Мянма суди Аун Сан Су Чжини яна етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди
Мянманинг собиқ етакчиси, 77 ёшли Аун Сан Су Чжи навбатдаги жиноят иши бўйича 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Умумий ҳисобда унинг қамоқ муддати 33 йилга тенглашди.
Ҳарбийлар томонидан бошқарилаётган Мянма давлати суди ҳокимиятдан ағдарилган етакчи Аун Сан Су Чжини коррупцияда айбдор деб топди ва унга қарши очилган навбатдаги жиноий иш бўйича 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Суд коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ бешта ишни кўриб чиқди. Айбловга кўра, Аун Сан Су Чжи ўз мансабини суиистеъмол қилган, натижада давлат маблағлари йўқотилган. Худди шундай ҳукм собиқ президент Вин Мйинга ҳам чиқарилган.
Айбланувчилар барча айбловларни рад этишди. Аун Сан Су Чжининг адвокатлари тез орада апелляция бериши кутилмоқда.
Аввалроқ Аун Сан Су Чжи 7 та коррупция моддаси бўйича айбдор деб топилган эди. Уларнинг ҳар бири 15 йилгача қамоқ ва жаримани назарда тутади.
Бунгача Мянманинг собиқ давлат маслаҳатчиси бошқа моддалар, жумладан, коронавирус пандемияси давридаги чеклов чораларини бузиш, давлат сири тўғрисидаги қонунни бузиш, фитнага даъват қилиш, сайловларда фирибгарлик, кўчма радиостанцияларни ноқонуний олиб кириш ва сақлаш каби моддалар бўйича қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Умумий ҳисобда унинг қамоқ муддати 33 йилга тенг бўлди. 77 ёшли Аун Сан Су Чжи ҳозирда Нейпидо шаҳридаги қамоқда.
2021 йил 1 февралда Мянмада ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Қуролли кучлар бош қўмондони Мин Аунг Хлайн қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларини ўз қўлида бирлаштирди, вице-президент Мйинт Шве эса президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Ҳарбийлар бир йиллик фавқулодда ҳолат эълон қилди ва 2020 йил 8 ноябр куни Аун Сан Су Чжи, президент Вин Мйин ва бошқа юқори мартабали амалдорларни «сайловларни қалбакилаштиргани» учун ҳибсга олди.
Ҳарбийларнинг ҳаракатлари норозилик тўлқинини келтириб чиқарди, ҳарбий режим уларни шафқатсизларча бостирди. Исёнлар пайтида юзлаб одамлар ҳалок бўлди.
Мянмадаги воқеалар халқаро миқёсда қораланган. Бир қатор давлатлар, хусусан, АҚШ, Австралия, Буюк Британия, шунингдек, Европа Иттифоқи расмийлари ва БМТ раҳбарияти ҳарбийларни ҳибсга олинган амалдорларни озод қилишга ва сайлов натижаларини ҳурмат қилишга чақирди.
Мавзуга оид
19:25 / 27.11.2024
Халқаро жиноий суд Мянма ҳарбий етакчисини ҳибсга олиш ордери берилишига эришишини маълум қилди
20:22 / 26.10.2024
Мянма собиқ етакчисининг куёви Facebookʼдаги постлари учун ҳибсга олинди
01:06 / 18.09.2024
Мянмада сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
20:37 / 15.09.2024