Жаҳон | 08:44 / 20.02.2023
11227
2 дақиқада ўқилади

Мюнхенда хавфсизлик бўйича конференция якунланди

Уч кунлик форум якунида унинг раиси Кристоф Хойсген 2024 йилда конференцияда Украина президентининг шахсан иштирок этишига умид билдирди ва «трансатлантик бирдамликдан» ҳайратда қолганини айтди.

Кристоф Хойсген / Фото: MSC

Мюнхенда 19 февраль, якшанба куни хавфсизлик бўйича халқаро конференция якунланди. Форумни якунлар экан, унинг раиси Кристоф Хойсген келаси йили Украина президенти Володимир Зеленскийнинг шахсан ўзи конференцияда қатнашишига умид билдирди. Бундай ҳаракат «даҳшатли уруш тугаганини англатади», деди Хейсген.

Уч кунлик конференция якунларини сарҳисоб қилар экан, форум раҳбари Европа ва Германияни мудофаа харажатларини оширишга чақирди. «Биз Украинани қўллаб-қувватлашимиз, шунингдек, ўз мудофаамизни кенгайтиришимиз керак», деди у.

Анжуман раиси уруш айбдорларини жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлади. «Содир этилган жиноятлар жазосиз қолмаслиги керак», - деди Хойсген. У Халқаро жиноий суднинг ролини кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, Украинага босқинчилик жиноятини тергов қилиш учун махсус трибунал ташкил этишга чақирди.

Бу йил биринчи марта хавфсизлик конференциясига раислик қилган Хойсген Мюнхенда намойиш этилган «трансатлантик бирдамлик»дан ҳайратда қолганини айтди. «Бизда Владимир Путиндан кўра чидамлилик кўпроқ», деб маълум қилди у.

Форум раҳбари АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Хитойнинг юқори мартабали дипломати Ван И ўртасидаги учрашув икки давлат ўртасидаги кескин муносабатлар фонида ўтганини алоҳида таъкидлади. «Дунёга бошқа можаро керак эмас», деди у.

Мюнхен хавфсизлик конференцияси бу йил 59-маротаба ўтказилди. Иштирокчилар орасида Германия канцлери Олаф Шольц, Франция президенти Эммануэл Макрон, АҚШ вице-президенти Камала Харрис ва турли мамлакатларнинг ўнлаб вазирлари ҳамда раҳбарлари бор эди. Россия делегацияси ўтган йилгидек конференцияга таклиф қилинмади.

Мавзуга оид