Ўзбекистон | 09:41 / 11.02.2023
8754
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Вьетнам шолининг янги навларини яратишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев мамлакат делегацияси таркибида Вьетнамда бўлди.

Фото: Dunyo

Ташриф доирасида Вьетнам қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Пҳунг Дук Тиен билан учрашув бўлиб ўтган. Унда икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларидаги ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш, қишлоқ хўжалиги ва ўсимликлар карантини соҳасида ҳукуматлараро ҳужжатларни тайёрлаш, ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар Ўзбекистон шоличилик илмий-тадқиқот институти ва Вьетнам қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг шоличилик бўйича илмий-тадқиқот институтлари иштирокида шолининг янги юқори маҳсулдор ва барқарор навларини яратиш учун Ўзбекистон ҳудудида қўшма шоличилик марказини ташкил этиш бўйича аҳдлашиб олди.

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ва Вьетнам миллий аграр университети ўртасида шоличилик йўналиши бўйича қўшма магистратура ўқув дастурини яратиш юзасидан бир тўхтамга келинди.

Мулоқот давомида Тошкент давлат аграр университети ва Вьетнам миллий аграр университети ўртасида шоличилик ва балиқ етиштириш йўналишида кадрлар малакасини ошириш ва қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Ипакчилик бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш учун вьетнамлик талаба ва олимларни Ўзбекистонга юбориш масаласини ишлаб чиқиш хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон делегацияси икки кунлик ташриф давомида Вьетнам Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясида тажриба шоли майдонлари ва қулупнай етиштиришга мўлжалланган йил давомида фаолият юритувчи иссиқхона мажмуаси, Ханой шаҳридаги MTT Vietnam Investment компаниясининг ем ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан танишди.

Вьетнам компаниялари билан шоличилик, балиқчилик, қисқичбақа етиштириш, сабзавот ва полиз экинлари уруғчилиги каби соҳаларда қўшма инвестициявий лойиҳаларни йўлга қўйиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид