Жаҳон | 18:46 / 27.01.2023
10024
2 дақиқада ўқилади

Эронда Озарбойжон элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилди

Элчихона ходими ҳалок бўлди, яна икки нафари жароҳатланди.

Фото: AP

Теҳронда Озарбойжон элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилди. Оқибатда элчихона хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳалок бўлди, яна икки ходим яраланди, деб хабар берди Озарбойжон ТИВ матбуот хизматига таянган ҳолда «Коммерсантъ».

ТИВ маълумотларига кўра, ҳужум маҳаллий вақт билан соат 8:30 атрофида содир бўлган. Калашников автомати билан қуролланган шахс элчихонага бостириб кириб, ўқ узган. Хавфсизлик хизмати ходимларидан бири у билан курашиб, қуролни тортиб олишга уринган.

Ҳужум тафсилотлари акс этган видеони Россия ТИВ вакили Мария Захарова эълон қилди. У «элчихона ходими худди шер каби курашганини» таъкидлади.

Теҳрон полицияси бошлиғи Сардор Ҳусайн Раҳимий ҳужумчи қўлга олинганини маълум қилди. Tasnim агентлиги хабарига кўра, эркак «шахсий ва оилавий муаммолар» туфайли ҳужум уюштирганини айтган.

Озарбойжон элчихонасига қуролли ҳужум уюштириш факти юзасидан тергов бошланди. Озарбойжон ТИВ воқеа тафсилотлари ҳақида қўшимча маълумотлар кейинроқ батафсил эълон қилинишини таъкидлади.

Мавзуга оид