Жамият | 12:33 / 27.01.2023
14721
2 дақиқада ўқилади

"Болаларим тўшакка михланиб қолишидан қўрқаман" — икки фарзанди оғир хасталикка чалинган она изтироби

Тақдир тақозоси сабаб уч фарзанди билан турмуш ўртоғидан ажрашган Зубайда Эшбоева уларга ҳам ота, ҳам она бўлди. Болаларининг роҳатини кўраман деганда икки ўғли оғир хасталикка чалинди.

“Бир қиз, икки ўғлим бор. Қизим беш йилдан бери идиш-товоқ ювиб рўзғоримизни тебратишга кўмаклашади. Икки ўғлим хасталаниб қолгандан бери оиламизнинг ёлғиз боқувчиси ҳам шу қизим.

Кичкина ўғлим гематология шифохонасига тушиб қолди. Унга оққон касаллиги ташхисини қўйишди. Катта ўғлим 21 ёш. Маданият институтида ўқийди. Лекин болалигидан оёғида чап сон чиқиши емирилиши билан оғриб келади.

Боламни вақтида имкон топиб даволатолмадим. Имкон топганда даволатдим, тополмаганимда ожиз қолдим. Лекин ҳозир оёғининг биттаси емирилиб кетган. Косаси ҳам зарарланишни бошлаган. Ҳозир қаттиқ оғриқлардан азоб чекади, жуда ҳам хавотирдаман.

Агар емирилиш давом этса, фалаж бўлиб ётиб қолади. Бўйи етиб, ўқиб юрган болам тўшакка михланиб қолиши мумкин. Икки болам учун уйсизлигим ҳам кўзимга кўринмаяпти”, дейди онаизор ўкинч билан.

Асрор куч-қувватга тўла, онасига кўмак берадиган ёшда имконияти чекланиб қолаётганидан ўкинади.

“Ёшлигимдан оёғим оғрийди. Кўп юролмайман. Юрсам оғриқ ҳам кучайиб бораверади. Тенгдошларим қатори ишлаб, ҳар томонлама онамга ёрдам беришни хоҳлайман. Қанийди, укамга, онамга тиргак бўлолсам, опамнинг бўйнидаги масъулият юкини олсам”, дейди Асрор.

Зубайда опанинг қизидан бошқа суянадиган ҳеч кими йўқ. У болаларининг тўшакка михланиб қолишидан жуда хавотирда.

Асрорбек ва Жўшқин Рўзиматовларга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 3129 5856 7204 бемор Асрорбек Рўзиматов номида

Ўзкард: 8600 0610 2760 0625 бемор Асрорбек Рўзиматов номида

Манзил: Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, 9-уй 27-хонадон.

Мавзуга оид