UzAuto Motors акциялар пакетининг 0,3 фоизи IPO орқали сотилди
Компания 5 фоизгача акциясини маҳаллий фонд бозорида сотишни режалаштирганди. Лекин унинг акцияларига бўлган талаб кутилганидан 17 баробарга кам бўлди.
UzAuto Motors'нинг IPO'си тугади. Савдолар якунига кўра, компания инвесторлардан 56,9 млрд сўм жалб қилишга муваффақ бўлди. Бироқ миллий автомобиль ишлаб чиқарувчисининг акцияларига талаб кутилганидан анча паст бўлди.
Дастлаб, “UzAuto Motors” АЖ акциялар пакетининг 10 фоизгача қисмини маҳаллий фонд бозорида оммавий жойлаштириш кўзда тутилганди. Кейинчалик IPO'га чиқариладиган акциялар пакети 5 фоизга, якунда эса 1 фоизгача қисқартирилди.
IPO доирасида завод акцияларини харид қилиш учун 1383та талабнома келиб тушган. Бу сотилаётган акциялар умумий ҳажмининг 29,1 фоизини ташкил этади. Талаб пастлиги сабабли инвесторлар нарх диапазонининг энг пастки қисмидаги акцияларни сотиб олади – ҳар битта акция нархи – 72 500 сўм.
Муомалага чиқарилган акцияларнинг 80,1 фоизи институционал инвесторлар, қолган 19,9 фоизи эса чакана инвесторлар ўртасида тақсимланган.
IPO нима?
IPO (инглиз тилидан олинган – Initial Public Offering) – акциядорлик жамияти акцияларини бирламчи ошкора таклиф этиш деган маънони билдиради. Яъни акцияларнинг чекланмаган шахслар орасидаги дастлабки сотуви ва дастлабки таклиф қилинишидир. IPO'ни ўтказишдан асосий мақсад – корхонани ривожлантириш учун кенг доирадаги инвесторлардан капитал жалб қилиш ҳисобланади.
IPO'ларнинг давлатга фойдаси шундаки, компаниялар ҳозирги ва бўлажак инвесторлари олдида ҳисобдор ва шаффоф бўлишга мажбур бўлади. Шунинг учун улар ҳисоб юритиш тизимларини ислоҳ қилиб, замонавий технологиялардан фойдаланади. Шунингдек, IPO мамлакат иқтисодиёти ривожланиши йўлида халқ қўлидаги пул маблағларини жалб қилишнинг бир усули ҳисобланади.
Нима учун UzAuto Motors акцияларини харид қилиш учун кутилган талаб бўлмади?
Биринчидан, компаниянинг ҳақиқий молиявий ҳолати ҳақидаги ҳисоботлар очиқланмайди. UzAuto Motors бир қатор очиқ ва ёпиқ имтиёзлар, субсидиялардан фойдаланиб келади, тўғридан тўғри мажбурияти бўлган утилизация йиғимини тўлаётгани ё тўламаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд эмас. Потенциал инвесторлар учун бу каби кўрсаткичлардан хабардор бўлиш муҳим.
Иккинчидан, Ўзбекистондаги автомобилсозлик саноатининг монополистик ҳолати. UzAuto Motors автомобил импортига ўрнатилган тўсиқлар билан ҳимоя қилиниб келинади. Компаниянинг очиқ рақобат муҳитида фойда ёки зарар билан қандай ишлаши мумкинлиги ҳақидаги прогнозлар мавжуд эмас. Яъни мамлакатдаги иқтисодий сиёсат ўзгарганда, компаниянинг молиявий ҳолатини қандай бўлишини таҳлил қилиш имконсиз. Айнан рақобат муҳити йўқлиги бугунги кунда компания муваффақиятларини белгилаб бераётган асосий омил ҳисобланади.
Учинчидан, ўзбекистонликларда акцияларни сотиб олиш, ундан даромад олиш ва улардан сармоя сифатида фойдаланиш кўникмалари ҳали шаклланмаган.
Мавзуга оид
22:20 / 25.11.2024
Тошкентда Аския бозори ҳудуди ва бинолари 16,8 млн доллар бошланғич нарх билан сотувга қўйилди
16:31 / 25.11.2024
Хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга киритилди
15:44 / 21.11.2024
Тошкентдаги International ва Lotte меҳмонхоналари хусусийлаштирилди
11:04 / 19.11.2024