Пойтахт ҳокимлиги ва МИБ йирик лойиҳанинг “оёғидан тортмоқда”
МИБ Тошкент шаҳар ҳокимлигидан мулкдорнинг 88 млрд сўм маблағини ундириб беришда ожизлик қиляпти. Ҳокимликнинг 691 та кўчмас мулкка ва 23 та автотранспорт воситасига тақиқ қўйилгани айтилгани билан натижадан дарак йўқ.
Kun.uz олдинроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Хисорак Бешёғоч” МЧЖ ўртасидаги ишни ёритганди. 12 йиллик “тарих”га эга мазкур иш ҳокимликнинг 2011 йил 29 июндаги 373-сонли қарори билан Чилонзор туманида жойлашган, “Хисорак Бешёғоч” МЧЖга тегишли 6699 м² бино-иншоотлар салкам 3 гектар ер майдони билан давлат эҳтиёжлари учун олинганидан бошланган. Орадан шунча вақт ўтишига қарамай, ҳокимлик томонидан “Хисорак Бешёғоч” МЧЖга компенсация берилмаган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 3 февралдаги ҳал қилув қарори билан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан мулкдор фойдасига 88 млрд 566 млн сўм компенсация ундириш белгиланган. Мазкур иш 2022 йил 14 март куни аппеляция инстанцияси судида, 21 сентябрь куни эса кассация шикояти асосида Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўрилиб, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
2022 йил 4 апрел куни МИБ томонидан ижро иши қўзғатилган. Ижро иши республика МИБ Марказий аппарати иш юритувида. Аммо МИБнинг мазкур ишга муносабати деярли нолга тенг.
Мазкур масалада тадбиркор Акбар Сулаймонов Kun.uz’га интервью берди. Тадбиркорга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарздорликни қоплаб бермаётганлиги президент қарори билан Сирдарё туманида амалга оширилаётган бошқа йирик лойиҳага таъсир қилмоқда.
“2011 йилда Бешёғочда жойлашган салқин ичимликлар қуйиш заводимиз Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан бузилган. Қарорда кўрсатилган компенсация масаласи то бугунги кунгача ҳал қилинмади. Бу масала кўп маротаба кўтарилган, судларда кўрилган. Лекин суд қарори билан белгилаб берилган 88,5 млрд сўмлик компенсация пуллари тўлаб берилмаяпти. Бу ўз навбатида бизга президент қарорида кўрсатилган бошқа бир лойиҳани амалга оширишда қийинчилик туғдиряпти.
Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги қарори билан Сирдарё вилояти Сирдарё туманида шиша идишлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш тасдиқланган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш бизга юклатилган. Йилига 201 млн дона шиша идиш ишлаб чиқариладиган ушбу завод Ўзбекистон учун жуда муҳим ҳисобланади. Завод дастур бўйича 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган. Ҳозирда Хитойдан технологияларни келтириш жараёни бошланган. Лекин бу ердаги қурилиш-монтаж ишлари қийинчилик туғдиряпти. Бу ишларни ўз вақтида якунлаш учун 80 млрд сўм атрофида маблағ талаб қилинмоқда. Агар Тошкент шаҳар ҳокимлиги бизга тегишли бўлган 88,5 млрд сўмлик компенсация пулини қоплаб берса, бу маблағ тўлиқ мазкур лойиҳага йўналтирилади”, — дейди Акбар Сулаймонов.
Kun.uz МИБ матбуот хизмати билан боғланди ва ҳолат юзасидан изоҳ олди.
“Мажбурий ижро бюроси иш юритувига 2022 йилнинг 4 апрель куни Тошкент туманлараро иқтисодий судининг тегишли ижро варақасига асосан жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан даъвогар ҳисобига 88 млрд 566 млн 751 минг сўм компенсация тўлови ундириш тўғрисида ижро ҳужжати келиб тушган. Ижро ҳаракатлари даврида давлат ижрочиси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида барча банк ва кредит ташкилотлари ҳамда суғурта компанияларига, “МIB Portal” дастури орқали рўйхатга олувчи органларга электрон онлайн сўровномалар юборилди. Сўровномалар жавобларига кўра аниқланган 691 та кўчмас мулкка ва 23 та автотранспорт воситасига тақиқ қўйилиши таъминланган. Ҳозирда ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, — дейилади МИБ изоҳида.
Ҳар гал қуруқ ва “жонсиз” изоҳ беришга одатланган, бундан бирор бир айбдорлик хиссини туймайдиган МИБ бу сафар ҳам шу йўлдан бориб, барчанинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирмоқда.
Ваҳоланки, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” қабул қилинган қонуннинг 30-моддасига кўра ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак.
“Хисорак Бешёғоч” МЧЖ ҳолат юзасидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил» Қосимов Дулмурод Султонмуродович номига бир неча маротаба ўз мурожаатларини йўллаган.
Вакилнинг давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига роия этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш ҳуқуқи мавжуд бўлса-да, ижро ҳужжати масаласи юзасидан мажбурий ижро аппарати ҳодимларига ўз вазифасини бажармаётганлиги нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмаган.
“Хисорак Бешёғоч” МЧЖ иши бўйича маълумот олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Мукаррам Азимова билан ҳам боғланилди. Аммо ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари бу иқтисодий масала эканлиги, матбуот хизматига тааллуқли эмаслигини (!) айтишдан нарига ўтмади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва МИБ Ўзбекистон учун истиқболли бир лойиҳанинг “оёғига тушов” бўлмоқда. “Хисорак Бешёғоч” МЧЖ ишига ҳукумат даражасида эътибор қаратилиши зарур. Йўқса бу иш ортга сурилиб, янги лойиҳанинг тақдири савол остида қолаверади.
Руслан Сабуров, журналист
Монтаж устаси: Ғиёс Сафаров
Мавзуга оид
08:00 / 05.12.2024
321 млн сўмни талон-торож қилган МИБ ходими ушланди
13:29 / 30.11.2024
МИБ Суд ижрочилари халқаро иттифоқи билан ҳамкорлик қилади
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
07:37 / 08.11.2024