Жаҳон | 15:45 / 14.02.2023
25422
4 дақиқада ўқилади

Атамбаев қамоқдан қўйиб юборилмоқда

Қирғизистонда «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши бўйича коррупцияда айбланган Алмазбек Атамбаевга чиқарилган ҳукм бекор қилинди. Иш қайта кўрилади. Унга хорижда даволаниш учун мамлакатни тарк этишига рухсат берилган.

Фото: Govori.tv

Бишкекдаги Первомайский район суди Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга даволаниш учун мамлакатдан ташқарига чиқишга рухсат берди. Бу ҳақда «Озодлик Радиоси» қирғиз хизмати хабар бермоқда.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, Атамбаевни ахлоқ тузатиш колониясидан озод қилишган: бу ҳақда нашрга республика собиқ президентининг оиласи хабар қилган. Бу маълумотни «Социал-демократлар» партияси раиси Темирлан Султанбеков ҳам тасдиқлади: унинг аниқлик киритишича, «собиқ президент Алмазбек Атамбаев иккита муҳим жарроҳлик амалиётидан ўтиши керак, шундан кейин у даволаниш ва тикланиш курсларини ўташи керак бўлади». «Озодлик» ҳозирча сиёсатчи озодликка қўйиб юборилганини тасдиқламаган: нашр маълумотига кўра, Атамбаев ҳамон колония деворлари ортида қолмоқда.

2022 йил июнида Бишкек суди Атамбаев ва бошқа фигурантларни 2020 йил октябрида содир бўлган оммавий тартибсизликлар (Жиноят кодексининг 278-моддаси) иши бўйича уларнинг ҳаракатларида «жиноят таркиби йўқлиги» сабабли оқлаганди. Атамбаев суд жараёнини «цирк» деб атаган ва унда иштирок этишдан бош тортган, «сўнгги сўзни озодликка чиққанидан кейин айтиши»ни билдирганди.

2022 йил августида Атамбаевнинг тарафдорлари унинг даволаниш учун Москвага боришига рухсат беришни сўраганди.

2023 йил 14 феврал куни Қирғизистон Олий суди судялари ҳайъати ёпиқ йиғилишда Атамбаевнинг ишини қайта кўриб чиқиш учун юборишга қарор қилган. Қарорда мамлакатнинг собиқ президенти адвокатларининг жиноят иши бўйича иш юритишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта бошлаш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган.

Шунингдек судлов ҳайъати Олий суднинг Атамбаевга нисбатан 2021 йил 12 октябр ва 2022 йил 15 мартида чиқарган қарорларини бекор қилган.

  • Алмазбек Атамбаев 2011 — 2017 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. 2019 йилда у коррупция ва ноқонуний бойлик орттиришда айбланиб, ундан дахлсизлик ҳуқуқи олиб ташланган. Собиқ президентни қўлга олиш учун ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Атамбаевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳини штурм қилишга тўғри келган — унинг тарафдорлари қаршилик кўрсатган.
  • Қирғизистонда 2020 йил 5 октябр куни парламентнинг қуйи палатаси учун сайловлар натижалари эълон қилиниши ортидан оммавий митинглар бошланиб, тартибсизликларга айланиб кетганди. Қирғизистон парламенти ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уй биноси ва ҳудуди эгаллангач, намойишчиларнинг бир қисми Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига йўл олганди. Давлат қўмитаси раҳбарияти билан ўтказилган музокаралардан сўнг 2019 йил августидан буён қўмита тергов изоляторида ҳибсда сақланаётган Атамбаев озодликка чиқариб юборилганди. 10 октябр куни уни яна қўлга олишади.
  • Қирғизистоннинг собиқ президенти криминал авторитет Азиз Батукаев ноқонуний равишда озодликка чиқарилгани бўйича иш доирасида ҳибсга олинган. 2020 йил 23 июнида у мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 11 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилади. Атамбаев давлат унвонлари, мукофот ва орденларидан ҳам маҳрум этилган.
  • Маълумот учун, миллати чечен бўлган «криминал авторитет» Азиз Батукаев 2004 йилда қамалганди. У узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган вақтда 2013 йил озодликка чиқарилади. Расмий маълумотларда у саломатлигидаги муаммо сабаб озод қилингани айтилади. 2013 йилнинг ўзида Қирғизистонда бу иш бўйича суриштирув бошланган ва асосий айбдор сифатида омбудсман раҳбари Турсунбек Акун айтилганди. Аммо суриштирув ишлари тўхтатиб қўйилганди.

Мавзуга оид