Жаҳон | 10:58 / 30.01.2023
7646
3 дақиқада ўқилади

АҚШ молия вазири: Давлат қарзи чегарасини ошириш керак

АҚШ молия вазири Жанет Йелленга кўра, агар ҳукумат ташқи қарз чегарасини оширмаса, Қўшма Штатлар рецессияга дуч келиши мумкин.

Жанет Йеллен / Фото: Reuters

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен мамлакатнинг давлат қарзи билан боғлиқ вазиятдан хавотирда, у яқин келажакда дефолтга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда у 28 январь куни Axios нашрига берган изоҳида айтиб ўтди.

Расмийнинг айтишича, агар Конгресс куз бошигача мамлакатнинг ташқи қарзи чегарасини кўтармаса, америкаликлар чуқурлашиб бораётган рецессияга дуч келиши мумкин. Бундай ҳолда, ҳукумат «солиқ тушумларига мос келиш учун» бир қатор харажатларни қисқартириши лозим бўлади. Аммо бундай чоралар фуқаролар учун «психологик оқибатларга» олиб келиши мумкин, деди Йеллен - улар қўрқув туфайли одатдаги харажатларини камайтириши хавфи бор, бу иқтисодиётга янада таъсир қилиши ва таназзулни чуқурлаштириши мумкин. «Бу жиддий оқибатларга олиб келади. Бу фалокат», деди молия вазири.

Шу билан бирга, Йеллен АҚШнинг Кремлга нисбатан санкция сиёсатини қўллаб-қувватлади – аввалроқ у Украинага қарши уруш олиб бораётгани учун Москвага қўйилган санкцияларни Франклин Рузвелтнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида Германияга қарши киритган чоралари билан солиштирган эди.

Йелленнинг Axios салбий деб атаган прогнози - АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг Конгрессдаги Республикачилар партияси вакилларига босим ўтказиш йўлини топишдаги қадамларидан бирига тааллуқли, дея таъкидлайди нашр. Ноябрь ойидаги оралиқ сайлов натижаларига кўра республикачилар Вакиллар палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритди.

Кўпчилик ўринларнинг республикачиларга ўтиши Конгресс фаолиятида қатор қийинчиликларга олиб келди - масалан, Вакиллар палатаси демократ Нэнси Пелоси бу лавозимдан бош тортганидан кейин 14 марта республикачилар орасидан янги спикерни сайлай олмади.

Бундан ташқари, Вакиллар палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритган Республикачилар партияси вакиллари Жо Байден ва унинг оила аъзоларининг тижорий алоқаларини текшириш ниятини маълум қилди.

Ноябрь ойи ўрталарида Жоржия штатидан Вакиллар палатаси аъзоси Маржори Тейлор Грин ва унинг қонун чиқарувчи органдаги бир гуруҳ партиядошлари АҚШ Конгресси томонидан Украинага ёрдам бериш учун ажратилган маблағларни назорат қилишни талаб қилувчи имтиёзли резолюцияни тақдим этди. Республикачилар етакчиси Кевин Маккарти Вашингтоннинг Киевга кўрсатаётган ёрдамини қўллаб-қувватлашини, лекин назоратни кучайтириш тарафдори эканини айтди.

Бироқ, бу ташаббусларга қарамай, 2022 йил охирида Жо Байден АҚШнинг 2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади, унда Украинага 45 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратилиши назарда тутилган. Бу миқдор Байден дастлаб Конгрессдан талаб қилганидан ҳам кўп бўлди.

Мавзуга оид