Жамият | 20:59 / 23.02.2023
32878
6 дақиқада ўқилади

“Буюк шахмат тахтаси” — Американинг геосиёсий қарашлари акси

Америкалик политолог Збигнев Бжезинскийнинг “Буюк шахмат тахтаси” китоби ёзилганидан 25 йил ўтиб ниҳоят ўзбек тилига ўгирилди. Китоб АҚШдаги геосиёсат стратегларининг фикрлаш йўсинини яққол очиб бергани билан жуда тез машҳурликка эришган.

Фото: Kun.uz

Америкалик социолог, сиёсатшунос Збигнев Бжезинский 1928-2017 йилларда яшаб ўтган. У нафақат назариячи, балки Америка сиёсатидаги таниқли амалиётчи ҳам эди. Буни 1977-1981 йилларда АҚШ президенти Жимми Картернинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритганида ҳам кўриш мумкин.

Бжезинскийнинг сиёсий фаолияти йиллари АҚШ–Хитой муносабатларининг нормаллашуви, АҚШ ва СССР ўртасида II Стратегик қуролларни чеклаш шартномаси тузилгани, Эронда инқилобнинг бошланиши, АҚШнинг Афғонистонда мужоҳидинларни СССРга қарши қўллаб-қувватлаши ва совет-афғон уруши каби воқеалар билан ёдда қолган.

Бжезинский 1997 йилда чоп этилган "Буюк шахмат тахтаси" китобини “эртанги кун қиёфасини шакллантиришга ёрдам бериш мақсадида” ўз талабаларига бағишлайди. Бугун мана шу асар ҳақида сўзлаймиз.

Евросиё шахмат тахтаси

Китоб Америкадаги стратегларнинг геосиёсий қарашларини яхши ифодалаган. Бунда асосий эътибор Евросиёга қаратилган. Унга кўра, АҚШ шундай ташқи сиёсат юритиши керакки, токи Европа ва Осиёда ягона доминант куч пайдо бўлиб, АҚШнинг глобал бошқарувдаги энг юқори ролига дахл қилмасин.

"Геостратегия – геосиёсий манфаатларни стратегик шаклда бошқаришни шахмат ўйини билан таққослаш мумкин. Фарқи – Евросиё шахмат тахтасида бир вақтнинг ўзида иккита рақиб эмас, балки бир неча рақиблар ўйнайди ва уларнинг ҳар қайсиси турли даражадаги кучларга эга”, дея ёзади у.

Китобда мана шу ҳар қайси рақибнинг сиёсий йўли алоҳида қилинган. Асарни ўқиш жараёнида ўқувчи ўзини геосиёсатнинг чигал ва қизиқарли тўрига илиниб қолгандай ҳис қилади. Ундан чиқишни истамайди.

Украина: Бжезинский башорати

Шу кеча-кундузда Украина ва Россия ўртасидаги вазият, унинг рўй бериш эҳтимоли ва келиб чиқиш сабаблари ҳам китобда аниқ кўринади. Бжезинский Россия Украинасиз янада кўпроқ даражада Осиё давлати бўлиб қолиши ва Европадан узоқлашишини ёзади. Асардаги жумлани айнан келтиришни ўринли топдим:

“Мустақил Украина давлатининг пайдо бўлиши нафақат ҳамма россияликларни ўзларининг сиёсий ва этник мансубликларини қайта идрок этишга ундади, балки Россия давлатининг геополитик жиҳатдан жуда катта муваффақиятсизликка учраганини ҳам англатар эди. Украинанинг мустақиллиги Россияни Қора денгиздаги устуворлик ҳолатидан ҳам маҳрум этди”.

Муаллиф китобига Елциннинг 1990 йил 19 ноябр кунги Киевдаги нутқини киритади ва унинг фикрларини кейинчалик украинлар ва чеченлар Елциннинг ўзига қарши қаратишлари мумкинлигини айтади. Елцин нутқида шундай деганди:

“Россия бирон бир янги империяга ўхшаган марказга айланишга интилмайди. Россия бунақа ролнинг ҳалокатли эканини бошқалардан кўра яхшироқ билади, негаки, айни Россия узоқ замонлар давомида шу ролни ўйнаб келган. Бу унга нима берди? Руслар эркинроқ бўлиб қолдиларми? Бахтлироқ бўлдиларми? Тарих бизга ўргатадики, бошқаларга ҳукмронлик қиладиган халқ ҳеч қачон бахтиёр бўлолмайди!”

Ўзбекистон – минтақавий етакчиликка асосий номзод

Бжезинский Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг ролига алоҳида тўхталиб ўтади. Унинг муҳим аҳамиятини қуйидагича асослайди:

“Амалда Ўзбекистон Ўрта Осиёда минтақавий етакчилик ролига асосий номзод. Гарчи Ўзбекистон ҳудудлари жиҳатидан кичикроқ бўлса-да ва унинг табиий бойликлари Қозоғистонникичалик кўп бўлмаса-да, унинг аҳолиси кўпроқ – 25 млн киши атрофида. Лекин бундан ҳам муҳими шундаки, бу аҳоли Қозоғистон аҳолисига қараганда анча ортиқ даражада якрангдир. Ўзбекларда бола туғилишининг суръатлари каттароқ эканини ва авваллари устувор ўрин тутган русларнинг мамлакатдан аста-секин чиқиб кетаётганларини ҳисобга олсак, яқин орада мамлакат аҳолисининг 75 фоизини ўзбеклар ташкил қилади деб бемалол айтиш мумкин бўлади. Шуниси ҳам борки, бу ерда озчиликни ташкил қилувчи кам миқдордаги русларгина қолади”.

Бжезинский 1998 йилдаёқ Америка Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлаган. Буни юқорида келтирилган жиҳатлар билан тушунтирган.

Тўлиқ таржима 25 йил кутилди

“Буюк шахмат тахтаси”ни ўзбек тилига тўлиқ равишда “Шарқшунос таҳлилчилар” жамоаси таржима қилган. Унинг Озод Шарафиддинов таржима қилган ва “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилган қисмлари ўз ҳолида қолдирилган. Таржиманинг сифати тарозининг бир палласида бўлса, унинг қачон таржима қилингани ҳам иккинчи паллада тенг юк босади. Сиёсий, илмий китобларда айниқса. Дунёнинг 25 йил олдинги геосиёсати юзи бўлган китоб ўзбек китобхонига энди тақдим этилди. Албатта, бу анчагина кеч. Аммо таржима қилинганининг ўзи ҳам катта нарса. Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ бу китоб ҳақида айтганидек, “Сиёсатни алифбо деб тасаввур қилсак, “Буюк шахмат тахтаси” китоби унинг бир ҳарфи. Ва қачон бўлса ҳам биз уни ўрганишимиз керак”.

Асарни фақат шу йўналишда таҳсил олаётган талабалар эмас, катта жамоатчилик ҳам ўқиши керак деб ҳисоблайман. Бу кимнингдир манфаати учун ўзгартирилган зерикарли тарих эмас. Бу – катта сиёсий кураш. Ва бу улкан шахмат тахтаси устида биз ҳам бор эканимизни, ундаги тошлар ҳаракати бизнинг ҳам тақдиримизга чамбарчас боғлиқлигини кўпроқ юртдошларимиз ҳис қилишини хоҳлар эдим.

Муҳиддин Нидо, китобхон

Мавзуга оид