Жамият | 10:26 / 08.02.2023
21595
3 дақиқада ўқилади

“Замонавий мактаб лидерлар нигоҳида” – Тошкент, Фарғона ва Андижондаги семинарлардан репортаж

7 февралдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудида “Замонавий мактаб лидерлар нигоҳида” мавзусида семинарлар ўтказила бошланди. Унда 10 мингдан зиёд мактаб директорлари Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб раҳбарлари билан мактабни бошқариш, муаммоларни жамоавий ҳал қилиш, ўқувчиларнинг таълими учун муҳим омиллар борасида фикр ва тажриба алмашишмоқда.

Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида ҳам Олмазор туманининг 35 та мактаб директорлари учун семинар ташкил этилди.

“Бу семинаримиз 2 соатга мўлжалланган бўлиб, 4 та топшириқдан иборат. Биринчи галда янги вазирликнинг олий мақсадини англатиш режалаштирилган, буни мисол тариқасида барча мактаблар қилиб бормоқда. Иккинчиси эса болалар ҳуқуқлари конвенцияси, уни таҳлил қилиш, мактабда замонавий талаб ва қадриятларни қандай қилиб уйғунлаштириш мумкин ва самарадор тизими нима, бунда нималарга эътибор бериш керак? – шуларга аҳамият берилади. Учинчидан битирувчи портрети деганда кўз олдимизга қандай инсон келиши, замонавий ўқитувчи портрети, у қандай бўлиши кераклиги ҳақида гаплашамиз. Шунингдек, энг охирги устувор йўналишимиз бу – шаффофлик. Бу эса саналган йўналишлар орасида жуда муҳим ҳисобланади”,– дейди Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби директори Ҳилола Назирова.

“Бугунги тренингимиз замонавий тарзда ўтмоқда. Бугунги кундаги таълим сифатини ошириш бўйича нима қилиш кераклигини мана шу тренингда битта-битта билиб боряпмиз”, – деди Олмазор тумани 15-мактаб директори Маъмура Нишонова.

Бундан ташқари, Андижон ҳамда Намангандаги ихтисослаштирилган мактабларда ҳам лидерликнинг аҳамияти тушунтирилмоқда. Андижон шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати директорининг айтишича, “Лидерлик ҳафталиги” доирасида ўтаётган тренинглар таълим муассасаларидаги бошқарув тизимини тўғри йўлга қўйишга ҳам ёрдам бериши мумкин.

“Семинарлар мактабларни бошқаришда олдингидек авторитар режимдан фойдаланиш эмас, балки у ерда лидерлик фаолиятини олиб боришни йўлга қўйиш учун ҳам ўтказилмоқда. Яъни бунда жамоани бошқаришда биргина инсоннинг фикри эмас, жамоанинг фикрини қўллаган ҳолда режаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ҳозирда мазкур тренингларимизда Асака ва Марҳамат туманидан келган мактаб директорларимиз иштирок этишмоқда”, – дея қайд этади Андижон шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори Абдурашид Байбабаев.

“Бизнинг мактабимиз Асака туманининг чекка бир қишлоғида жойлашган. Менимча, бугун тренингда олган маълумотларимиз жамоамиз ҳамда ўқувчиларимиз орасида кенг татбиқ этилса, бу – муваффақиятларга эришиш йўлидаги бир қадам бўлади”,– деб айтади Асака тумани 7-сонли умумтаълим мактаби директори Зулфия Қамбарова.

Қайд этилишича, дастур бўйича семинар 10-февралгача 2 сменда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, ушбу лойиҳа доирасида жорий йилнинг 28 январидан бошлаб “Лидерлар ҳафталиги” семинар-тренингларига старт берилган эди. Унда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 130 нафар раҳбар кадрлари иштирок этган.

Мавзуга оид