Иқтисодиёт | 13:57 / 30.12.2022
37402
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан камайди

Фото: Valentyn Ogirenko / Reuters

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи 26,2 млрд долларни ташкил этмоқда. Дастлабки III чорак давомида глобал инфляция сабаб жаҳонда фоиз ставкалари ошиб кетгани Ўзбекистон ҳукуматининг аввалги йиллардаги каби фаол қарз олишини чеклаб қўйди. Шундай бўлса-да, охирги чоракда бюджет тақчиллигини қоплаш учун катта миқдорда қарз маблағлари жалб қилиниб, йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 29,2 млрд долларгача ошган бўлиши мумкин.

Молия вазирлиги 2022 йилнинг III чорак якунлари бўйича ташқи қарз ҳолати ва динамикаси ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, давлат қарзи 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 26,2 млрд долларни (шундан давлат ташқи қарзи – 23,16 млрд доллар, давлат ички қарзи – 3,07 млрд доллар) ташкил этган.

Хусусан, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2021 йил бошида 39 фоизни (2021 йил якунида – 38 фоиз) ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 34,1 фоизгача пасайган.

Маълумот учун, Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи бугунги кунда «мўътадил» даражада ҳисобланади.

«2022 йилнинг бошидан буён давлат ташқи қарзи қолдиғи (АҚШ доллари экв.) 1,7 фоизга камайди. Бунда, давлат бюджети тақчиллигининг молиялаштирилиши ва инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида қарз маблағларининг ўзлаштирилиши билан бирга 823 млн АҚШ доллари миқдоридаги давлат ташқи қарзи сўндирилди», - дейилади ҳисоботда.

Жорий йил учун давлат номидан ва давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд доллар миқдорида белгиланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажмига ҳам чеклов ўрнатилган. Хусусан, ўтган 9 ой давомида янги имзоланган давлат ташқи қарз битимларининг ҳажми 2,1 млрд долларни ҳамда давлат бюджетини молиялаштириш учун чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажми 6,7 трлн сўмни ташкил этган.

2022 йил III чораги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 28,4 фоизи ёки 6,6 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 12,6 фоизи ёки 2,9 млрд доллари энергетика саноатига, 11,5 фоизи ёки 2,7 млрд доллари электроэнергетика саноатига, 10,4 фоизи ёки 2,4 млрд доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 10,6 фоизи ёки 2,5 млрд доллари қишлоқ ва сув хўжалигига, 9,5 фоизи ёки 2,2 млрд доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.

Халқаро молиявий институтлардан жалб қилинган ташқи қарз портфели ҳажми 11,3 млрд долларни ёки давлат ташқи қарзининг 48,7 фоизини ташкил этган. Давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,4 млрд доллар), Жаҳон банки (4,4 млрд доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келади.

«Ўзбекистон Республикасининг асосий кредиторлари Хитой эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келиб, асосан турли инвестицион дастурлар давлат кафолатлари остида молиялаштирилиши учун қарз маблағлари жалб этилган», – дейилган Молия вазирлиги изоҳида.

Давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 74,8 фоизи – АҚШ доллари, 8,2 фоизи - Япония иенаси, 7,7 фоизи – СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,7 фоизи – евро, 1,8 фоизи – ўзбек сўми, 2,8 фоизи - бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

Умуман олганда, дастлабки III чоракда Ўзбекистон ташқи қарзининг камайишига 2та омил таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Биринчидан, дастлабки ярим йиллик одатда олинган қарзларни қайтариш даври ҳисобланади ва ташқи қарз жалб қилиш фаол равишда амалга оширилмайди. Бюджет тақчиллигини қоплаш учун олинадиган қарз ҳам кўп ҳолатларда IV чоракда жалб қилинади.

Иккинчидан, глобал инфляцион ҳолат фонида ФРТ ва Европа Марказий банкининг қаттиқлаштириш сиёсати ва фоизларни ошириши халқаро бозорларда қарз ва капитал нархини кескин қимматлаштириб юборди. Бу эса Ўзбекистонга ўхшаган ривожланаётган мамлакатлар учун ижобий ҳолат эмас ва ташқи қарз жалб қилишни қийинлаштиради.

«Глобал беқарорлик сабабли жаҳонда қарз олиш қимматлашиб, Ўзбекистоннинг молиявий буфери чекланиб қолди. Бюджет дефицити эса ортиб боряпти. Ҳозирги вазият асосий эътиборни инфляцияга қаратиш, бюджет харажатларини қисқартириш ва хусусий маблағларни кўпроқ жалб қилишни тақозо этади», дея таъкидлаганди молия вазири Тимур Ишметов.

Жаҳон банки (ЖБ) охирги прогнозларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг қарз олиш чекловларига риоя қилишда давом этиши кутилмоқда. Давлат қарзи ва умумий ташқи қарз 2024 йил охирига келиб ЯИМнинг мос равишда 32 ва 55 фоизигача босқичма-босқич камайиши мумкин.

Аввалроқ, молия вазири Қонунчилик палатасида 2023 йилги давлат бюджети лойиҳаси ҳақида ахборот берганди.

«2022 йил якунлари бўйича давлат қарзи 29 млрд 215 млн долларни ташкил этиши кутилаётган бўлса, кейинги йил (2023 йил) 32 млрд 62 млн долларни ташкил этиши кутилмоқда. Бунда ташқи қарзнинг ЯИМда улуши келгуси йилда ҳам жорий йилдаги каби 36 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда», – деди Ишметов.

2023 йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган битимларнинг умумий қиймати 4,5 млрд долларни ташкил қилиши, шундан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, бюджет тақчиллиги учун 2 млрд (бу ўтган йилга нисбатан 500 млрд долларга кам), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун эса 2,5 млрд доллар (бу ўтган йилга нисбатан 500 млн доллар кўп) жалб қилиниши белгиланган.

 «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунга кўра, давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган эди. Аммо 60 фоизлик меъёр халқаро молия ташкилотлари томонидан берилган тавсиягина ҳисобланиб, аниқ ва жиддий ҳисоб-китобларга асосланмаган.

Мавзуга оид