Жамият | 13:40 / 24.01.2023
27169
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ЙПХ автомобилида чақалоқ туғилди

Туғилажак чақалоқнинг бувиси Фарғона ҳалқа йўлида хизмат ўтаётган ЙПХ инспекторларидан ёрдам сўрагач, инспекторлар ҳомиладор аёлни патрул машинасига ўтказиб, туғуруқхонага қараб йўлга чиқишган ва йўлда аёлнинг кўзи ёриган.

Фото: Видеодан кадр

Наманган вилоятида хизмат олиб бораётган йўл-патрул хизмати машинасида чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Наманган вилояти ЙҲХБ ЙПХ 5-сафарбарлик гуруҳи ходимлари 4P-112 Фарғона ҳалқа автомобил йўлининг 20-километрида хизмат олиб бориш чоғида йўл четида тўхтаб турган Cobalt автомашинасини учратишган. Унинг ичидан аёл киши тушиб, ҳайдовчининг тоби қочганини айтиб, ҳомиладор келинини туғуруқхонага олиб боришни сўраган.

Ҳомиладор аёлнинг ҳолати ёмонлашгач, туғуруқ яқинлашаётганини сезган ходимлар «тез ёрдам»ни кутмай туғуруқхона томон ҳаракатни давом эттирган. Аммо йўлда тўлғоқ жараёни бошланган ва манзилга етиб улгурмай чақалоқ ЙПХ автомобилида дунёга келган.

Туғуруқхонада аёлга шифокорлар томонидан зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган, она ва янги туғилган қизининг саломатлигига ҳеч қандай хавф йўқ.

ИИВ ЙҲХХ матбуот хизматига интервю берган қайнота ва қайнона ўғли хизмат сафарида экани туфайли, келинини туғуруқхонага олиб кетаётган бўлгани, отанинг мазаси қочгани ва шундай вазиятда ЙПХ ходимлари ёрдамга келганини айтиб, миннатдорчилик билдиришган.
 

Мавзуга оид