Жаҳон | 11:53 / 19.01.2023
6082
2 дақиқада ўқилади

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн истеъфога чиқди

42 ёшли Жасинда Ардерн олти йил Янги Зеландия бош вазири лавозимини эгаллаганидан сўнг тўсатдан истеъфога чиқишини эълон қилди. Ардерннинг сўзларига кўра, унинг мамлакатни бошқаришга кучи қолмаган.

Жасинда Ардерн / Фото: AFP-JIJI / TVNZ / VIA AFPTV

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн 19 январь, пайшанба куни истеъфога чиқишини эълон қилди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, унинг энди мамлакатни бошқаришга кучи йўқ. Ардерн ўз лавозимини февраль бошидан кечиктирмай тарк этишни режалаштирмоқда.

Жасинда Ардерн матбуот анжуманида бош вазир сифатидаги олти йил у учун оғир вақт бўлганини тан олди. Энди у ўз лавозимида қолиши ва янги сайловда иштирок этиш имкониятини кўрмаяпти. «Мен сиёсатчилар ҳам одам эканлигини биламан. Биз қўлимиздан келганча ҳамма нарсани қиламиз. Кейин эса вақти келади. Мен учун бу вақт келди», деди Ардерн.

Жасинда Ардерннинг бош вазирлиги даврида Янги Зеландия Крайстчерчдаги терактлар, зилзилалар, сиёсий ва иқтисодий инқирозлар ҳамда коронавирус пандемиясига бардош берди. Ардерннинг айтишича, иши унга қийин бўлгани учун эмас, балки «бу лавозимда энди бошқалар яхшироқ иш қила олиши» учун кетмоқда. 42 ёшли сиёсатчи тўрт ёшли қизига вақт ажратишни ва узоқ йиллик севгилиси Кларк Гейфордга турмушга чиқишни режалаштираётганини айтди.

Жасинда Ардерннинг кетиши ҳақидаги эълон Янги Зеландия аҳолиси учун кутилмаган бўлди. Сўровларга кўра, кўпчилик сайловчилар уни ҳукумат раҳбари лавозимида кўришни маъқул кўради, гарчи Ардерннинг бу лавозимга қайта сайланган 2020 йилга нисбатан машҳурлиги пасайган. Янги Зеландиядаги ҳукмрон Лейбористлар партияси 22 январь куни янги етакчини сайлайди, у 14 октябрда бўлиб ўтадиган навбатдаги умумий сайловга қадар бош вазир лавозимини эгаллайди.

Мавзуга оид