Ўзбекистон | 16:07 / 26.01.2023
51555
3 дақиқада ўқилади

“Яна 5 йилдан кейин тамоман чўкамиз” — шаҳарларимиз муаммолари ҳақида мутахассислар билан суҳбат

Бугун Ўзбекистонда шаҳарсозлик қай аҳволга келиб қолди? Kun.uz'нинг #Boricha подкастида шаҳарсоз Темурбек Аҳмедов, энергетика мутахассиси Сарвар Қурбонов, экофаол Нозима Олимова ва журналист Бобур Акмалов шаҳарсозликда нима қилиш ва нима қилмаслик кераклиги ҳақида, Тошкент шаҳри мисолида сўз юритади.

Инсоният шаҳарлар қуришга ўрганиб олганидан бери кўпчилик шаҳарга интилади, ҳар ҳолда ёш ва қувватга тўла одам шаҳарда яшашни исташи бор гап. Чунки шаҳар – имкониятлар макони, шаҳарда ҳаёт қайнайди. Кўп ишлар қилса бўлади, қулайроқ яшаш мумкин.

Қулай, хавфсиз, хотиржам ва яхши яшаш борасидаги намуна шаҳарлар кўп. Бу борада кимдир Прага, Будапешт, София каби Шарқий Европа шаҳарларини, яна кимдир ривожланган Европа ва АҚШ шаҳарларини, яна бошқа биров Дубай, Токио, Истанбул каби мегаполисларни, яна бошқа биров кичикроқ “миллионлик” шаҳарларни маъқул кўради.

Юқоридаги исталган шаҳарни у ёки бу даражада ривожланган, қулай ва яшаш учун комфорт шаҳар, дейиш мумкин. Электр, газ, сув таъминотининг узлуксизлиги, оқова ва дренаж тизимининг мукаммаллиги, яшил ва сокин ҳудудлар ҳамда турли бошқа кўнгилочар объектларнинг етарли экани – шаҳар аҳолиси учун ўта муҳим факторлар.

Хўш, Ўзбекистон шаҳарлари, жумладан мамлакат бош кентида аҳвол қандай?

  • Яқиндагина лавозимидан бўшатилган ҳокимдан сўнг Тошкент қай аҳволда қолди?
  • Мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларидаги аҳвол бош кент билан бир хилми?
  • Биз кўрган аномал совуқ оқибатида нима учун энергетика коллапси юзага келди?
  • Шаҳарсозлик нормаларига риоя қилинадими?
  • Ўзи шаҳар қуриш қандай бўлиши лозим?
  • Энергетик инқироз дарҳақиқат бор нарсами ё коллапс фақат палапартиш қурилишлар натижасими?
  • Собиқ ҳоким даврида қандай хатоларга йўл қўйилди?
  • Бундан буён нималар қилсак тўғри бўлади?

Саволлар кўп. Нафақат журналистларда, балки оддий одамларда ҳам саволлар кўп ва энг ачинарлиси, бу саволларга жавоб берадиган масъулнинг ўзи йўқ. Собиқ ҳокимнинг салкам 5 йиллик фаолиятида асрларга татигулик хатоларга йўл қўйилгани бор гап. Амалдорлар жим экан, юқоридаги саволларга биз – мутахассис ва журналистлар жавоб топишга уриндик. Балки (умид жуда кам) мутахассис ва шаҳарларнинг росмана эгаси – халқнинг фикрига энди қулоқ солишар? Балки бу чиқишларимизнинг келгусида нафи тегиб қолар?

Айни шу мақсадда Kun.uz журналисти Бобур Акмалов #Boricha подкастининг навбатдаги сонида шаҳарсоз мутахассис Темурбек Аҳмедов, энергетика бўйича мутахассис Сарвар Қурбонов ва экофаол Нозима Олимова билан суҳбатлашди.

Мавзуга оид