«Ортиқхўжаев пойтахтни қонунлар асосида эмас, билганича бошқарди» – иқтисодчи
Иқтисодчи Жамшид Муслимов, ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов, сиёсий фанлар доктори Бекзод Зокиров Kun.uz'га берган интервьюсида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ишдан кетишига сабаб бўлган омиллар, фаолияти давомида йўл қўйган хатолари, ҳокимларни тайинлаш институтининг муаммоли жиҳатлари, уларни сайлаш тизимига ўтиш кераклиги ҳақида фикр билдиришди.
— Ижтимоий тармоқларни кузатарканмиз, Ортиқхўжаевнинг ишдан олиниши масаласида жамоатчилик иккига бўлинганини кузатамиз. Аксарият интернет фойдаланувчилари унинг истеъфосини олқишлашган бўлишса, фикр билдираётганлар орасида собиқ ҳокимнинг ёнини олаётганлар ҳам бор. Уларнинг фикрича, пойтахтдаги барча муаммоларга, хусусан, аномал совуқ пайтида кузатилган энергоресурслар таъминотидаги узилишларга биргина Ортиқхўжаев айбдор эмас. Улар “асл айбдорлар тепада ўтиргани ва жазосиз қолишаётгани”ни айтишмоқда. Бу фикрларга қўшиласизларми?
Жамшид Муслимов, иқтисодчи:
— Бу фикрларга қўшилмайман. Чунки ҳоким ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда шаҳарни қишки мавсумга тайёрлаши керак эди. Агар бу борада қандайдир қийинчиликларга дуч келаётган бўлса, бу ҳақда президентни ва жамоатчиликни бохабар қилиши керак эди.
Кўрдикки, ош бериш, бир неча кун кутиб туриш каби ғалати ташаббуслар билан чиқди. Фикримча, бу ерда биринчи ўринда шаҳар ҳокими айбдор. Антикризис бошқарув кўникмаларга эга эмаслиги кўриниб қолди. Пандемияни ҳам бошдан ўтказди бу шаҳар ва бу орқали жиддий ҳолатларга кўникма, иммунитет ҳосил қилиш керак эди, аслида. Ортиқхўжаев шаҳар ҳокими бўлгандан бери унда бошқарувчилик қобилияти кўринмади.
Тадбиркор яхши бошқарувчи бўлиши мумкин ўз корпорациясида, лекин жамият билан боғлиқ бўлган давлат ишида бу ёрдам бермайди. Экстремал ҳолатларда қарор чиқариш кўникмаси бўлиши керак эди, аммо у ўз устида ишламади. Умуман, Ортиқхўжаевнинг ҳоким бўлиши бошидан хато эди.
Абдураҳмон Ташанов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари:
— Унинг шаҳар ҳокимлигига тайинланиши масаласини бир кўриб чиқсак. Чунки одатда пойтахт шаҳарларида жамоатчиликнинг ҳар қандай қатлами билан мулоқот қила оладиган кишилар бўлиши керак. Шу пайтгача унинг чиқишларида бирор марта «инсон ҳуқулари» деган жумлани ишлатганини эшитмадим.
Иккинчидан, пойтахт сифатида Тошкентда кўплаб зиёлилар, олимлар бор, аммо уларнинг бирортаси билан учрашганини кўрмадим. Умумий жиҳатдан Ортиқхўжаев яхши ёки ёмонлиги тўғрисидаги гапларга қўшилмайман. Яна бир масала бор: ундан олдинги ҳокимлар яхшироқмиди? Тарихга қараб чиқилса, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ҳеч ким яхшилик билан кетмаган.
Бу ерда биз Ортиқхўжаев шахси ҳақида эмас, бутун Тошкент шаҳри ҳақида ўйлашимиз керак. Масалан, Тошкент шаҳрининг бош режаси йўқлиги айтилди. Бунга Ортиқхўжаев айбдорми ёки тепадагилар, деган саволлар пайдо бўлади.
— Инсон ҳуқулари борасида гап кетди. Кузатишларингиз давомида Ортиқхўжаевнинг инсон ҳуқуларига зид қайси ҳаракатлари, қайси можароли ҳолатларни айта оласиз?
— Инсон ҳуқуқларига ҳурматсиз қаради. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан ташқари нодавлат ташкилотларга ҳам жуда ёмон муносабатда бўлди. 2018 йилдаги президентнинг нодавлат ташкилотларни такомиллаштириш тўғрисида қарорига мувофиқ 2019 йилгача нодавлат ташкилотлар жой билан таъминланиши керак эди. Аммо бўлмади. Нодавлат ташкилотлар ва фуқаролар институтларга муносабатини шундан кўриш мумкин эди.
Иккинчидан, Ўзбекистон республикасида инсон ҳуқуқлари вакили омбудсман биноси 5 йил олдин таъмирлашга берилган эди, аммо битмади. Учинчидан, кўплаб фуқаролар бошпанасидан айрилди. Бу борада фақатгина ҳокимни айблаб бўлмайди, чунки судлов тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам айбдор.
Ҳокимлар борасидаги сиёсатни қайта кўриб чиқиш керак. Чунки электр, газ ва бошқа муаммолар фақат Тошкентда эмас, бошқа вилоятларда ҳам бор. Ортиқхўжаевни умуман қоралаб ташламоқчи эмасман, бу ерда уни тайинлаган одамлар кўпроқ жавоб бериши керак.
Бекзод Зокиров, сиёсий фанлар доктори:
— Юқорида айтилган икки қарашнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Тошкентнинг шаҳар сифатида ўзгаришига ижобий таъсир ўтказди бир томондан. Лекин салбий тарафлари ҳам бор. Мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги жуда катта зарба олди. Буни «снос» мисолида кўришимиз мумкин.
Мирзиёев ҳокимиятга келгач, инвестиция киритиш, давлатни ривожлантириш ғоясини илгари сурди. Бунинг ортида мулк дахлсизлиги ётади. Давлат ривожланиши масаласидан мулк дахлсизлиги масаласи устун туриши керак аслида.
— Айримларнинг фикрича, Ортиқхўжаевни анча аввалроқ, яъни бундан жиддийроқ вазиятда ишдан олиш мумкин эди, деб ҳисоблашмоқда. Сизнингча, у айнан қайси можароли воқеалардан кейин бемалол лавозимидан озод этилиши мумкин эди-ю, аммо бундай бўлмади? Нега электр-газ масаласига тўғридан тўғри жавобгар шахс бўлмай туриб, энди ишдан олинмоқда?
Жамшид Муслимов:
— Аввало биз ҳокимларнинг вазифалари ҳақидаги фикрларимизни, мезонларимизни аниқлаштириб олишимиз керак. Қачонки, шу мезонлар аниқлангач, бу борада фикр юритиш мумкин. Икки хил тарафли фикрлар ҳар хил мезонлар асосида келиб чиқмоқда. Умуман, давлат, жамият тўғрисидаги тушунчаларимиз бир тартибга келмаган.
Шахсга нисбатан қоралашдан йироқ бўлишимиз керак, лекин давлатчилик, шаҳарсозлик борасидаги тушунчаларни маромга келтириб олиш учун бу нарсаларни таҳлил қилишимиз керак.
Менимча, Ортиқхўжаев умуман ҳоким бўлиши керак эмас эди. Ёки журналистлар билан бўлган можародан кейин ўзи истеъфо бериши керак эди. Ривожланган давлатларда бу каби ҳолат сўз эркинлигига қарши хуруж бўлади.
— Ортиқхўжаевнинг ишдан олиниши кифоя бўладими ёки унинг қилган ноқунуний ишлари кўрилиши керакми? Кўпинча амалдорларимиз ишдан бўшаш билан жавобгарликдан қутулиб қолади.
Абдураҳмон Ташанов:
— Ортиқхўжаевнинг сахийлиги гапирилди. Ўша сахийлик ҳам қонун доирасида бўлиши керак. Ҳоким доим қонун билан иш кўриши лозим. Қилинган ишларнинг ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий оқибатларини оммага етказиш керак. Биз унинг яқинлари, ҳамкорлари кимлигини билайлик. Бу нарсалардан хабардор идоралар буларни жамоатчиликка ошкор қилиши керак. Шунда давлатнинг легитимлиги ортади.
Бекзод Зокиров:
— Аслида анча олдин, салбий оқибатларга олиб келган ишларидан сўнг ишдан олиниши керак эди. Бу ерда манфаатлар тўқнашуви бор. Бизнесмен киши ҳокимликка ўтгач, бу манфаатлар тўқнашуви даражаси ортади. Ваколатларни суиистеъмол қилиш ва қонунга эътибор бермаслик ҳолатини келтириб чиқаради. Бундай ҳолатларга олдиндан эътибор берилиши, ишдан бўшагунча кутиб турмаслик керак эди.
Tаshkent city'нинг қурилишидан тортиб яна кўплаб масалаларда манфаатлар тўқнашуви бўлган. Бу борада халқаро доирада ҳам журналистик суриштирувлар бўлган. Айтмоқчиманки, суриштирув ҳужжатлари чиққан пайтдаёқ кўриб чиқилиши керак эди Ортиқхўжаев масаласи, шунда бошқа бошқарув органларида ишлаб юрган мансабдорларга ҳам сигнал бўларди бу.
— Лекин ОАВ, жумладан, Кun.uz ҳали Ортиқхўжаев лавозимда пайти унинг қонунга зид ҳаракатлари ҳақида ўнлаб мақолалар эълон қилган. Ҳокимга алоқадор деб кўриладиган ташкилотларнинг тендерсиз катта-катта лойиҳаларни қўлга киритганимеъёрдан ортиқ сметалар билан бюджетдан пул олгани каби бир қанча ҳолат ёритилган. Афсуски, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу борада сусткашлик қилган. Бундай ҳолатда текширув ишларини олдинроқ бошлаш керак эди дейиш қанчалик тўғри бўлади?
Ҳамкасбим Бобур Акмаловнинг Ортиқхўжаевнинг ваъдалари ва уларнинг ижросига бағишланган кўрсатувида унинг қудаси президент маслаҳатчиси бўлгани, собиқ президент администрацияси раҳбари уни ҳимоя қилиб келгани ҳақида шамалар бор. Бу вазиятда қандай қилиб жазо муқаррарлиги ҳақида гапириш мумкин?
— Бундан шуни хулоса қилиш мумкинки, демак, фақат Ортиқхўжаев масаласида эмас, бутун системада бу муаммо илдиз отган. Афсуски, битта одам билан бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди.
Суҳбатни тўлиқ Kun.uz’нинг ютуб-каналида кўриш мумкин.
Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024