“Кино “ўлган”, лекин актёрларни ўқитишда давом этяпмиз” — Мурод Ражабов билан катта интервю
2015 йилдан бери кинода рол ижро этмаётган таниқли актёр, Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда кўриниш берди. Журналист Шохира Ҳамро ва бир гуруҳ актёрлар Мурод Ражабов хонадонида меҳмон бўлиб, жараённи жонли эфирда улашиб борган.
Узоқ муддатли танаффусдан кейинги чиқиши актёрни соғинган мухлисларни анча қувонтирган бўлса, унинг оғир дард билан курашаётгани ҳақидаги хабар кўпчиликни хафа қилди, хавотирга солди. Kun.uz мухбири бу хабардан кейин Мурод Ражабов хонадонида меҳмон бўлди ва у билан катта интервью ўтказди.
Интервью давомида Мурод Ражабовнинг бугунги аҳволи, театр ва кинода ижро этган роллари, ижоддан кетиши сабаблари, “қора рўйхат”га тушиши ва келгуси режалари ҳақида сўз борди.
— Сиз санъатга актёрлар, санъаткорлар сулоласи вакили сифатида кириб келмагансиз. Лекин санъат йўлини танлаш эҳтимолингиз юқори бўлган. Масалан, рассом бўлишингиз мумкин эди. Нега айнан санъат соҳаси атрофида бўлган танловингиз?
— Мен ўзи ёшлигимдан рассомликка қизиқардим. Дадам жуда улфати кўп инсон эди. Шулардан бири Иброҳим Ҳамроев деган композитор бўларди, шу одам мени мусиқага қизиқтирган. «Мен буни композитор қиламан», дердилар доим. Лекин санъат институтига келиб қолганман. Соҳани яхшилаб ўрганиш мақсадида кундузги таълимга кирганман, лекин мени кечки таълимга ўтказишган. Жаҳлим чиққан. Аммо бир домла келиб, «жаҳлингиз чиқмасин, кечки таълимда жуда яхши устозлар дарс ўтади, кўп нарса ўрганасиз», деганлар. Рост айтган экан. Раҳим Сайфиддинов, Арсен Исмоиловлар ўқитган мени.
— Сиз ўқиган пайтларда талабаларга кино ва театрда ишлашга рухсат беришмаган. Ўша пайтда институтда бунга жуда қаттиқ туришган. Лекин сиз биринчи курсдалигингиздаёқ Ёш томошабинлар театрида “Ўн саккиз ёшлигим” спектаклида Жўжа Хўроз ролини ижро этгансиз. Нега сизга рухсат беришган?
— Билмадим... Мен ўзи институтга кирмасимдан олдин театрда ишлаганман. Лутфулла Саъдуллаев ёрдамида «Ёш томошабинлар» театрига ишга кирганман. Балки шу сабабдир.
— Ўзи аслида талабаларга роллар ижро этишига рухсат бермаслик қанчалик тўғри, бу борада “жабр” кўрмаган бўлсангиз-да, муносабатингиз қандай?
— Тўғри деб биламан бу нарсани. Авваламбор, театр ҳақида кўп нарса билмаган бир талаба театр учун нима қилиб беролади? Санъатни ҳам нотўғри тушуниб қолиши мумкин.
— Фильмлардаги биринчи ролингиз режиссёр Учкун Назаровнинг «Алангали соҳил» фильмида бўлган экан. Ўшанда йигирма тўрт ёшлар атрофида бўлгансиз. Ўша пайт кастингда қатнашиб ролга тасдиқланганмисиз? Бу жараён қандай кечган?
— Кастинг орқали, албатта. У пайтлар фақат кастинг бўларди. Садир ака деган бир рассомимиз мени Учқун Назаров билан таништирган... Ўшанда Учқун ака менга қараб туриб «Озсанг, кинога оламан», деганлар. Кинога тушаман деб бир ойда 12 кило озганман. Хуллас, бир ой ўтгач, «Ўзбекфильм»га борганман, Учқун Назаровнинг олдига. Бунча озиб кетдинг, деб ҳайрон қолган. Ўша ролга мендан ташқари ҳам кўп актёрлар талабгор эди. Лекин мени синаб кўришгач, Комил Ёрматов тавсияси билан ўтиб кетганман.
— Кастинг, бу — фильм олиш жараёнининг энг муҳим қисмларидан, ўша фильмнинг ярим муваффақияти десак ҳам бўлади. Ўша сизни 12 кило вазн ташлашга мажбур қилган кастинг жараёнлари билан кейинги 10-20 йилликдаги кастингларни бир-бири билан таққослаб бўладими, фарқлари нимада? Икки жараённиям кўрган актёр, режиссёр сифатида фикрингиз.
— Ҳозир кастинг борми ўзи? Менимча, йўқ. Бор бўлса, ўша кастингнинг қилган иши кўринарди-да.
Ўша пайтлар кастинг жараёнида энг асосий ролни иккинчи режиссёр ўйнарди. Бошқалар ҳамма нарсани тушунтирарди, шунга қараб иккинчи режиссёр республика бўйлаб актёрларни изларди ва йиғарди. Ҳамма кастингга йиғилгач, режиссёр танлаб оларди. Кастингдан сўнг режиссёр бадиий кенгашга топширарди ишни. Бадиий кенгаш кўриб чиққач эса, республика маданият бўлимига олиб бориларди, асосий иш ўша ерда ҳал бўларди.
— Фильмларда кастингнинг ўрни йўқолишига нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
— Билмадим. Бу ерда кимнидир айблаб бўлмайди. Кўп нарса сабаб. Сиёсат ўзгарди, бу эса ҳамма нарсага таъсир ўтказади.
— Сиёсатнинг санъатга таъсирига табиий қарайсизми?
— Ҳа, табиий қарайман. Сиёсат кириб келмаган соҳа йўқ.
— Мурод ака, 60-йиллардан буёғига санъат ичидаги одамсиз. Орада қарийб ярим асрлик ижод йўли бор. Ўзингиз ёлғиз қолганингизда ёки яқинлар, дўстлар даврасида қайси даврлардаги ижодингиз билан боғлиқ хотираларни кўпроқ маза қилиб эслайсиз?
— Даврларни ажратиб бўлмайди. Уларнинг бари менинг ҳаётимда бўлган, меники. Мен учун азиз.
— Мурод Ражабов деса томошабинларнинг кўз олдига биринчи навбатда Қўчқорбой образи келади. Ваҳоланки, ундан олдин ҳам, кейин ҳам кўплаб роллар ижро этгансиз. Қўчқорбой образида нафақат комик, балки драматик, умуман, актёрлик қирраларингиз борича намоён бўлган, назаримда. Кино олинишида ҳам кўп ҳаракат қилган экансиз. Театр учун ҳам таклиф қилган экансиз. Агар сиз ҳаракат қилмаганингизда балки бу асардан кинофильм ҳам олишмаслиги мумкин эди. Ўзи нима учун бу асар сизни бунчалик қизиқтирган?
— Чунки асар Шароф Бошбеков томонидан жуда зўр ёзилган. Италянларнинг шунга ўхшаш фильми бор эди. Шароф Бошбековдан сўраганимда, у ҳам шу кинони кўрганини айтган. Ўша кинода ҳам шунақа темир хотини бўлади бир бойнинг. Асар жуда зўр ёзилган. Унда самимият, дард бор. Умуман, ҳар томонлама етук бўлган бу асар.
Театрга олиб келганман, лекин олишмаган. Кейин Фарҳод Мусажонов ёнига борганман, ўшанда «Ўзбекфильм»нинг бош муҳаррири эди. Фарҳод ака ҳам ўқиб чиққач, кино олишга рухсат берган.
— Асарда қаҳрамон сифатида ўзингизни кўрганмисиз?
— Нима десам экан, асар менга умумий ёққан жуда. Кино қилинса, ўйнардим деган хоҳиш пайдо бўлган.
— Асарда ўзгаришлар бўлганми?
— Тушида ҳинд қаҳрамони бўлиб қолишини кўрганини ўзимиз ўйлаб топганмиз. Бундай топилмалар кўп. Ҳаммасини эслашим қийин.
— Сиз ўзингизни қандай актёр деб биласиз. Ижодда қайси қиррангизни кўпроқ намоён эта олдингиз?
— Бу томондан мен жуда бахтли одамман. Кинода ҳам, театрда ҳам кучли режиссёрлар қўлида роллар ижро этдим. Улар билан ҳар хил образларни гавдалантирдим. Кинонинг ҳамма кўчасига кириб чиққанман.
— Биринчи 20 йиллик театрдаги фаолиятингиздан кино учун кетганмисиз?
— Йўқ, ундай эмас. Биринчи режиссёрим, устозим театрдан кетгани учун менинг бироз кўнглим совиган.
— Йиллар ўтиб яна қайтдингиз ва Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқий театри директори ва бадиий раҳбари сифатида маълум муддат фаолият юритдингиз, ўша даврда актёр сифатида ҳеч нарса йўқотмадингизми?
— Муқимий театрига келганимда, мен актёр сифатида тўлиқ шаклланган эдим. Шунинг учун менда ҳеч қандай ўзгариш ёки йўқотишлар бўлмади. Бу даврда мени ўзгартириб бўлмасди.
— Ўша даврдаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўлганми?
— Албатта. Бу театрга ўзим хоҳлаб келганман. Кўп режаларим бор эди. Аммо бўлмади.
— Режаларингизни амалга оширишга нима халақит берди?
— Театр санъатига бефарқ қарашлар. Раҳбарлар хам, бошқалар ҳам театр санъатини кераксиз деб билади. Уларга фарқи йўқ. Санъат эса эътибор талаб қилади. Санъат ҳам ёрдам муҳтож.
— Театрдан кетишингизга шу муносабатлар сабаб бўлдими?
— Йўқ, бундай муносабатларни мен олдиндан ҳам билардим. Билмадим, бу масалада гапиргим йўқ... Қисқаси, Муқимий театридаги ижодий гуруҳга ижод одамлари йиғилмаган эди.
Бир одамдан охирги ролини қачон ўйнаганини сўраганман. Эслолмади. 20 йиллар олдин ўйнаган экан. Театрда шунчаки юрибди. Шунақа ҳолатлардан кейин ҳафсалам пир бўлди.
— Орада сизнинг фильмларингиз экранларда намойишига тақиқ қўйилгани, режиссёрларнинг сизни янги съёмкаларга таклиф қилмаслиги театрдан кетишингиз билан боғлиқми? Шундан кейин бошланганми ижодий тўсиқлар?
— Йўқ, бу тақиқлар анчадан бери бор менда. Театр билан боғлиқмас. Ўзи тушунмайман: мени нега ёқтиришмайди, нега ижодимга ғараз билан қарашади... Бизда бефарқлик ҳам бор. Мурод Ражабов бор-йўқлигининг фарқи йўқ.
— Саволим ғалатидир... Бу тақиқлар Гулнора Каримова номи билан боғлиқмасми?
— Бу билан ҳам боғлиқ. Кўп сабаблар бор бу ерда.
— «Ошга марҳамат» лойиҳасининг тўхтатилиши ҳам Гулнора Каримова билан боғлиқ дейишади. Қанчалик тўғри бу?
— Йўқ. Бир тарафдан бордир, балки.
— 2013 йилда берган интервьюларингиздан бирида ўзбек кино оламида қиладиган ишларимиз жуда ҳам кўп. Ҳаракатлар бошланган. Мавзулар очилмаган қўриқдай. Оёққа туриб олиш учун яна озгина вақт керак ҳар ҳолда, деб Ўзбек кино санъати келажагига умид боғлагансиз. 2020 йиллардаги суҳбатлардан бирида, яъни орадан 7 йил ўтиб эса Ўзбекфильм ўлди, дегансиз. Қандай жараёнлар, айтайлик сабаб, омиллар умидларингизнинг парчаланишига олиб келди?
— Очиғини айтадиган бўлсак, давлатимизнинг санъатимизга бўлган муносабати. Санъатда бўлаётган ишлардан хабари бор эди раҳбарларнинг. Аммо ҳеч кимнинг иши бўлмади. Оқибатда санъатни ўлдирдик.
— Охирги тилга оладиганларимиз актёрлардан Дилноза Кубаева, Адиз Ражабов, Алишер Узоқов, Улуғбек Қодировлар авлоди бор. Улар ҳам ҳозир бошқа-бошқа йўналишларда банд. Авлодлар ўртасида жарлик — катта узилиш пайдо бўлди. Бунга қандай сабаб ва омиллар олиб келди деб ўйлайсиз?
— Сиз айтаётган янги авлод нима учун актёр бўлганини билмайди. Ўзи кино йўқ бўлиб бўлди, лекин давлат ҳалият ўқитяпти актёрларни. Бирорта одам «Кино йўқ-ку, нима учун ўқитяпсизлар буни?» демайди.
— Кино ва театр санъати ривожи учун нима керак сизнингча, қандай муҳит керак? Институтдаги ўқиш жараёнига нималар етишмаяпти?
— Ҳамма нарса етишмаяпти. Санъатни тушунадиган одам етишмайди, санъаткор етишмайди. Йўқ санъаткор қандай қилиб санъат тўғрисида дарс бериши мумкин? Лекин дарс бераверади. Бировнинг иши йўқ. Бефарқлик. Раҳбарлар қизиқиб ҳам кўрмайди. «Ковлаб» кўрса, ўзига тегишли нарса чиқиб қолиши мумкин-да.
— Шу ўлиб бораётган санъатни қандай жонлантирса бўлади?
— Эътибор бериш керак. Санъатни тушунадиган одамлар ўтириши керак. Санъат зарур эканини ҳис қилишлари керак. Тепада ўтирган раҳбарлар билиши керак шу санъат зарурлигини. Бор нарса ҳам йўқолиб қолса, йўқолиб қолди, демайди. Айни шу нарсани ўзимдаям ҳис қилдим.
— Актёр топса бўлади менимча. Бизда режиссёрлар ва драматургия муаммоми?
— Ха, айнан шундай. Бизда жуда зўр актёрлар бор. Ҳар қандай ролни ишонса бўлади уларга. Лекин уларни шундай ишлатадиган одам қани? Йўқ.
— Охирги пайтда четдан актёрлар олиб, ҳамкорлик қилиб кино ишлашяпти. Фестиваллар бўляпти. Бунга қандай қарайсиз?
— Фестиваллар қилишди. Ўша фестивалга кетган пулни яхши режиссёрларга берсин, кино олсин. Фестивал дегани давлат пулини олиб, қанчасинидир сарфлаб қолганини бўлиб олиш бўляпти. Ўзбек киноси булардан ҳеч нарса ютмайди. Қаердан ютсин, ҳамма ёқ ўғри.
— Яхши фильмларингиздан бири «Улфатлар». Ўзи бу фильмни олиш фикри қаердан чиққан? Нега айнан шу актёрларни танладингиз?
— Италянларнинг «Дўстлар» деган киносидан илҳомланганман ва ғоя пайдо бўлган. Актёрларга келадиган бўлсак, бошқа вариант йўқ эди.
— Кинога энди кириб келаётган ёшларга қандай маслаҳатлар бероласиз?
— Ҳеч нарса. Чунки ишонмайман бирор нима ўзгаришига. Қўлидан ҳеч нарса келмайди, чунки имконият, эътибор йўқ.
— Сизни комик роллар орқали кўп таниганмиз. Ҳозирги ҳолатингиз эса бошқача. Нега тушкунлик?
— У даврлар бошқа эди. Ҳаммаси ўзгарди. Ҳозир кўп нарсага умидим, ишончим қолмаган.
Санъаткор кетиши кераклигини ҳис қилганда, кетиши керак. Баъзи бир касбларда кетмай, юраверса бўлади. Лекин санъатда бўлмайди.
— Эрта таслим бўлаётгандай туюлмаяпсизми ўзингизга? Ўйлашимча, ҳали санъатга берадиган нарсаларингиз кўп.
— Менинг аҳволимдаги киши чекиниш-чекинмасликни ўйлаб ўтирмас экан.
— Сизни соғинган инсонлар Мурод Ражабовни янги фильмларда, янги лойиҳаларда кўришга умид қилса бўладими?
— Йўқ. Умид қилманглар.
— Агар яхши режиссёрдан яхши асарда рол ижро этишга таклиф бўлса, рози бўлмайсизми?
— Албатта, рози бўламан. Биз доим шундай орзу билан яшаймиз...
Мақсуда Абдуқаюмова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид
19:33 / 24.12.2024
“Давлатнинг кино соҳасидан чиқиб кетишига ҳали вақт бор” – Озодбек Назарбеков
11:53 / 18.08.2024
Актёр Ален Делон вафот этди
12:16 / 21.06.2024
Актёр Доналд Сазерленд вафот этди
12:37 / 20.06.2024