Ўзбекистон | 22:26 / 02.03.2023
22858
2 дақиқада ўқилади

 “IT билан шуғулланишда давом этаман” — қамоқдан озод этилган Сардор Раҳмонқулов

3 йил аввал дўстига диний нашида юборгани учун 5 йилга қамалган Сардор Раҳмонқуловга нисбатан жазо шартлига ўзгартирилди ва у озодликка чиқди. У апелляция суди ажрим ўқигандан кейинги таассуротларини Kun.uz мухбири билан бўлишди.

“Ҳозир жуда ҳам ҳаяжондаман, таассуротларимни қандай тасвирлаб беришни ҳам билмайман. Бизни қўллаб турган ҳаммага, президентга, одилона ҳукм чиқарган судга раҳмат айтмоқчиман. Келгусида IT йўналишидаги фаолиятимни давом эттираман”, – деди Сардор Раҳмонқулов.

Унинг онаси Саида Сайдалиева ҳам жамоатчилик ва президент қўллаб-қувватловидан миннатдор эканини билдирди.

“Жуда ҳам ҳаяжондаман, одил суднинг бу қароридан миннатдорман. Ўғлим унга президент томонидан берилган бу имкониятни оқлайди” дейди она.

Эслатиб ўтамиз, 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 3 йил олдин синфдошига юборган диний қўшиқ (нашида) диний қўмита хулосасига кўра, ақидапарастлик ғояси билан йўғрилган деб топилган эди. Тергов вақтида 7 ойдан кўпроқ қамоқда ўтирган Раҳмонқуловга 2023 йил 30 январь куни суд ҳукми ўқилиб, у 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Апелляция инстанциясининг ажримига мувофиқ, Сардор Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳукмга ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида озод қилинди.

Мавзуга оид