Иқтисодиёт | 19:23 / 09.02.2023
57479
4 дақиқада ўқилади

Одамларни бирлаштирган лойиҳа – “Ташаббусли бюджет” қандай оммалашди?

2021 йилда эксперимент тариқасида бошланган “Ташаббусли бюджет” 2 йил ичида йирик лойиҳага айланди. Одамларнинг ўз солиқларини ўзлари тақсимлашдаги фаоллиги президент Шавкат Мирзиёевни ҳам беэътибор қолдирмади. Давлат раҳбарининг топшириғи билан бу йил фуқаролар ташаббусларига 3,5 баробар кўп маблағ ажратилмоқда.

2021 йилда эксперимент тариқасида бошланган “Ташаббусли бюджет” 2 йил ичида йирик лойиҳага айланди. Лойиҳа парламент қилмаган ишни қилди – фуқаролар ўз солиқларини ўзлари хоҳлагандек ишлатишда бевосита иштирок эта бошлашди.

2021 йилда Молия вазирлиги янги талқиндаги “Очиқ бюджет” платформасини ишга туширди. Унда “Ташаббусли бюджет” бўлими яратилиб, фуқароларга ўз яшаш ҳудудидаги муаммолар борасида таклиф қолдириш имкони яратилди.

2021 йилдаги “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумида аҳолидан 1 100 та, иккинчи мавсумда 41 125 та таклиф тушди. Қолдирилган таклифларда шахсий манфаатлар устуворлик қилмаслиги ва лойиҳа қиймати 1 млрд сўмдан ошиб кетмаслиги асосий мезонлар деб белгиланди.

Амалда ҳам одамлар шахсий манфаатлар учун эмас, ички йўлларни таъмирлаш, мактаблар таъмири, ичимлик суви каби жамият манфаати учун муҳим таклифларни қолдирди.

Фото: Молия вазирлиги.

2022 йилда эса “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ўзбекистонликларнинг эътибор марказидаги муҳим жараёнлардан бирига айланди. Одамлар тезроқ “Ташаббусли бюджет” бошланиб таклиф қолдиришни кутди, ўз таклифларига кўпроқ овоз йиғиш учун уйма-уй юришди. Ҳар бир овоз учун мукофот таклиф қила бошлашди. Чунки бу овозлар амалий аҳамиятга эга эди: энг кўп овоз олган таклифларни рўёбга чиқариш учун маблағ ажратилади.

2022 йилги биринчи мавсумда 69 700 та, иккинчи мавсумда эса 61 000 та таклиф тушди. Лойиҳа оммалашиб, таклиф бермаган маҳалла қолмади ҳисоб: ташаббусли бюджетдаги ташаббуслар Ўзбекистондаги маҳаллаларнинг 98 фоизини қамраб олди.

2022 йилда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларида ғолиб бўлган ташаббуслар соҳалар кесимида. Инфографика: Молия вазирлиги

Ташаббуслари кўп овоз йиғиб, ғолиб чиққан маҳаллалар байрамлар уюштира бошлади. Чунки энди улар маҳалласидаги муаммолар ҳал бўлиши учун ҳокимиятнинг “мана бу йил, мана кейинги йил” деган ваъдалари бажарилишини кутиб ўтириши шарт эмасди. Бу билан ушбу лойиҳа одамларни бирлаштирганига гувоҳ бўлдик.

Одамлар “Ташаббусли бюджет”ни хурсандчилик билан қарши олиши президентни ҳам бефарқ қолдирмади. Шавкат Мирзиёев аҳоли фикри асосида қилинадиган лойиҳаларни кўпайтиришга, ажратиладиган маблағларни каррасига оширишга топшириқ берди.

“Бизнинг тажрибамизда бу ҳам биринчи марта ва жуда катта ижобий натижа беряпти. Одамлар шу жараёнларда бевосита ўзлари иштирок этяпти. Энг муҳими, одамлар бундай лойиҳаларга дахлдор бўлиб, бунёд қилинган инфратузилмадан фахрланиб, уларни асраб-авайлаб фойдаланяпти”, – деганди давлат раҳбари.

Шу тариқа, 2023 йилда фуқаролар танлаган лойиҳалар учун ўтган йилгидан 3,5 баробар кўп – 8 трлн сўм ажратиладиган бўлди. “Ташаббусли бюджет” ва “Менинг йўлим” дастурларидан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига нималарни киритишни ҳам фуқаролар ҳал қилади. Бунинг механизмлари тез орада тасдиқланади.

2023 йил учун илк таклифларни қабул қилиш 6 февралдан бошланди. Сиз “Очиқ бюджет” порталида таклиф қолдиришингиз, кейинроқ таклифлардан бирига овоз бериш орқали биринчи мавсум учун ажратилган 1,7 трлн сўм пулни қаерга ишлатишни ҳал қилишда иштирок этишингиз мумкин.

Мадина Очилова тайёрлади.

Оператор ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид