Ўзбекистон | 16:31 / 04.03.2023
34513
2 дақиқада ўқилади

Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюросига янги раҳбар тайинланди

2020–2023-йиллар мобайнида ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган генерал-майор Шуҳратжон Собиров ушбу лавозимни эгаллаган.

Шуҳратжон Собиров/Фото: ИИВ ахборот хизмати

Сўнгги уч йил давомида Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимида генерал-майор Шуҳратжон Собиров Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz манбалари хабар бермоқда.

Муқаддам Андижон вилояти ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган Шуҳратжон Собиров ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосарлигидан Тошкент ИИББ раҳбарлигига ўтказилган Азиз Тошпўлатов ўрнини эгаллаганди.

Ўзбекистон президентининг 2023 йил 22 февралдаги қарорига асосан  полковник Шавкат Раҳмонов Пўлат Бобожоновнинг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимида иш бошлаган, бироқ Шуҳратжон Собировнинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот берилмаганди.

2021 йилдан буён Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюросига полковник Ғанижон Алимуҳаммедов раҳбарлик қилиб келаётганди.

Ғанижон Алимуҳаммедов (суратда ўнгда) Фото: ИИВ ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, халқаро жиноий полиция ташкилоти – Интерполга 1923 йили асос солинган. Бош қароргоҳи Франциянинг Лион шаҳрида жойлашган.  1949 йилда БМТ томонидан Интерполга ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилот мақоми берилган. Бугунги кунда ташкилотга 195 мамлакат аъзо ҳисобланади.

Ўзбекистон Интерполга 1994 йилда аъзо бўлган ва ИИВ таркибида Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ташкил этилган. Бюро раҳбари ички ишлар вазири томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Мавзуга оид