Жаҳон | 12:30 / 30.01.2023
45034
3 дақиқада ўқилади

Жонсон Путин унга ракета зарбаси билан таҳдид қилгани ҳақида айтиб берди

Фото: Reuters

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон Украинага босқин арафасида Владимир Путин билан телефон мулоқоти ўтказгани, мулоқот давомида Россия президенти унга ракета зарбаси билан таҳдид қилгани ҳақида эслади. Бу ҳақда сиёсатчи 30 январ куни кечқурун BBC эфирида кетадиган «Путин Ғарбга қарши» номли ҳужжатли филмда айтиб ўтган.

Жонсоннинг сўзларига кўра, бу суҳбат 2022 йил февралида ўтказилган, жуда узоқ давом этган ва ўта ғайриоддий кечган.

«Қайсидир паллада у менга таҳдидона оҳангда деди: „Борис, мен сени хафа қилмоқчи эмасман, аммо ракета билан бу атиги бир дақиқа вақт олади“, ёки шунга ўхшаш нимадир», — дея РФ президенти сўзларини келтирган Жонсон.

Собиқ бош вазирнинг қайд этишича, у Украинада уруш бошлаш ҳалокатли оқибатлар келтириб чиқариши, Ғарб томонидан санкциялар қўлланиши ва Россия чегаралари яқинидаги НАТО кучлари кўпайиши ҳақидаги огоҳлантирганидан кейин Путиннинг таҳдидли сўзлари янграган. 

«Ўйлайманки, унинг [Путиннинг] жуда хотиржам оҳангига қараганда, у шунчаки менинг музокарага кўндиришга уринишларим билан ўйнашган», — дея қўшимча қилган Жонсон.

Жонсон яна бир бор россияликлар президентига Украина яқин вақтлар ичида НАТОга аъзо бўлиб кирмаслиги ҳақидаги фикрни етказишга уриниб, уни ҳар қандай босқин Россия чегарасидаги НАТО кучларини камайтирмаслиги, аксинча кўпайтиришидан огоҳлантирган.

«У айтди: «Борис, сиз айтяпсизки, Украина НАТОга яқин вақтлар ичида кирмоқчи эмас. Яқин вақтлар нима дегани?» Ва мен дедим: «Айтишим мумкинки, улар НАТОга яқин келажакда қўшилмайди. Сиз буни жуда яхши биласиз».

Путин томонидан таҳдидлар қанчалик жиддий бўлгани номаълум. Аммо Россиянинг Буюк Британияга қилган олдинги ҳужумлардан, жумладан Солсберида Скрипалларнинг заҳарланишидан келиб чиққан ҳолда Жонсон буни жиддий қабул қилган, дея қайд этишади BBC мухбирлари.

Мавзуга оид