Жаҳон | 09:43 / 18.02.2023
6998
2 дақиқада ўқилади

Amnesty мухолифатчи Пивоваровнинг ғойиб бўлганини маълум қилди

Пивоваров охирги марта 18 январь куни алоқага чиққан, шундан бери унинг оиласи ва адвокатлари у ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслар.

Фото: Deutsche Welle

Озодликдан маҳрум этилган россиялик мухолифатчи Андрей Пивоваровнинг қариндошлари ва адвокатлари бир ойдан бери унинг қаерда эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот топа олмаяпти. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти 17 февраль, жума куни сиёсатчи «мажбурий ғойиб бўлган», деб маълум қилди.

Пивоваров жазони ўташ учун ахлоқ тузатиш колониясига ўтказилаётган пайтда Санкт-Петербургга олиб кетилган 18 январдан бери унинг қаерда эканлиги номаълум, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.

«Сиёсий айбловлар билан қамалган россиялик мухолифат етакчиси Андрей Пивоваровнинг сўнгги бир ой давомида ҳеч қандай алоқага чиқмаган, унинг ҳибсга олиниши ва мажбуран ғойиб бўлиши давом этяпти», деди Amnesty International ташкилотининг Россия бўйича директори Наталя Звягина баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, бу узоқ босқичли амалиёт Россияда совет ГУЛАГлари давридан бери сақланиб қолган. «Маҳбуслар бир неча ҳафта давомида изоляторлардан изоляторларга ўтказилиб, улар билан алоқа қилмасдан ушлаб турилади, бу эса зўрлик билан йўқолиб қолиш билан баробар. Бу маҳкумларни қўшимча ғайриинсоний жазолашни назарда тутувчи ва уларнинг оилаларига азоб-уқубат келтирувчи Россия жазони ижро этиш тизимининг ўзига хос белгиси бўлиб қолмоқда». - таъкидлади Звягина.

«Открытая Россия»нинг собиқ директори Андрей Пивоваров 2022 йил июлида «номақбул ташкилот» фаолиятини амалга оширганлик моддаси бўйича 4 йилга қамалган эди. 2022 йилнинг 22 декабрида Пивоваров суд ҳукми устидан шикоят қилинмагунча Краснодардаги СИЗО-1дан бошқа жойга ўтказилгани маълум бўлди.

18 январь куни у Санкт-Петербургдан боғланган, шундан бери унинг оиласи ва дўстлари у ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслар.

Мавзуга оид