Иқтисодиёт | 21:30 / 25.01.2023
20493
2 дақиқада ўқилади

Туркия лираси энг хатарли валюта мақомини олди 

Ҳозирда у Россия рублидан ҳам хатарли деб баҳоланмоқда. 

Фото: Erhan Demirtas/Bloomberg

Турк лираси жаҳон инвесторлари нуқтаи назаридан бўлажак президентлик сайлови арафасида ва республика иқтисодиётидаги ноаниқликлар оқибатида энг хатарли валюта сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди. 

Инвесторлар активнинг хатарлилигини опционлар қийматидаги фарқ орқали баҳолайдилар. Январ ойи охирида турк лирасини АҚШ долларига нисбатан сотиш опционлари билан турк валютасини сотиб олиш опционлари ўртасидаги фарқ 13 фоизга ошиб, ривожланаётган мамлакатларнинг барча валюталари орасида мутлақ рекордга эришган. Шу тарзда лира деярли бутун 2022 йил давомида дунёдаги энг хатарли валюта бўлиб турган Россия рублини ортда қолдирган. 

Мутахассислар лиранинг хатари ортиб бораётганини Туркиядаги президентлик сайловига алоқадор ноаниқлик билан боғламоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған президентлик ва парламент сайлови учун овоз бериш санасини эртароққа, 18 июндан 14 майга кўчириши мумкинлигига ишора қилган эди. Туркия узоқ йиллар давомида Эрдўғаннинг Марказий банк пул-кредит сиёсати қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги тасаввурини амалга ошириб келмоқда. 

«Сайлов арафасида Марказий банк ставкани яна пасайтириши хавфи бор ва буларнинг барчаси бозор кутилмаларига сезиларли таъсир кўрсата бошлади. Шундай қилиб, опционлар лиранинг ҳозирги даражадан заифлашиши хавфини аниқроқ баҳолай бошлади», деди TD Securities таҳлилчиси Кристиан Мажио. 

Одатда регулятор инфляция ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ўртасидаги мувозанатни топиш учун ўз механизмларидан фойдаланади. Аммо Эрдўған бошчилигидаги Марказий банк ҳеч қандай мувозанатни изламаяпти. Бир неча йиллар давомида регулятор мамлакатдаги инфляция рекордларни янгилаётганига қарамай, ставкаларни рекорд даражада паст миқдорда ушлаб турибди. 

Лира курсини умумий ҳалокатдан валюта интервенциялари сақлаб турибди. Бироқ, сайлов санасининг ўзгариши пул-кредит сиёсати ўзгаришини ҳам англатиши мумкин. Бу эса инвесторлар орасида саволлар туғдирмоқда. 

Мавзуга оид