Жамият | 15:13 / 04.03.2023
17753
7 дақиқада ўқилади

“Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” — сабрни сайқаллайдиган асар

Бадиий асар мутолаасига берилиб, баъзан сўз қудрати шунчалар ҳам кучлими, деган ўй оғушида қоламан. Шунда Яратганнинг биргина “Ярал!” деган сўзи билан бунёд бўлган ўн саккиз минг оламни тасаввуримда жонлантираман-да, сўз аталмиш зийнатнинг сеҳри ва мўъжизасини англагандек бўламан...

Сўз қачон мўъжизага айланади? Қачонки унга моҳир заргар сайқал берса, жилолай олса. Моҳир заргар кимлиги эса маълум — инсон. Ҳа, ёзувчи-шоир ҳам аввало инсон, фақат унинг бошқалардан фарқли жиҳати у сўзнинг сеҳри ва меҳрини кўпроқ ҳис этади. Унинг лаззатини юрак-юрагидан туя олади ва бу лаззатни бошқаларга-да улаша олади. Бундай инсонни ҳеч муболағасиз ҳотамтой дейиш мумкин. Буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов ҳам ана шундай ҳотамтой инсон, ёзувчи эди.

Унинг “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссасини илк бор ўқиганимда ўзимни худди Охото денгизи соҳилларида юргандек ҳис этгандим. Кейин Оқсоқол Ўрхон, Эмрайин, Милхун ва очиқ денгизга биринчи бор чиқаётган, тағинам ов учун чиқаётган Кириск билан битта қайиқда эдик. Асарни ўқиш асносида нимагадир Кириск ғойиб бўлиб қолди. Ҳали этни жунбишга келтирадиган асар воқеаларига старт берилмаган, кульминациягача бироз бор. Кейин билсам, Кириск... менга айланиб қолган экан. Яъни ўзим Кириск руҳиятида яшай бошлаганимни сезиб қолдим.

Асар воқеалари ўқувчини тезда ўзига жалб этади. Очиқ денгизда йўлдан адашган қайиқ, кун билан туннинг йўқолган фарқи, қаҳрамонлар чекаётган ташналик ва очлик азоби, эртанги кунга бўлган умиднинг сўниши... буларнинг бари ўқувчи руҳиятида “яшай” бошлайди. Аслида ҳақиқий ёзувчи қаламга олган туйғу-тушунчаларини китобхон қалбида-да “яшата олса”, бир лаҳза бўлса-да, унинг асар воқеалари атмосферасидан кўкрак тўлдириб нафас олишига эриша олса, у ўз мақсадига етган бўлади. Йўқса, увол бўлган сўз-у, йўқотилган вақтга ачинишдан бўлак чора қолмайди.

“Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” адибнинг бошқа асарларига қараганда анча оғир ўқилади. Чунки унинг бош қаҳрамони Кириск бирин-кетин яқинларидан ажралади. Аввалига бобоси, кейин амакиси, сўнгра эса отаси айнан табиий офат ё касаллик, фалокат ёки душман билан олишув натижасида эмас чорасизликдан, бундан ортиқ сўнгсиз азоб-уқубатга мубтало бўлмаслик, янаям бошқача айтганда, ўн гулидан бир гули очилмаган, ҳали ҳаёт аталмиш буюк неъматни яхши англамаган Кириск учун ўзларини қурбон қилади. Албатта, буни кўриб-билиб, юракдан ўтказиб ҳеч бир чора тополмаётган жажжи Кириск учун бундан-да ортиқ азоб-уқубат, бундан-да зиёда ғам-қайғу бўлмайди. Алалоқибат у денгиз бағрида қайиқдаги барча яқинларидан ажралади. Сўнг захирасидаги бор ичимлик суви ва егулик ҳам тугайди. Асарнинг энг қимматли жойи шундаки, мана шу лаҳзада эндигина очиқ денгизга чиқиб кўрган, денгизда юрагидан ўтказган қайғулари шу кунгача кўрган қувончларини ямлаб кетадиган Кириск ҳар қанча қийин бўлмасин жамики чекиладиган азоблардан биратўла қутулиб қўя қолишдан тийилади.

“Кўк сичқонча, сувингдан бер!” — онаси ўргатган мана шу ажойиб сўзни бола тинмай такрорлай бошлади: “Кўк сичқон, сувингдан бер! Кўк сичқонча, сувингдан бер!” Гарчи ҳеч қандай мўъжиза юз бермаса ҳам бола ҳадеб ялиниб-ёлвориб кўк сичқонни чақираверди. Энди бу — боланинг умид-ишончи ва ташналикка қарши бирдан бир чораси бўлиб қолди...

Айнан онаси ўргатган мана шу қўшиқ боланинг тирик қолишига умид беради. У чексиз азоблар гирдобида қолса-да ўзидаги метин ирода, Яратган омонатига хиёнат қилмаслик, эртанги кунга бўлган ишонч билан яшай олди. Мана шу хислат ҳаётнинг кичикдан кичик, майдадан майда қийинчилигига дуч келиб, “оҳ-воҳ” қилаётган бугунги кун ёшлари учун ҳар томонлама намуна бўла олади.

Энди асарни бошқача ракурсдан таҳлил этишга уриниб кўрсак.

Қадимдан бир гап бор: кемага тушганнинг жони бир. Аммо қиссани ўқиб, шунга амин бўлишингиз мумкинки, чин инсоний фазилатлар қаршисида минг йиллик мақол-у нақллар ҳам бекор бўлиб қолади. Эътибор беринг, вазият чатоқлигини билган Ўрхон бобо айнан озиқ-овқат масаласида етишмовчилик бўлиши, яқин кунлар ичида ҳаммалари оч-наҳор қирилиб кетишини билиб, энг биринчи ўзини ўзи чўктиради. Юқорида айтганимиздек, кейин амакиси, ундан сўнг отаси шу ишни такрорлайди. Буни қайсидир маънода Яратганнинг омонатига хиёнат қилишдек талқин этиш мумкиндир. Лекин Ўзининг марҳамати, битиги шундан бўлганидан кейин бандаи ожиз нима ҳам қилсин? Улар фақатгина жажжи Кирискнинг яшаб қолиши, эсон-омон соҳилга етиб бориши ва наслини давом эттиришини ўйлаган эди.

Шу тариқа Кириск минг машаққат ва изтироблардан сўнг ёлғиз ўзи соҳилга етиб боради. Ов илинжида чиққан сайёдлар бу гал ўзлари сайд бўлади. Фақат сайёд ўзгарган: Охото...

“Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссаси инсонда сабр-тоқат, чидам-бардош, метин ирода, ҳар қандай машаққатни ҳам енгиб ўтиш мумкин, деган туйғу-тушунчаларни тарбиялаши билан ҳам аҳамиятлидир. Бу туйғулар эса на миллат, на давлат, на замон, на макон танлайди. Шу боис ҳам бу асар умрбоқийдир.

***

(Ч. Айтматовнинг “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссасини ўқиб)

Чайқалиб боряпман тўлқинлар аро,
Денгизда оқ булут — манзил йўқолган.
Менинг ҳам қайиғим бир мотамсаро,
Менинг ҳам осмоним юлдузсиз қолган.

Унутиб қўйдим мен ташналигимни,
Сенинг изларингдан сузиб бораман.
Кириск, қабул эт ошналигимни,
Дардингни ич-ичдан сезиб бораман.

Мана мен боряпман, чидагин пича,
Етсам, отангни ҳам сақлаб қоламиз.
Милхунга айт: кутсин мен боргунимча,
Овчилик номини оқлаб қоламиз.

Оқсоқол Ўрхоннинг тамакисини
Чақмоқнинг ўтида тутатамизми?
Ахир мен сезяпман Ернинг исини,
Сафарни шу ерда тугатамизми?

Умидинг сўнмасин, кучли бўл, ошна,
Ўзингни сақлагин телбаликлардан.
Бизни кутяпти-ку булоқлар — ташна,
Умбалоқ ошамиз тепаликлардан.

Овинг юришмади овулингга қайт,
Очиқ яраларинг энди ким ёпар?
Биз келдик, энг мунгли қўшиғингни айт,
Соҳилда интизор турган олапар.

Исломжон Қўчқоров, китобхон

Мавзуга оид