5 ой аввал “Tаshkent Index”га жойлаштирилган талабалар мажбуран чиқарилмоқда
“Биз “Tаshkent Index”да яшовчи талабалармиз. Илтимос, бизга ёрдам беринг, шу совуқда яширинча кўчага ҳайдашяпти. “Замдекан”ларимиз келиб, бугуннинг ўзида кетишимизни талаб қилди. Биз шу совуқ кунда чиқиб қаерга борамиз?”
26 январ куни Kun.uz'га шу мазмундаги онлайн мурожаат келиб тушгач, “Tаshkent Index” савдо-ишлаб чиқариш мажмуасида ташкил этилган ётоқхонага етиб бордик. Мажмуа ҳудудига етиб борибоқ кўрганимиз ёппасига кўч-кўронини йиғиштираётган талабалар бўлди.
Биз вазиятга ойдинлик киритиш учун юкларини йиғиштириб кетаётган талабаларга микрофон тутдик. Аммо савдо мажмуасининг қўриқлаш хизмати ходимлари ва ОТМ ўқитувчилари назорати ҳамда қаршилиги сабаб улар билан суҳбатлашишимиз осон бўлмади.
“Шу пайтгача ётоқхонамизда жой йўқ эди. Ҳозир 4-курслар амалиётга чиқяпти, шунинг учун талабаларни ётоқхонага олиб бориб жойлаштирамиз”, – деди Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиларидан бири.
Нега, қаерга чиқиб кетяпсиз мазмунидаги саволларимизга худди шу университетнинг бир нечта талабаларидан жавоб олдик.
“Бу ерда 8 киши турар эдик. Ҳозир ўз хоҳишимиз билан ижарага чиқмоқчимиз. Ётоқхонага ҳам болаларни олиб кетишяпти, лекин биз ижара уйга чиқмоқчимиз. Ўз хоҳишимиз билан”, – дейди улардан бири.
“Билмадим нега чиқиб кетаётганимизни. “Сроги” тугагандир...” – дейди бошқа бир талаба.
Ўзлари ёлғиз ёки ота-оналари билан юкларини йиғиштираётган талаба қизларни учратдик. Улар вақтинча ижарага кўчишаётганини айтишди.
“Стоматология институтида ўқиймиз. Ётоқхонамиз битгани учун бу ердан чиқиб кетяпмиз. Ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ, ҳеч ким қувиб чиқармаяпти. Ҳозирча ижара уйда турибмиз, бир ҳафтада ётоқхонага кўчиришар экан”, – дейди улардан бири.
Кўч-кўронини елкасига ортиб коридорда шошилиб ҳаракатланаётганлар орасидан ўтиб, юклари йиғилган бўлса-да ҳалиям хоналарини тарк этмаган талабаларга микрофон тутамиз. Минг бор ўйланиб улардан бири дардини очади:
“15 дақиқа олдин чиқиб кетишимизни айтишди. Ҳеч бўлмаса, бир неча кун олдин айтиш керак эди. Институт ходимлари келиб, шу ерда турган ҳамма талабани чиқариб юборяпти. Ҳозир ижара уйга чиқиб кетишга мажбурмиз. Институт ётоқхонасига борсак, жой бўлмаса, полга ётишимизни айтишяпти. У ердан ҳам кейин ижарага чиқишимиз керак экан, фақатгина ижара уй топгунча жой бериб туришар экан.
Безиб кетганмиз. Декабр ойида қор ёғиб турган ҳолатда бизни «В» блокдан «А» блокка кўчиришди. «А» блокда кондитционер ишламади, иссиқ сув йўқ. Ё иссиқ пайти, ё қордан сўнг кўчиришсин эди. Пулини олишяпти, лекин талабга жавоб бермайди.
Бу гапларим ортидан институтдан ҳайдалиб кетишим ҳам мумкин. Лекин ичим ачияпти, талабалар қийналяпти. Ҳамма кўриши керак вазиятни. Биринчи шароит яратиб бериши керак, кейин таълим бўлади. Бу тарзда қандай биз илм оламиз?”
Аммо биз билан суҳбатлашган хусусий ОТМ талабалари шартнома ўқув йили якунигача тузилгани учун, май ойигача шу ерда қолишларини маълум қиларкан, “...бизнинг чиқиб кетишимиз ҳақида гап бўлгани йўқ” – дейишди ишонч билан.
“Талабалар келиши ва кетиши ихтиёрий. “Tаshkent Index” администрацияси томонидан ҳеч кимга чиқиб кет дейилмаган. Давлат университетлари ёки хусусий фарқи йўқ. Ўқув йили охиригача шартнома қилинган”, – дея тасдиқлайди талабанинг фикрларини “Tаshkent Index” савдо мажмуаси юристи.
Хўш, шундай экан нега талабалар айни сессиялар бошланган пайтда, ўқув йилининг ўртасида ёппасига кўчириляпти? Саволимизга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазизбек Мингишов қуйидагича жавоб берди:
“Биз болаларга таътилга кетишидан олдин бу ер қиш мавсумига жавоб беролмайди, деб айтганмиз. Бу жой вақтинча яшаш учун мослаштирилган, аномал совуқ вақтида жуда қийин аҳволга тушади. Электр печкалар иситиши мумкин, лекин ёнғин хавсизлиги масаласи бор, электр ўчиб қолиши ҳолати бор. Шунинг учун ОТМлар чоралар кўрган.
Масалан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ТТЖга қўшимча кароватлар жойлаштириш орқали 139 та ўрин яратиб, талабаларни олиб чиқиб кетди. Тошкент давлат педагогика университети Оқтепадаги коллежнинг ТТЖ биносини шартнома асосида олиб, 400 га яқин жой яратиб, “Toshkent Index”дан 300 га яқин талабани олиб чиқиш чораларини кўрган. Тошкент давлат стоматология институти қишки таътил бошланмасидан олдин барча талабасини олиб чиқиб кетган эди, бирорта талаба қолмаган.
Нодавлат таълим муассасалари билан биз шуғулланмаймиз. Биз ҳисоб-китоб қилганимизда таътилга кетишдан аввал умумий 35 га яқин талаба қолган эди”.
Мингишовнинг қўшимча қилишича, “Tаshkent Index”га талабаларнинг назоратсиз жойлашиш ҳолатлари ҳам кузатилган.
“Бу ерга ҳеч қандай назоратсиз, талабаларнинг ўзлари келиб жойлашиш ҳолатлари ҳам бўлган. Юклари билан келган талабани кўчага чиқармайди, жойлаштиришга мажбур бўлади. Аниқлашимизча, бундай 130 нафар талаба бор. Улар билан ҳам эрталаб гаплашдик. Чиқариб юбормаслигимизни, ўз хоҳишлари эканини айтдик. Лекин ОТМда имконият бўлса, уларни жойлаштиришни сўрадик.
ТТЖда турган талабалар ҳам тартиб-интизом, назоратдан қочиб, “Toshkent Index”га жойлашмоқда. Сиртқи таълимда таҳсил оладиган, лекин ўқимаётган, ишлайдиган талабалар ҳам “Toshkent Index”га жойлашиб олган. Бу ерда назорат йўқ, нохуш ҳолатлар ҳам келиб чиқиши мумкин.
Ҳозирги ҳолатда 70 га яқин талаба қолган. Қайтариб айтаман, ижара уйларга ҳам олиб чиқилгани йўқ. Агар ўзи хоҳлаб, “Toshkent Index”да қолмоқчи бўлса, биз киритамиз ҳозир ҳам”, – дейди вазирлик масъули.
Маълумот учун, бу мажмуага талабаларни жойлаштириш ташаббуси 2022/23 ўқув йили аввалида Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан чиққанди. Расмийлар талабалар тўлайдиган ижара пули ТТЖга тўланадиган миқдордан ошмаслигини айтишганди.
Вазирлик маълумотига кўра, бу ерда 3 минг талаба ўрни ташкил этилиб, шу кунгача 13 та давлат ОТМнинг 1793 нафар талабаси яшаган.
Мавзуга оид
13:44 / 16.12.2024
Қўқон давлат педагогика институти талабаси талабалар турар жойининг 3-қаватидан тушиб кетди
17:42 / 04.12.2024
«Пахтакор» бюджети 100 миллиарддан ошади». Ортиқхўжаев қониқарсиз натижа, янги мураббий, Черан ва режалар ҳақида
12:00 / 04.12.2024
«Пахтакор» португалиялик янги бош мураббийини таништирди
20:25 / 23.08.2024