ўз қобиғида, соврин ва голлар ичида, одамларнинг гап-сўзлари доирасида қолиб кетмасликка чақирарди. Унинг ҳақиқати шу экан, нотўғридир, аммо сиз ҳам ўз ҳақиқатингизни топинг ва у учун курашинг - мана, унинг миссияси.

Фото: Reuters

Бу икки тирик ғоя ҳеч қачон ўлмайдигандек туюларди менга...

Агар Диегони Майк Тайсонга қиёсласак, Пелени Муҳаммад Алига менгзаш мумкин.

Пеле мукаммал футболчи бўлган ва бу футбол ривожи учун жуда муҳим эди.

Дунёни забт этиши мумкин бўлган ҳар қандай ғоя ривожланиш босқичида мукаммал намунага, ҳамма интилиши лозим бўлган образга эҳтиёж сезади. Футболнинг бутун инсоният эътиборини ўзига қаратишни бошлаган пайтларда Пеле сиймоси намоён бўлганди.

Футболни қандай бошлаш керак, қандай тугатиш керак, қандай ўйнаш керак, қандай тарғиб қилиш керак, умуман ҳар жабҳада намуна бўла олганки, уни ҳеч ким такрорлай олмаса-да, интилиш мумкин. Муваффақиятларни қандай яшаб ўтиш керак, мағлубиятдан сўнг нима қилиш лозим, у ҳаммасини биларди. Унинг башоратларидан бошқа футболда ҳар иши тўғри эди. 

Фото: Reuters

Доим ўйин олдидан ҳакамлар унинг эгилиб бутса ипини боғлашини кутишар, айтишларича, у ҳаётидаги илк севгилиси ва кейинчалик рафиқаси Розмарига «ҳар ўйиндан олдин қара, сенга таъзим қиламан» деб айтиб қўйган экан.

Инглизлар футболни кашф этган бўлса, Пеле у билан қандай яшашни кўрсатиб қўйди. 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид