Ўзбекистон | 22:42 / 16.02.2023
30261
7 дақиқада ўқилади

35 млрд доллар эмас: Нефт-газ соҳасидаги йирик лойиҳалар қиймати аслида қанча?

ERIELL ва Enter Engineering компанияларига 5 йил ичида 35 млрд долларлик лойиҳалар “тутқазилгани” ҳақиқатдан йироқ экани маълум қилинди. “Ўзбекнефтгаз” баёнотига кўра, 9 та лойиҳанинг умумий қиймати – 17,6 млрд доллар бўлиб, бу лойиҳаларга бюджетдан маблағ сарфланмаган, 6 та лойиҳа тўлиқ инвесторнинг 10 млрд доллар маблағи эвазига амалга оширилади.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ERIELL ва Enter Engineering компанияларига берилган нефт ва газ соҳасидаги йирик буюртмалар юзасидан изоҳ берди.

“Озодлик” радиоси эълон қилган суриштирувда бу икки компанияга 5 йил ичида 35 млрд сўм “тутқазилгани” таъкидланган эди. Расмийларга кўра, “бу сумманинг тенг ярми ҳаводаги, таги йўқ маблағ”.

Шунингдек, бу лойиҳаларга “бюджетдан бир доллар ҳам кетмагани” маълум қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” баёнотида ERIELL ва Enter Engineering бош пудратчи сифатида танланган 9 та лойиҳа ҳақида қуйидагича маълумотлар берилган:

1. “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони

Конни ўзлаштириш лойиҳасида 2,9 млрд долларлик ишлар бажарилиши кўзда тутилган, ҳозирга қадар эса амалда тузилган пудрат шартномалари қиймати – 1,73 млрд долларни ташкил этади. Қолган ишлар бўйича ҳали шартнома имзоланмаган.

Молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан тўғри кредитлар. Давлат кафолати берилмаган.

Инвесторлар билан 50/50 нисбатдаги Маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланган.

2. Қоракўл эркин иқтисодий зонасини ва газ-кимё кластерини ташкил этиш

Лойиҳа бўйича тузилган шартнома қиймати – 3 млрд доллар. Молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан тўғри кредитлар, давлат кафолати берилмаган.

3. 2017-2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш бўйича дастур

Тузилган шартнома доирасида 2,3 млрд доллар молиялаштирилган:

  • 805 млн доллар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўз маблағлари;
  • 710 млн доллар давлат кафолатисиз "Газпромбанк" кредити;
  • 585 млн доллар давлат кафолати остида Ипак йўли жамғармаси (Хитой) кредити;
  • 200 млн доллар Молия вазирлиги фоизли қарз маблағлари.

Пудратчилар тендер асосида жалб қилинган.

4. Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш (GTL заводи)

Лойиҳа умумий қиймати – 3,4 млрд доллар. Молиялаштириш манбалари:

  • 1,1 млрд доллар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўз маблағлари;
  • 2,3 млрд доллар хорижий кредитлар.

Тендер асосида пудратчи сифатида “Hyundai Engineering & Construction Co Ltd”, “Hyundai Engineering Co Ltd” (Жанубий Корея) ва “Enter Engineering Pte Ltd” (Сингапур) консорциуми танланган.

Пудрат шартномаси асосида улар томонидан бажарилган ишлар ҳажми 2,6 млрд долларни ташкил этган. Қолган 800 млн доллар маблағ лицензия ва ташқи инфратузилма объектларини қуриш харажатлари учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан сарфланган.

5. 2020-2030 йилларда нефть қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш дастури

Шартнома қиймати – 2,68 млрд доллар. Молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан тўғри кредитлар. Давлат кафолати берилмаган.

6. Шўртан газ кимё комплексининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш

Лойиҳанинг умумий қиймати – 1,8 млрд доллар. Молиялаштириш манбалари:

  • 632 млн доллар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўз маблағлари;
  • 1,2 млрд доллар давлат кафолатисиз хорижий кредитлар.

Шундан, пудрат шартномаси асосида бажариладиган ишлар ҳажми

1,3 млрд доллар бўлса, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг лицензия ва ташқи инфратузилма объектларини қуриш харажатлари 500 млн долларни ташкил этади.

Пудратчилар тўғридан тўғри танланган.

7. “Газли” газни ер остида сақлаш иншоотининг ҳажмини ошириш ҳамда қўшимча геология ишларини бажариш

Лойиҳанинг шартнома қиймати 463 млн доллар. Молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан тўғри кредитлар. Давлат кафолати берилмаган.

8. Сечанкўл, Оқжар ва Чимбой инвестицион блокларида геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳамда Урга, Оқчалоқ ва Чандир гуруҳи конларида қазиш ишлари

Лойиҳанинг шартнома қиймати – 701 млн доллар Молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан тўғри кредитлар. Давлат кафолати берилмаган.

9. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш

Лойиҳанинг шартнома қиймати – 399 млн доллар. Молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан тўғри кредитлар. Давлат кафолати берилмаган.

Суриштирувда ERIELL ва Enter Engineering компанияларига “тутқазилгани” айтилган 35 млрд доллардан 23,4 млрд доллари юқоридаги 9 та лойиҳанинг умумий қиймати деб ҳисобланган.

“Ўзбекнефтгаз”нинг тушунтиришича, лойиҳа қиймати дегани бу шу лойиҳага албатта шунча пул сарфланади дегани эмас. Кўпинча, лойиҳа қиймати пудратчилар билан шартнома тузилгунга қадар аниқлаштирилади, оптималлаштирилади ва ҳақиқий шартнома қиймати лойиҳа қийматидан анча паст бўлади.

“Шундай қилиб, юқоридаги 9 та лойиҳанинг умумий қиймати аслида 17,6 млрд доллар бўлиб, шундан ҳозирга қадар имзоланган шартномалар қиймати 14,9 млрд долларни ташкил этган”, – дейилади расмий ахборотда.

17,6 млрд долларлик 9 та лойиҳанинг 6 таси инвесторларнинг 10,1 млрд доллар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

10. Атом электр станцияси

Суриштирувда дастлабки баҳоланган қиймати 11 млрд доллар бўлган атом электр станциясини барпо этиш лойиҳаси ҳам ERIELL ва Enter Engineering'га берилгани айтилган. “Ўзбекнефтгаз”га кўра, бу – ёлғон.

“АЭС қуриш бўйича ҳали ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган”, – дейилади расмий изоҳда.

“Доимий инвестиция киритиб турмаса бўлмайди”

“Ўзбекнефтгаз”га кўра, нефть ёки газ конига доимий инвестиция киритиб турилмаса, олинадиган маҳсулот ҳажми йил сайин тушиб кетаверади.

“Шунинг учун бирор лойиҳа қилинса ва бунга хорижий ёки маҳаллий компания жалб этилса, бюджет пули “еб кетилди” деб нотўғри тушунмаслик керак”, – дейилади нефт-газ соҳасида ваколатли давлат ширкатининг баёнотида.

Мазкур изоҳларни “Ўзбекнефтгаз” раиси Меҳриддин Абдуллаев ва энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 12 феврал куни журналистлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувда ҳам айтиб ўтган эди. Учрашувда қатнашган ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев расмийлар берган маълумотларни соддароқ тушунтирган ҳолда, ўз каналида видео эълон қилди.

Мавзуга оид