Жаҳон | 15:18 / 19.02.2023
22076
18 дақиқада ўқилади

Босқинга бир йил тўлиши арафасида Украина-Россия музокаралари қандай ҳолатда?

Роман Абрамович жамоаси Украина билан қандай келишувларга эришган ва бунда Сергей Капков қандай рол ўйнайди?

Фото: Cem Ozdel / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бир йилдан бери давом этмоқда. Деярли шунча пайтдан буён Москва ва Киев ўртасида можарони ҳал қилиш бўйича жиддий музокаралар ўтказилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот чиққани йўқ. Икки давлат делегациясининг сўнгги расмий учрашуви 2022 йилнинг март ойида бўлиб ўтганди. «Медуза» нашри хабар беришича, шундан сўнг тўлақонли музокаралар асирлар алмашинуви ва камдан кам норасмий алоқаларга айланган. Бироқ бу алоқаларда янги, кутилмаган инсонлар иштирок этган. Улардан бири «Собянин Москваси» асосчилари қаторида бўлган Сергей Капков.

«ОАВ учун бир нечта саҳналар бўлди, қолган пайтда эса улар суҳбатлашиб, ҳазиллашиб ўтиришди»

Россия-Украина расмий музокаралари амалда 2022 йил март ойи охиридан музлатилган. «Медуза» нашрининг музокаралар жараёнида иштирок этган уч нафар суҳбатдоши сўзларига кўра, дастлаб икки делегация ҳам музокаралар вазиятни ўзгартириши ва кенг кўламли урушни тўхтатиши мумкинлигига чиндан ҳам умид қилган. Аммо тез орада бу умид ҳавога совурилган.

«Россия делегациясида фақат битта ўзи нима қилаётганини тушунмайдиган (музокара олиб бора олмайдиган) делегат бор эди. Бу мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин эди. У «денацификация» ҳақидаги пропаганда ёлғонини мунтазам такрорлаган ва чиндан ҳам бунга ишонган. Қолганларнинг ҳаммаси, масалан, Россия делегацияси раҳбари, Россия Федерациясининг собиқ маданият вазири Владимир Мединский озми-кўпми нормал ва рационал эди», дея гапирган нашр манбаси музокаралар жараёни ҳақида.

Украина расмий делегацияси таркибида бўлган Зеленский девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам март ойи ўрталарида бўлиб ўтган музокаралар ва ундаги оптимизм ҳақида сўзлаб берган. Масалан, «Медуза» нашрига берган интервьюсида у Мединскийни «конструктив музокарачи» деб атаган ва Киев Россияда келишувлардан қандайдир муросасиз лойиҳалар орқали чиқиш истагини кўраётганини таъкидлаган.

Собиқ маданият вазирининг яқин таниши Россия расмий делегацияси атайин «совуқ калхатлар»дан танланмаганини айтган. Мединскийнинг делегацияга киритилиши Путин гўёки «унинг тарих бўйича маърузаларини тинглашни яхши кўргани» боғлиқ, деб тушунтирган манба.

Уруш бошланганидан бир ой ўтгач, 2022 йил 29 март куни Мединский «Россиянинг тинчлик йўлида ташлаётган иккита улкан қадами»ни эълон қилди, яъни рус армияси Киев ва Черниҳив йўналишларида чекиниши маълум қилинди.

Бироқ собиқ маданият вазири дарҳол ўша «калхатлар»нинг қаттиқ танқидига учради. Масалан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Биз ҳеч қандай чекинишни амалга оширмаймиз, жаноб Мединский нимададир адашди» дея уни танқид қилди. Путиннинг ўзи эса Украина ҳукумати Россия армиясининг чекиниши эвазига бажарилиши керак бўлган айрим келишувларни бажаришдан бош тортганини айтиб ўтди.

«Оммавий ахборот воситалари учун делегациялар аъзоларининг қоғозларни стол бўйлаб узатиш саҳналари бўлганди. Қолган вақтда улар шунчаки ўтиришди, суҳбатлашишди, тарихий латифалар айтиб ҳазиллашишди», деган Мединскийнинг таниши.

Ўшанда, рус армияси Киевдан чекинганидан сўнг, бутун дунё Украинада рус ҳарбийлари томонидан содир этилган қирғинлар, шу жумладан Буча воқеаларидан хабар топди. Бу ҳодисалар Киев риторикасини анча кескинлаштирди: Украина расмийлари Путин билан музокаралар олиб боришга тайёр эмасликларини бир неча бор таъкидлади. Москва эса «ўз шартларига кўра» мулоқотга очиқлигини даъво қилишда давом этди.

«Бучадан олдин, яъни улар (Россия қўшинлари) Киев областини тарк этишидан олдин, ҳеч ким Россия Украинада қандай уруш олиб бораётганини тўлиқ тушунмади. Аммо тез орада Россия бу ерга музокаралар олиб бориш учун келмагани маълум бўлди. Биз кейинроқ тушундикки, бу рус дипломатияси учун анъанавий позиция эди: сен келасан, қандайдир гапларни гапирасан, лекин аслида бу музокаралар мазмуни умуман бошқа бўлади. Ва Бучадан кейин маълум бўлдики, ҳар қандай музокаралар фақатгина Украина халқини геноцид йўли билан йўқ қилишнинг секинлашишигагина олиб келади. Бизнинг давлат сифатида мавжуд бўлишимизга йўл қўйилмайди», деган Подоляк «Медуза» нашри билан суҳбатда.

Музокарачилардан бирининг яқин таниши 2022 йил баҳоридаги Россия делегациясига мустақил равишда мулоқот ўтказишга рухсат берилмаганини тасдиқлаган.

«Россия делегациясининг барча аъзолари музокараларга тайёр қоғозлар билан келган, импровизация йўқ эди. Муҳокама қилишни талаб қиладиган мавзу пайдо бўлиши биланоқ, сукунат бошланди. Россия делегацияси вақтни чўзди, биринчи шахсларга ёзди, ўзлари ҳеч нимани ҳал қилмади», дейди у.

«Медуза» суҳбатдошининг айтишича, россиялик музокарачиларда «биринчи шахслар» бу келишувлардан қандай аниқ мақсад кўзлагани ва фронтдаги вазият ҳақида умуман тушунча бўлмаган.

Михайло Подолякнинг сўзларига кўра, «Россиялик делегатлар «Россия ўз қўшинларини янада орқароққа олиб кетишга тайёрми?» деган саволга «қўшинлар ҳозир қаерда бўлса ўша ерда қолади ва ҳатто олдинга ҳам силжиши мумкин» дея жавоб берган.

«Бу ҳайратланарли эди. Уларнинг гапидан деярли шундай маъно чиқарди: Биз шаҳарларни эгаллай олмаймиз, шунинг учун сиз уларни бизга беринг», дея вазиятни ифодалайди Подоляк.

Буларнинг барчаси, хусусан, энг кичик саволларга ҳам мустақил жавоб бера олмаслик Украина томонини Россияда аслида ҳеч қандай музокаралар гуруҳи йўқлигига ишонтирган.

«Бу ажабланарли ҳол эмас. Россия ҳукуматининг бутун ташкилий тизими турли даражадаги мустақил қарорлар қабул қилишга имкон бермайди. Шу сабабли, музокараларга келган йигитлар (шунингдек, ҳар қандай Россия делегацияси) музокаралар жараёнини мустақил баҳолаш, позицияларни ўзгартириш, мулоқот қилиш ҳуқуқига эга бўлган одамлар эмас, балки фақат пропаганда вагонларидир», дея хулоса қилган Подоляк.

Натижада икки давлат делегацияларининг расмий учрашувлари формати барбод бўлди, урушни тўлақонли тинч йўл билан ҳал қилиш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Фақат норасмий алоқалар, шунингдек, асирларни алмаштириш ва бошқа хусусий масалаларни муҳокама қилиш борасидаги каналларгина қолган.

«Музокаралар уни бизнесдан кўра кўпроқ қизиқтиради»

Россиянинг Украинага қарши урушининг дастлабки кунлариданоқ тинчлик музокараларининг энг кутилмаган иштирокчиларидан бири тадбиркор Роман Абрамович бўлди. Кенг миқёсли уруш бошланганидан кейин Абрамович Украина томони билан муносабатларда Путиннинг «ишонган одами»га айланди. Financial Times нашри хабарига кўра, унинг тинчлик музокараларида воситачилик қилишини Россия президентининг шахсан ўзи «қўллаб-қувватлаган». Расмий равишда, Кремлдагилар бизнесмен расмий россиялик музокарачилар орасида эмаслигини, лекин Москва ва Киев ўртасидаги алоқаларда (жумладан, асирларни алмашиш бўйича) иштирок этганини айтган.

«Медуза»нинг Россия ҳукуматига яқин манбаси таъкидлашича, Абрамович музокаралар жараёнига ўз ташаббуси билан қўшилган, бироқ унинг иштироки ҳақиқатан ҳам тадбиркорни узоқ вақтдан бери танийдиган Путин томонидан шахсан маъқулланган. Нашрнинг музокаралар жараёни билан таниш бўлган Киевдаги суҳбатдоши ҳам Абрамовичнинг ўзи Украина томонига алоқага чиқиб, ўз номзодини воситачи сифатида «таклиф қилгани»ни тасдиқлаган.

Кўпгина таҳлилчилар Абрамовичнинг бундай фаоллигини ўзига нисбатан жорий қилинган халқаро санкцияларни бекор қилиш истаги билан боғлаган. 24 февралдан кейин «Путин билан узоқ ва яқин алоқалари» учун бизнесменга нисбатан Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан санкциялар жорий этилди. Украина ҳам уни санкциялари рўйхатига қўшди (бироқ бу чекловлар асирлар алмашинуви тугагунига қадар тўхтатиб қўйилган). Ҳозирда Абрамович активларининг катта қисми хатланган. Англиянинг «Челси» футбол клуби инвесторлар консорциумига сотилди (Лондон тадбиркор бу битимдан наф кўрмаслиги ҳақида ҳуқуқий кафолатлар олди: пуллар Украинадаги уруш қурбонларига ёрдам бериш фондига ўтказилади).

Бироқ, «Медуза» билан суҳбатлашган Абрамовичнинг икки яқин таниши сўзларига кўра, тадбиркор Россия-Украина можаросини ҳал қилишга чин дилдан умид қилган. Суҳбатдошлардан бирининг айтишича, сўнгги ойларда Абрамович ўз бизнесидан ҳам кўра, ушбу тинчлик жараёнларига кўпроқ эътибор қаратмоқда.

«Ҳозир у билан бизнес мавзусини гаплашиш бефойда, у бир дақиқадаёқ қизиқишни йўқотади. Унинг мияси бошқа нарсалар билан банд. У билан гаплашмоқчи бўлсангиз, у сизга шундай жавоб беради «Менга қара, сен кеча Зеленский эълон қилган баёнотни ўқидингми? Нима деб ўйлайсан энди нима бўлади? Нима қилиш мумкин?» Уни мана шу саволлар кўпроқ қизиқтиради», деган Абрамовичга яқин манба.

Абрамовичнинг Россия-Украина музокаралари доирасидаги кўрсатмалари Давид Давидович томонидан бажарилган, дея хабар берган «Медуза»га музокаралардан хабардор бўлган шахслар. Давидович Абрамовичнинг узоқ йиллик бизнес шериги бўлиб, ҳозирда у Millhouse МЧЖ бош директорининг ўринбосари ҳисобланади (Millhouse МЧЖ Роман Абрамовичга тегишли бўлиб, унинг активларини бошқаради).

Шу билан бирга, нашрнинг вазиятдан хабардор манбаси Давидович яқин орада Украинада бўлмаганини таъкидлади. Нашр суҳбатдошларининг фикрича, бунга санкциялар сабаб бўлган. Давидович ҳам Абрамович каби 2022 йилнинг баҳорида Британия санкцияларига учраган ҳам Киевдаги санкциялар рўйхатига киритилган. Нашр Давидовичнинг Украина санкциялари остида эканлигини ҳужжатлар билан тасдиқлай олмади: Украина Адлия вазирлиги мамлакатда жорий қилинган ҳарбий ҳолат туфайли давлат реестрини ёпиб қўйган. Мақола нашр этилган вақтда Давидович нашрнинг Millhouse матбуот хизмати орқали юборилган саволларига ҳали жавоб бермаган эди.

Уруш бошида Абрамовичнинг яна бир узоқ йиллик таниши музокаралар жараёнида иштирок этган. Бу «Сколково» бошқарув мактаби директорлар кенгаши раиси, Россия президенти администрациясининг собиқ раҳбари (1999-2003 йилларда) Александр Волошин эди. Бу ҳақда «Медуза»га музокараларда қатнашган икки манба маълум қилган ва Волошиннинг таниши ҳам бу ахборотни тасдиқлаган.

Волошин Давидовичдан фарқли ўлароқ, Украинага умуман бормаган, лекин Украина расмийлари билан телефон орқали гаплашган. Хусусан, у Украинанинг расмий музокаралар гуруҳи таркибига кирган «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия билан алоқа ўрнатган.

«Волошиннинг ўзи (расмий) музокараларда қатнашмади. Бу шунчаки ушбу вазиятда нима қилиш мумкинлиги ҳақидаги мунозара эди. Ўшанда (кенг кўламли урушнинг бошида) икки томон ҳам можарони (тинч йўл билан ҳал қилиш) мумкинлигига ишонарди», деб тушунтирган Волошиннинг таниши. Волошиннинг ўзи изоҳ беришдан бош тортган.

Музокаралар жараёнининг яна бир иштирокчиси Абрамович билан узоқ йиллик дўстлик муносабатларига эга бўлган кинопродюсер Александр Роднянский. 2023 йил январ ойида россиялик журналист Ирина Шихманга берган интервьюсида Роднянский Россия босқини бошланган куни Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак унга қўнғироқ қилиб, Абрамович билан боғлашни таклиф қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, украиналиклар «қандай қилиб бўлса ҳам тезкорлик билан тинчлик сулҳига йўл топмоқчи» бўлган (Украина раҳбариятидагилар бу маълумот ҳақиқийлигини тасдиқламаган).

Интервьюда Роднянский унга бу таклифнинг берилишини унинг Зеленский жамоаси ва президентнинг ўзи билан яхши таниш экани билан боғлаган. Зеленский 2000-йиллар бошида телевидениедаги фаолиятини Роднянский асос солган «1+1» каналида бошлаган.

Фильм продюсерининг музокаралардаги роли асирлар алмашинувини ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган, дейди Роднянский билан таниш бўлган икки манба.

Хусусан, Роднянский ва Абрамович гўёки 2022 йил сентябр ойидаги катта асирлар алмашинувида иштирок этган. Ўшанда «Азов» полкининг «Азовстал» заводини ҳимоя қилган жангчилари Украинага қайтган ва бунинг эвазига Россияга Путин қизининг «чўқинтирган отаси» бўлмиш Виктор Медведчук берилган эди (бу воқеа россиялик «ватанпарварлар»нинг танқидига ҳам учраганди).

Абрамовичнинг воситачиси

Яқинда музокаралар жараёнига Абрамовичга боғлиқ яна бир шахс қўшилди. Бу Москва маданият департаментининг собиқ раҳбари Сергей Капков. Масалан, у яқинда Роман Абрамович топшириғи билан Киев ва Истанбулга ташриф буюрди, деб хабар берди Капков ва Абрамовичнинг икки таниши «Медуза» нашрига.

Абрамович ва Капков узоқ йиллик иш муносабатларига эга. Хусусан, Абрамович 2000-йиллар бошида Чукотка округи губернатори бўлиб ишлаганда Капков унинг ўринбосари бўлган. Орадан ўн йил ўтиб, Капков ўзининг Москвадаги хизмати туфайли машҳур бўлди. 2010-йиллар бошларида у москваликлар учун жуда машҳур дам олиш маскани ва «Сергей Собяниннинг гўзал Москваси» рамзларидан бирига айланган Горкий боғини реконструкция қилишга раҳбарлик қилди.

Абрамович Капковни музокаралар жараёнига қўшган ва уни ўзининг «ишончли воситачиси»га айлантирган. Давид Давидовичдан фарқли ўлароқ, Капковга ҳали ҳам Украинага киришга рухсат берилган. «Медуза» суҳбатдошлари таъкидлашича, Капковнинг иккинчи паспорти унинг Украинага киришини осонлаштириши мумкин, бир йилча олдин Капков Россия фуқаролигидан ташқари Исроил фуқаролигини ҳам олган.

Абрамович бу лавозимга айнан Капковни танлаши сабаби, Капков санкцияларга тушмаган ва бутун дунё бўйлаб эркин ҳаракатлана олади. Шунингдек, Абрамович уни «ақли расо одам» деб билади.

Украина томонидаги музокаралар олиб бориш жараёни билан таниш бўлган нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, Капков нафақат асирлар алмашинувида, балки «алоҳида соҳавий масалаларда»да ҳам иштирок этади. Мисол учун, Капков дон битими деб аталган сулҳ шартномаларини муҳокама қилишда ҳам қатнашган.

«Капковнинг вазифаси аслида жуда оддий – Россия томони билан мувофиқлаштириш. Қаердадир Шойгуга қўнғироқ қилиш керак бўлса, Абрамович қўнғироқ қилади. Ва аллақачон алоқа каналлари йўлга қўйилган, ҳамма барча нарсани билувчи ва қайсидир генералга қўнғироқ қилиш керак бўлган вазиятда бу ишни Капков қилади. Чунки Украина ва Россия ҳарбийлари ўзаро тўғридан тўғри кам мулоқот қилади», дейди манбалардан бири.

«Абрамович асосий шахслар — Путин ва Шойгу билан тўғридан тўғри гаплашади. Унинг ёрдамчилари эса техник ишларни бажаради. Улар кейинчалик музокаралар давомида айтилиши учун баъзи ҳужжатларини, таҳлилий маълумотларни тайёрлайди», дейди Украина томондаги манба.

Украина президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк нашр мухбирининг Капков, Давидович, Волошин ва Роднянскийнинг музокаралардаги ўрни ҳақидаги саволларига жавоб беришдан бош тортган.

«Девон норасмий музокаралардаги аниқ шахсларга изоҳ бермайди», деган Подоляк.

Сергей Капков ва Роман Абрамович вакиллари мақола нашр этилган вақтда ҳам нашр саволларига жавоб бермаган.

«Муросага келиш мутлақо имконсиз»

Музокаралар жараёни билан таниш бўлган нашр суҳбатдошларига кўра, Абрамович икки томон вакиллари билан норасмий алоқаларини сақлаб қолмоқда ва ҳозирда барча эътиборини асирларни алмаштириш масалаларига қаратяпти.

«Роман ҳақиқатан инсон қайғусига ҳам, бахтсизликка ҳам ҳамдард. У бу ишни санкциялар туфайли қилмаяпти, мен буни аниқ биламан», деган бизнесменнинг дўсти.

Шу билан бирга, Украина томонидаги музокаралар жараёни билан таниш манба таъкидлашича, Абрамович авваллари ростдан ҳам «Россия ва Украина ўртасидаги тўлақонли воситачи» бўлган, аммо ҳозир унинг саъй-ҳаракатлари моҳиятан маъносиз, чунки бутун музокаралар жараёни фақат алмашинувлар ва дон битими каби масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлиб қолган.

Нашр суҳбатдошининг қўшимча қилишича, 2023 йилдаги музокаралар жараёнида «ҳеч қандай сиёсий компонент» йўқ ва тўлиқ тинчлик йўли билан урушни якунлаш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

«Буча воқеаси кўплаб ғарбликларни ларзага солди. Ва асосийси Россияга нисбатан сўзсиз нафратни шакллантирди… Гап шундаки, Украинада сиёсий қарорлар жамият манфаатларига зид равишда қабул қилиниши мумкин эмас. Бугун (Россия шартлари асосида) муросага келиш мутлақо имконсиз», дейди Украина президенти девонига яқин манба.

Михайло Подоляк буни тасдиқлаган.

«Россия Украинага қўйган талабларидан воз кечмагунча, ҳеч қандай жиддий музокаралар бўлиши мумкин эмас», деган у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Кремлнинг шартларини қисқача шундай гавдалантириш мумкин: «Сизлар суверенитетдан воз кечишингиз керак» ва «Сизнинг ҳудудларингизни босиб олишга ҳақли эканлигимизни тан олишингиз керак».

«Киев учун бу мутлақо қабул қилиб бўлмас шарт», дейди Подоляк. Унинг таъкидлашича, ушбу шартлардан бирортасининг бажарилиши «Украина давлатининг секин-аста ўлиши»ни англатади. Бу эса музокаралар олиб бориш имкониятини йўқ қилади.

Мавзуга оид