Яна Saneg, яна парда ортидаги ишлар. Навбат – 1,8 млрд долларлик лойиҳага
Шубҳали равишда Ўзбекистондаги асосий нефт конларининг эгасига айланиб қолган Saneg энди мамлакатнинг газ-кимё флагмани бўлиши кутилаётган лойиҳани ҳам қўлга киритмоқчи. Kun.uz'даги ҳужжатларга кўра, “Ўзбекнефтгаз” бу рўй берган тақдирда Ўзбекистоннинг суверен рейтингига жиддий путур етишидан огоҳлантирган.
Ўзбекистонда 2017 йилдан кейин ҳам ёпиқлигича қолаётган соҳалардан бири – энергетика. Kun.uz эътибор қаратмоқчи бўлган “Шўртан” газ-кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаси атрофида бўлаётган ишлар ҳам айни шу “сиёсат”нинг давомидир. Гап – 1,8 млрд долларлик лойиҳа ҳақида.
Kun.uz'даги ҳужжатларда бу лойиҳани Saneg (“Саноат энергетика гуруҳи”) қўлга киритса, катта хавфлар юзага келиши мумкинлиги, ҳатто “Ўзбекнефтгаз” дефолтга бориши ва Ўзбекистоннинг суверен рейтингига жиддий путур етиши айтилган. Бир бошидан бошлаймиз.
1,8 млрд доллар: “Шўртан” ГКМни кенгайтириш лойиҳаси ҳақида
“Шўртан” газ-кимё мажмуаси полиэтилен, суюлтирилган газ, енгил конденсат, олтингугурт, тозаланган табиий газ ва бошқа турдаги тайёр полиэтилен ишлаб чиқарувчи йирик завод ҳисобланади. У ҳозирда давлат компанияси – “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига киради.
2021 йилнинг декабрида Ғузорда “Ўзбекнефтгаз”га қарашли йирик завод – Uzbekistan GTL’нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтганди. Ўша маросимда президент Шавкат Мирзиёев “Шўртан” ГКМнинг ишлаб чиқариш қувватини уч баробарга кенгайтириш лойиҳасига старт берди. Лойиҳа қиймати – 1,8 млрд доллар дея баҳоланиб, у Uzbekistan GTL заводи ёнида қурилиши маълум қилинди.
Мажмуани кенгайтириш бўйича режалар бундай эди:
- GTL заводи ёнида қурилажак заводда 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобига йилига 280 минг тонна полиэтилен ва 100 минг тонна полипропилен тайёрланиши, яна мингга яқин иш ўрни очилиши; шу тариқа Шўртанда Ўзбекистондаги биринчи йирик газ-кимё кластерига асос солиниши;
- бу кластерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилдаги 290 млн доллардан 2025 йилда 1,8 млрд долларга етказилиши, яъни 6 баробарга оширилиши;
- кластер тизимидаги корхоналар 1 долларлик хомашёдан 10 долларлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар яратиши режа қилинганди.
Лойиҳани амалга ошириш бўйича лицензиатлар ва пудратчилар сифатида Chevron Philipps (АҚШ), Lummus Technology (АҚШ), Novelon Technology (Германия) ва Enter Engineering (Ўзбекистон) танланган. Enter Engineering GTL заводининг ҳам бош пудратчиларидан бири бўлганди.
“Ўзбекнефтгаз” “Шўртан” ГКМ қувватларини кенгайтириш учун 1,1 млрд евро жалб қилмоқда
Президент мажмуа қурилишига старт беришидан 3 ой олдин “Ўзбекнефтгаз” “Шўртан” ГКМнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришни молиялаштириш учун йирик халқаро банклардан 1,1 млрд евро қарз жалб қилди. Жумладан:
- Deutsche Bank билан 500 млн евролик;
- Landesbank Baden-Württemberg билан 300 млн евролик;
- Landesbank Hessen-Thüringen Girozentrale билан 300 млн евролик битимлар имзоланди.
“Шўртан ГКМда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш – юқори қўшилган қийматга эга нефт-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун углеводородларни чуқур қайта ишлаш ҳажмини ошириш мақсадимизга эришиш йўлида яна бир қадам”, – деганди битимларни имзолаш чоғида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев.
Шундай қилиб, “Шўртан” ГКМни кенгайтириш лойиҳасининг 1,2 млрд доллари хорижий банклар ва молия институтлари консорциуми, 600 млн доллари эса “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тақдим этилиши ҳам маълум қилинган.
Лойиҳаси тайёр, молиялаш манбаси тайёр, қурилиш ҳам бошланганида, эгаликка даъвогар пайдо бўлди
Gazeta.uz'нинг ёзишича, Saneg компанияси “Шўртан” газ-кимё янги мажмуасининг технологик жиҳозларини “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасига ўтказиш, шу орқали ўзининг у ердаги заводи билан интеграция қилишни таклиф этяпти. Бу ҳақда президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу лойиҳа жамоатчиликдан ёпиқ тарзда қабул қилиниши мумкин.
“Қоракўл” ЭИЗ президентнинг 13 августдаги қарори билан Қоракўл туманидаги 400 гектар ер майдонида жамоатчиликка ёпиқ ҳолда ташкил этилган. У ерда Saneg МТО (метанолдан олефин олиш) газ-кимё мажмуасини қуришни режалаштирган.
Ҳозирда “Шўртан” ГКМнинг янги мажмуаси лойиҳаси “Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишли, лекин қарор лойиҳасига кўра, активлар топширилгандан кейин қурилишни “МТО Марказий Осиё” газ-кимё мажмуаси иштирокида ташкил этиладиган қўшма корхона амалга оширади. Шу билан бирга, Saneg 60 фоиз, “Ўзбекнефтгаз” эса 40 фоиз улушга эга бўлади, яъни Ўзбекнефтгаз лойиҳа устидан назоратни йўқотади. Бундан ташқари, қўшма корхона раҳбарлари “Saneg” томонидан аниқланади.
Шунингдек, қўшма корхона GTL заводида ишлаб чиқарилган барча нафтани узоқ муддатли шартнома асосида сотиб олади. Ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” бу хомашёни бозор нархида деярли тўлиқ экспорт қилади, бир қисмини ички бозорга етказиб беради.
“Қоракўл” ЭИЗга имтиёз ва преференциялар ҳам берилиши назарда тутилган.
Kun.uz “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, ҳозирда лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” томонидан амалга оширилмоқда ва шу пайтгача монтаж (қувурлар ётқизиш, кабеллар тортиб келиш) ишлари амалга оширилган. Қурилиш ишлари сунъий йўлдош тасвирларида ҳали кўринмаётгани ҳақидаги саволга жавобан компания биринчи босқичда 10-12 км масофага қувур тортиб келиниши, бу босқичда бирданига кўзга кўринадиган баланд бинолар қурилмаслигини билдирди.
Энергетика вазирининг матбуот котиби бу ишлардан хабари йўқлигини, Kun.uz'нинг саволларига жавоб олиб беришини айтди. “Saneg” расмий вакили компания бу борада изоҳ бера олмаслигини билдирди.
Saneg нимани ваъда қиляпти?
Saneg’нинг “Шўртан” ГКМни кенгайтириш лойиҳасига эга чиққанидан кейинги режалари аллақачон тайёр. Буни компаниянинг 2022 йил 2 ноябрда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга ёзган хатидан тушуниш мумкин. Ҳужжат нусхаси Kun.uz'да бор.
Бу хатда лойиҳани амалга ошириш маъқуллангандан сўнг, Saneg ўз режаларини маълум қилган:
- комплексни ишга туширишни режалаштирилган лойиҳа бўйича имкон қадар тезроқ, 2025 йил охиригача якунлаш;
- “Ўзбекнефтгаз” АЖга лойиҳа ижобий пул оқимига чиққандан сўнг келишилган харажатларни уч йил ичида қоплаш;
- лойиҳа доирасида сарфланган маблағ “Катта тўртлик”ка кирувчи халқаро компаниялар томонидан баҳоланиб, уларнинг хулосаси асосида аниқланган ҳаражатларни қайтариш;
- ягона объектдан ташқари объектдан фойдаланиш ва оптимал технологик ечимларни жорий этиш бўйича лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини текшириш.
Kun.uz'га маълум бўлишича, “Ўзбекнефтгаз” ушбу лойиҳага шу вақтгача 478 млн доллар сарфлаган.
Лойиҳанинг Saneg’га ўтиши “Ўзбекнефтгаз”ни дефолтга олиб келадими?
Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, “Ўзбекнефтгаз” лойиҳа Saneg ихтиёрига ўтса, бир қатор хавфлар юзага келиши мумкинлигидан ҳукумат ва Энергетика вазирлигини огоҳлантирган.
Компания Saneg’нинг таклифидаги қуйидаги хавфларни санаб ўтган:
— “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 700 млн доллар доллар миқдоридаги чиқарилган еврооблигациялар бўйича проспектнинг асосий шартларига кўра, 20 млн доллар миқдоридан кўп бўлган активларни ҳар қандай тасарруф этиш фақат бозор шартларида ва бозор нархларда амалга оширилиши керак, акс ҳолда евробонд бўйича дефолт ҳолатини ва кредиторларнинг евробонд ҳамда бошқа барча кредитларни муддатидан аввал қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келади;
— Saneg томонидан жамият харажатларини келгусида бахолаб қоплаб бериш таклифи ҳалқаро молиявий ҳисобот тизими бўйича тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш молиявий ҳисоботларда йўқотиш деб акс эттирилади, бу ўз навбатида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг евробондлар ва халқаро банклар билан бошқа кредит шартномалари ва облигациялар бўйича соф фойда билан боғлиқ молиявий шартларни бажариш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади;
— Лойиҳанинг амалга оширилиши тўҳтатилиши, жамият рейтинги ва инвестицион жозибадорлиги пасайишига сабаб бўлади, инвесторларда қарор қабул қилишдаги чалғитиш ёки қасддан ёлғон маълумот бериш каби ҳақли эътирозлар вужудга келади;
— Saneg’нинг лойиҳани сотиб олиш ва кўчириш бўйича таклифи евробонд проспект талабларига зид ҳисобланади. “Ўзбекнефтгаз” АЖ ушбу активни қолдиқ баланс қийматидан кам бўлмаган, фақатгина бозор қийматида инвестицион лойиҳа сифатида, истиқболдаги даромадларини инобатга олган ҳолда сотиши лозим;
— еврооблигациялар ва бошқа кредит шартлари талабларига жавоб бермаслик ва соф фойданинг камайиши дефолтга олиб келиб, давлат кафолати остида 2,6 млрд доллардан ортиқ миқдорда жалб қилинган, шу жумладан GTL лойиҳаси кредитлари бўйича кросс-дефолтга олиб келиши ва Ўзбекистон Республикасининг суверен рейтингига жиддий путур етказилиши хавфи мавжуд;
— Saneg томонидан лойиҳани молиялаштириш манбалари кўрсатилмагани лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш хавфини туғдиради ва бу ўз навбатида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан сарфланган маблағларнинг вақтида қоплаб берилишини хавф остига қўяди;
— Лойиҳани Saneg томонидан таклиф этилаётган МТО билан бирлаштириб амалга ошириш (ҳозирда амалдаги лойиҳаларнинг лойиҳалаштириш даражаси турли босқичда бўлиб, лойиҳа доирасидаги қурилмалар параметрлари икки йил аввал тасдиқланиб, асосий қисмига буюртмалар берилган) технологик жиҳатдан имконияти йўқ ва лойиҳалаштиришни янгидан бошлаш натижасида икки йил қўшимча вақт талаб этилади, натижада 2027 йилгача қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмайди;
— МТО янгидан лойиҳалаштирилган тақдирда Шўртан ҳудудида мавжуд бўлган қўшимча этанга бой табиий газ ва суюлтирилган газдан фойдаланиб бўлмаслиги натижасида, йилига 70 минг тонна полиэтилен ва 10 минг тонна полипропилен ишлаб чиқариб бўлмаслигидан йиллик 120,0 млн доллар (тўлиқ муддатда – 2,4 млрд доллар) миқдорида тушумдан воз кечилади;
— ички бозорда нафтани хомашё сифатида фақатгина шу лойиҳада талаб бўлишидан келиб чиқиб, унинг нархини сунъий пасайтириш хавфи мавжуд, бу эса GTL кредиторлари олдидаги “Ўзбекнефтегаз” АЖ мажбуриятларининг бажарилмаслигига олиб келади;
— “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Шўртан” ГКМ МЧЖ томонидан инвестиция қилинган (478 млн доллар) маблағни қайтариш бўйича аниқ шартлар ва механизмлар мавжуд эмас. Saneg’нинг таклифига кўра, лойиҳа доирасида сарфланган маблағ “Катта тўртлик”ка кирувчи халқаро компаниялар томонидан баҳоланиб, уларнинг хулосаси асосида аниқланган ҳаражатларни қайтариш шарти қўйилмоқда.
Компаниянинг бунга далил сифатида айтишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Jizzakh Petroleum қўшма корхонасига (ҳозирда Saneg) 2019 йилда тақдим этилган 104 та нефт конлари (!) бўйича активларнинг қолдиқ баланс қиймати 3,4 трлн сўм бўлган ҳолатда Jizzakh Petroleum қўшма корхонаси томонидан ёлланган “Катта тўртлик”ка кирувчи халқаро компаниялардан бирининг хулосасига асосан (номи Kun.uz'га маълум) 1,8 трлн сўмга, яъни баланс қолдиқ қийматидан деярли икки баробарга паст баҳоланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, “Ўзбекнефтгаз” ўзининг бир нечта вариантларини таклиф қилган:
1. Uzbekistan GTL заводи, “Шўртан” газни қайта ишлаш заводининг мавжуд ишлаб чиқариш ва хомашё базаси (қўшимча этанга бой табиий газ, синтетик нафта) ижтимоий, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва логистика инфратузилмасини ҳамда лойиҳани молиялаштириш ва қурилишнинг фаол босқичини бошлашга тайёрлигини ҳисобга олиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан лойиҳани амалга оширишни давом эттириш.
Бунда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ушбу активни ўз балансида сақлаб қолади ва евробонд кредиторлари талабларига тўлиқ бажарилиши, GTL заводи ёнида қурилиши, 430 минг тонна нафтани темирйўл орқали ташимасдан труба орқали етказиб беришда қўшимча транспорт харажатлари иқтисод қилиниши, йилига 280 минг тонна полиэтилен ва 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилиб, қўшимча 1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилишини айтган.
Ҳудудда “кондан – тайёр маҳсулотгача” тамойили бўйича юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш асосида тўлақонли занжирга эга кластер ривожланади.
Лойиҳанинг амалдаги ишлаб чиқариш корхонаси доирасида қурилиши кредиторлар томонидан қўйиладиган шартлар ва муддатларнинг қисқаришига ва фоиз ставкаларнинг камайишига олиб келади.
2. Лойиҳа доирасида сарфланган 478 млн доллар маблағларни евробонд талабларидан келиб чиқиб, Saneg томонидан бир марталик тўлов (активларни топшириш вақтида) билан қоплаб бериш.
3. Лойиҳани амалга оширишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Saneg” ўртасида қўшма корхона ташкил қилиб, “Ўзбекнефтгаз” сарфлаган 478 млн доллар маблағни жамиятнинг қўшма корхонадаги улуши сифатида киритиш. Бу эса “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2023–2025 йиллардаги молиявий оқимларига ижобий таъсир кўрсатади, жамият кредит юкламасининг кескин ошиши олди олинади, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ барча хавф-хатарлар икки иштирокчи ўртасида тақсимланади.
Энергетика вазирлиги нима дейди?
Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатга кўра, Saneg’нинг “Шўртан” ГКМ мажмуасини кенгайтириш лойиҳасини Қоракўл туманига кўчириш таклифи юзасидан энергетика вазири (1 январгача бош вазир ўринбосари мақомига ҳам эга эди) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тикланиш ва тарақиёт жамғармаси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖга “атрофлича ўрганиб чиқиш” топшириғини берган.
“Ўрганиш натижалари бўйича “Саноат энергетика гуруҳи” билан лойиҳани амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да назарда тутилган ҳар бир чора-тадбирни комплекс баҳолаш ва аниқлик киритиш ҳамда таклифларни Президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш” топширилган.
Қарор лойиҳаси жамоатчиликдан ёпиқ тарзда тайёрланган — манба
Kun.uz'нинг ҳукуматдаги ва Энергетика вазирлигидаги манбаларига кўра, “Шўртан” ГКМни кенгайтириш лойиҳасини Saneg’га бериш борасида президентнинг ёпиқ қарори лойиҳаси тайёрланган. Унда лойиҳанинг асосий эгалигини Saneg’га ўтказиш таклиф этилган.
Ҳозирча лойиҳа ҳолатидаги ҳужжат матнига кўра:
- Saneg ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасида лойиҳани амалга ошириш учун қўшма корхона тузилади. Қўшма корхона устав жамғармасида лойиҳа компанияси – Saneg’нинг улуши 60 фоиздан кам бўлмаган ҳамда "Ўзбекнефтгаз” АЖнинг улуши 40 фоиздан кўп бўлмаган миқдорларда тақсимланади.
- Қўшма корхона раҳбарлари Saneg томонидан тайинланади.
- Uzbekistan GTL МЧЖда ишлаб чиқариладиган нафта маҳсулоти қўшма корхона томонидан узоқ муддатли шартнома асосида тўлиқ харид қилинади.
- Қўшма корхона ташкил этилгандан сўнг бир ой муддатда “Ўзбекнeфтгаз” "Шўртан” ГКМнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси доирасида аввал бажарилган лойиҳа олди, лойиҳалаш, муҳандислик-геология ва бошқа ҳужжатларни ҳамда ушбу лойиҳа доирасида тузилган барча битимлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни қўшма корхонага ўтказиб бериши керак.
- Uzbekistan GTL томонидан ишлаб чиқарилган нафта нархи ҳам Saneg ёллаган халқаро консултантлар томонидан белгиланади.
- Бундан ташқари, Қоракўл ва Олот туманлари ҳудудларида 600 гектар бўш ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиб берилади.
Саноат энергетика гуруҳи ҳақида
“Саноат энергетика гуруҳи” (аввалги номи – Jizzakh Petroleum) 2017 йили ташкил этилган. Ўшанда янги қўшма корхонанинг 60 фоиз улуши “Ўзбекнефтгаз”га, 40 фоизи эса билвосита “Газпром”га тегишли бўлган. Бу икки таъсисчи Жиззахда нефтни қайта ишлаш заводи қурмоқчи эди. Бу лойиҳа амалга ошмай қолгач, корхонанинг 98 фоиз улуши 2020-2021 йилларда босқичма-босқич Belvor ҳолдингига ўтди. Компания эгаси ўзгариши баробарида Jizzakh Petroleum номи “Саноат энергетика гуруҳи” дея ўзгартирилди.
Belvor holding Кипрда рўйхатдан ўтган бўлиб, ОАВдаги маълумотларга кўра, ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фозиловга тегишли. Фозилов, шунингдек, Ўзбекистонда бурғилаш бўйича асосий пудратчи бўлмиш Eriell нефт конларига хизмат кўрсатиш компаниясига ҳам эгалик қилади.
Saneg эса нефт ва газ қазиб олишдан ташқари, бензин, дизел, нефт, авиация керосини каби маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Шу йил баҳорда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳам шу компанияга сотилган эди.
Расмий маълумотларга кўра, компания Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга 103 та конга эгалик қилади. Мамлакатдаги нефт қазиб олишнинг тахминан 80 фоизи, тасдиқланган газ захираларининг эса тахминан 25 фоизи Saneg ҳиссасига тўғри келади.
Аввал давлатнинг “Ўзбекнефтгаз” ширкатига қарашли бўлган бундай йирик активлар қандай қилиб хусусий компания қўлига ўтиб қолганини Ўзбекистон расмийлари очиқламаган. Бу конлар текинга бериб юборилгани эҳтимоли ҳам инкор этилмаган.
Шу билан бирга, тадбиркор Ўзбекистондаги бир қанча йирик компаниялар, хусусан, Family Park, Samarkand Touristic Center, TASS Primavera, Mironkul Stroy Servise, Wind rose, Tashkent International Medical Center кабиларга эгалик қилади.
Бахтиёр Фозиловнинг энг машҳур ва охирги вақтларда яна жамоатчилик эътиборига тушган компанияларидан бири – Enter Engineering. Энергетика (GTL заводини қурган) ва фуқаролик объектлари лойиҳаси ва қурилиши билан шуғулланувчи бу корхонага Бухоро шаҳри марказидаги салкам 33 гектарлик ер ҳеч қандай танловсиз берилиши режа қилинган, компания бу ерда қатор объектлар, хусусан марказий стадионни бузиб, ўрнига туристик мажмуа қуриши кўзда тутилганди. Лекин бу махфий режалардан хабар топган жамоатчиликнинг эътирозидан кейин лойиҳа Бухоро туризм маркази бошқа жойда қуриладиган бўлди.
Мадина Очилова,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
22:19 / 19.12.2024
Шавкат Мирзиёев газ қазиб олишни ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024