Телефонидан диний қўшиқ топилган 21 ёшли йигит 5 йилга қамалди
21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 3 йил олдин синфдошига Telegram орқали диний қўшиқ (нашида) юборган. Материал 2022 йил 5 июнда фуқаронинг уйида ИИБ ходимлари ўтказган тинтув пайтида аниқланган. Тергов вақтида 6 ойдан кўпроқ қамоқда ўтирган Раҳмонқуловга 30 январда суд ҳукми ўқилди. Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев ҳолатни ўрганиб, унга ёрдам беришини билдирган.
2023 йил 30 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди 21 ёшли Сардор Раҳмонқуловни диний нашидани ўз синфдошига юборгани учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.
Биринчи инстанция судининг ҳукмида ёзилишича, фуқаро ўзининг мобил телефонидаги Telegram иловасида бот орқали юклаб олган диний нашидани 2020 йил ноябр ойида синфдошига юборган. 2022 йил 5 июн куни фуқаронинг уйида тинтув ўтказган ИИБ ходимлари расмийлаштириб олган мобил қурилмада ушбу нашида топилган.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 июлдаги хулосасига кўра, бу диний қўшиқ ақидапарастлик ғояси билан йўғрилган; уни Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган.
Сардор Раҳмонқуловга нисбатан 2022 йил 21 июлда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда фуқаро 6 ойдан кўпроқ муддатда (тергов жараёнида) қамоқда сақланган.
Суд ҳужжатида ёзилишича, 30 январ куни бўлиб ўтган суд жараёнида фуқаро ўз айбига қисман иқрор бўлган ва енгиллик сўраган.
Судя З.Нуриддинов Сардор Раҳмонқуловни Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Айбланувчининг онаси С.Саидалиеванинг BBC Ўзбек хизматига маълум қилишича, ўғли судда тергов жараёнида ўзига қийноқлар қўлланганини айтган. Онанинг сўзларига кўра, судя бу даъволарни эътиборга олмаган.
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати берган баёнотда эса судланувчи суд мажлисида дастлабки тергов жараёнида қийноққа солингани ҳақида кўрсатма бермагани ва важлар келтирмагани айтилади.
Раҳмонқулов қамоққа олингунга қадар SMM менежер бўлиб ишлаган; Тошкент давлат техника университетида 4-курс талабаси бўлган.
Ёш йигитнинг битта диний қўшиқ учун 5 йилга қамалиши ижтимоий тармоқларда кенг норозиликларга сабаб бўлди. Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев қўл остидагиларга ҳолатни ўрганишни топширди.
«Агар ижобий хулоса бўлса ва кечикмаган бўлсак, албатта ёрдам берамиз», – дея изоҳ қолдирган Саъдуллаев ҳолат ҳақида ёзилган постлардан бирига.
Kun.uz аввалроқ Тошкент туманида 20 ёшли дўкон сотувчиси тақиқланган эканини билмаган ҳолда интернетдан диний материал юклаб олиб, ўртоғига юборгани учун 6 йилга қамалгани ҳақида ёзганди. Кейинроқ вилоят суди биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириб, озодликдан маҳрум қилиш муддатини 3,5 йилга қисқартирди.
Мавзуга оид
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024
Москвадаги ҳарбий суд терроризм бўйича деярли барча ишларни яширди
21:26 / 06.12.2024