Ўзбекистон | 20:07 / 01.02.2023
21631
2 дақиқада ўқилади

“Мактаб директорларига эркинлик бериш керак” — Шавкат Мирзиёев

“Биз директорни қўлсиз, оёқсиз, кўзсиз қилиб қўйганмиз”, деди мактаб директорининг ХТБ бошлиғига қарамлигига барҳам бериш кераклиги ҳақида гапирган президент. “Талаб кучли бўлиши, шу билан бирга ваколатлари ҳам юқори бўлиши керак”, дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Президент 55-мактаб директори билан / Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 1 феврал куни водийга сафари давомида Андижон туманидаги 55-мактабда бўлди. Давлат раҳбари мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ва шу мактаб директори билан суҳбатлашди.

“Биз директорни қўлсиз, оёқсиз, кўзсиз қилиб қўйганмиз. “Районо”нинг мудири йўталса, йўталади, йўталмаса, йўталмайди – тўғриси шу энди. Мана шу нарсани йўқ қилиш керак. Ҳамма нарса мактабда.

(Ҳ.Умаровага) Назоратини қилсин сизнинг тизимингиз, лекин уларга ҳам эркинлик бериш керак. Талаб кучли бўлиши керак, шу билан бирга ваколатлари ҳам юқори бўлиши керак. Битта одамни бўшатишга ҳам “районо”га бориш керак, қанақаси бу?” – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент 55-мактаб директори билан / Фото: Президент матбуот хизмати

Президент синфхонага кириб, ўқитувчилар билан суҳбатлашди.

“Ҳар бир муаллим ҳам ҳозирги фарзандларимизга муносиб бўлиб аудиторияга кира олмайди. Бозор иқтисодиёти, ҳаммамиз билишимиз керак, шафқатсиз. Билмаганни қабул қила олмайди. У йўлини топа олмайди бозор иқтисодиётида”, – деди у.

Мирзиёев бу мактабнинг ертўласида тадбиркорларга ажратиб берилган касб ўргатиш жойида ҳам бўлди. Бу ерда юқори синф ўқувчилари тикувчилик, мебелчилик, қандолатчилик, косибчилик, сават тўқиш, кўрпа-тўшак тикиш каби йўналишларни ўрганмоқда. Мактаб ҳудудида автотеххизмат, пайвандлаш, типография, компьютер хизмати ва салонлар бор.

Мавзуга оид