ДХХ Human.uz сайти раҳбари ва бошқаларнинг қўлга олиниши бўйича маълумот берди
Маълум қилинишича, қўлга олинганлар Telegram'даги “Kompromatuzb” ва бошқа каналлар орқали қилинган товламачилик жиноятларига алоқадорликда гумонланяпти.
Давлат хавфсизлик хизмати Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва бошқаларга нисбатан очилган жиноят иши бўйича расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, жиноят иши ДХХ томонидан очилган ва бунга фуқаро И.А.нинг мурожаати сабаб бўлган. Хуршид Далиев ва бошқалар Telegram'даги “Kompromatuzb” ва бошқа каналлар орқали қилинган жиноятларга алоқадорликда гумонланяпти.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Тергов давомида процесс иштирокчилари адвокат билан таъминланган. Тергов жараёнларини олиб боришда уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши кафолатланади. Ушбу жараён билан боғлиқ маълумотлар доимий равишда эълон қилиниб борилади”, – дейилади ДХХ ахборотида.
Расмий хабарда гумондорлар сонига ва уларнинг мансабига аниқлик киритилмаган.
Қонунчиликка кўра, мазкур модда билан айбланганларнинг айби тасдиғини топса, айбдорлар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Айни пайтда, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳуқуқ органларини мазкур вазиятда амалдаги қонунчиликка риоя қилишга чақирди.
“Аниқланишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаролардан ушбу интернет-нашрда ишловчи ходимлар билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларга асосан, Тошкент вилояти Қибрай тумани Университет кўчаси 2-уйда тезкор тадбир ташкил этилган. Тез орада батафсил маълумот берилиши таъкидланди.
Рақамли технологиялар вазирлигининг маълумотига кўра, Human.uz веб-сайти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган интернет тармоғи Реестрига киритилмаган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ундан фойдаланилишига чеклов қўйилмаган.
АОКА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини Human.uz интернет-нашри ходимлари билан боғлиқ вазиятда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишига ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишига чақиради”, – дейилади агентлик баёнотида.
Мавзуга оид
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
21:49 / 12.12.2024
Австралия интернет компанияларни маҳаллий ОАВ контенти учун пул тўлашга мажбур қилади
16:18 / 10.12.2024
Суриядаги урушда қатнашиб, вазиятни ёритаётган ўзбекистонлик шахс қидирувда экани маълум қилинди
12:38 / 25.11.2024