Ўзбекистон | 15:20 / 31.12.2022
26786
5 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда дори воситаларининг ҳақиқий ёввойи бозори шаклланган” – хорижда ишлаётган мутахассислар

“Док-1 Макс” сиропини қабул қилиш ортидан 19 нафар боланинг ўлими ва ўнлаб болаларнинг шифохонага ётқизилиши Ўзбекистонда 2022 йилнинг энг қайғули фожиаси бўлди. Норасида гўдаклар буткул назоратдан чиққан ва кимларнингдир чўнтагини қаппайтираётган тизим қурбонига айланишди.

Умуман, турли давлатларда дори воситаларни қабул қилиш, уларнинг реализацияси қандай йўлга қўйилган. Бу ҳақда дунёнинг учта нуқтасида яшаб ва ишлаб келаётган юртдошларимиз билан суҳбатлашдик.

“Ўзимнинг қизим ҳам бемор, ҳаммасини яхши тушунаман” – АҚШда ишлаётган шифокор

Лазиз Мардонов, АҚШ

Американинг Нью-Йорк штатида яшаётган шифокор Лазиз Мардонов бу давлатда дори воситаларини қабул қилишнинг умумий тартиби, ўзининг бошидан кечирганларини сўзлаб берди:

“АҚШда дорилар нафақат қатъий рецепт билан берилади, балки унинг беморга таъсири ҳам мунтазам ўрганилиб борилади. Шунга кўра дори воситаларининг ўзи ёки дозаси ўзгартирилиши мумкин.

Бу ерда Ўзбекистондагидек ҳар қадамда учрайдиган “Аптека”ларни кўрмайсиз. Аҳоли бундай қилиб дори сотиб олиш мумкинлигини ҳатто тасаввур қила олмайди. Умуман, юртимиздагидек қатор-қатор дорихоналарни дунёнинг бирор давлатида учратмайсиз.

Ўзим шифокор бўлганим учун бу тизимни мақтаётганим, ёки Ўзбекистондаги ҳолатни танқид қилаётганим йўқ. Шу давлатда яшаётган бир инсон, ота сифатида оиламдаги ҳолатни айтиб бермоқчиман.

Қизим болалар церебрал фалажи касаллиги (ДЦП) билан туғилган. Ўзбекистонда бундай болалар одатда яширишга ёки махсус шифохоналарга жойлаштиришга ҳаракат қилинади. Лекин улар ҳам фарзанд, ота-она меҳрига зор. АҚШда улар билан ишлаш бўйича махсус дастур амал қилади. Қизимга бериладиган дорилар мунтазам таъминлаб турилади, шифокорлари келиб, ҳолатини ўрганиб кетишади. Мавзуга алоқадор жиҳати – ўзим шифокор бўлсамда, уларнинг талаб ва тавсияларига қатъий амал қилишга мажбурман. Яъни ҳар бир соҳанинг ўз мутахассиси беморни назорат қилади”.

“Ахир бу даҳшат-ку!” – Туркиядаги ўзбек журналисти

Бугунги кунда Анқарада яшаётган ўзбекистонлик журналист Аброр Машарипов ўзининг бу борадаги шахсий тажрибаси билан ўртоқлашади:

“Ўзбекистонда дорининг ножўя таъсиридан 19 нафар бола вафот этгани, яна аллақанчаси заҳарлангани ҳақидаги хабардан қаттиқ хафа бўлдим. Ахир бу даҳшат-ку!..

Бизда энг расво ва ёввойи бозорлардан биттаси дори бозори бўлса керак. Дўхтирларимиз дори бизнесига аралашиб кетганига анча бўлган. Менимча, Туркиядаги каби электрон рецепт тизимига ўтиш керак.

Ўзим ҳам даволаниб тураман. Бу ерда дўхтирга борсам, у рецептни компьютерга киритиб, менга код беради. Шу код билан дорихонада дорини оламан. Яъни дўхтир қайси дорини ёзганини назорат қилса бўлади. Давлат фуқароларнинг пала-партиш дори қабул қилишининг олдини олишга ҳам уринади. Масалан, ўзимча антибиотик ололмайман, дорихоначи албатта рецепт талаб қилади.

Бундан ташқари, Туркияда E-Nabız (Э-пульс) деган тизим бор. Унда бемор ҳақидаги ҳамма маълумотларни кўриш мумкин: қачон ва қайси шифохонага борган, қандай таҳлилларни топширган, қандай касалликлари бор, қандай дорилардан фойдаланади ва ҳоказо. Яъни дўхтирлар ўзларидан олдинги дўхтирлар беморга нималар тайинлаганини бир зумда аниқлай олади.

Биздаги ҳолатни албатта ўнглаш керак, шарт!”

Албатта, АҚШ, Туркия каби ривожланган давлатларда қатъий тартиб бўлиши табиий, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин қашшоқ, давомли уруш гирдобида қолган Яман давлатидаги ҳолат ҳам биздан анча яхши эканлиги ҳайратланарли.

“Шифокорнинг гапи қонун” – Ямандаги ўзбек врачи

Улуғбек Тўраев, Яман

Бу давлатда кўпдан бери ишлаб келаётган жарроҳ Улуғбек Тўраев Ямандаги дорилар истеъмоли ҳақидаги фикрларини билдирди:

“Яманда ҳам дорихоналар саноқли. Одамлар биздаги каби дорига ружу қўйишмаган ҳам. Дорихоналар асосан клиникалар қошида фаолият юритади. Яъни шифокор дорини тайинлаш билан бирга бошқасига ўзгартирилмаслигини назорат қила олади. Дорихоналар ҳам беморлар истаганини сотавермайди.

Яна бир муҳим жиҳат – бу давлатда шифокорнинг гапи қонун ва беморлар унга қатъий амал қилишади. Биздагидек ҳамма ўзи хоҳлаган дорини бемалол сотиб олиб ичиб кетавермайди. Ўйлашингиз мумкин, “шифокорлар хоҳлаганини ёзиб, дори сотилишига кўмаклашавериши мумкин эканда” деб. Бу ерда тиббиёт асосан хусусий. Хусусий клиникалар эса қатъий рақобатда ишлаш билан бирга ўз обрўсини сақлашга ҳаракат қилишади. Яъни беморни тезроқ ва арзонроқ даволаш муҳим. Клиникалар кўп ҳолларда дори таъминотини ҳам йўлга қўйишган. Умуман, бу давлат аҳолисининг аксарияти камбағал. Тиббиёт тизими ҳам қиммат хизматларга асосланмаган.

Ўзбекистонда болалар ўлими билан боғлиқ ҳолатни кузатиб боряпман. Биздаги дори бизнеси шу қадар қуюшқондан чиқиб кетган эдики, эртами-кечми шундай муаммога дуч келиниши аниқ эди. Бу ҳали битта дори воситаси билан содир бўлган ҳолат. Бундай дорилар юзлаб бўлиши мумкин, улар ҳамиша потенциал хавф туғдиради”.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид