Жамият | 19:29 / 08.03.2023
26210
3 дақиқада ўқилади

Баҳорнинг илк кунларида тўғри овқатланиш қоидалари тушунтирилди 

Қиш тугаб, баҳор фасли бошланиши билан инсонларда ҳолсизлик ва руҳий толиқиш кузатилади. Бунда тўғри овқатланиш қандай бўлиши керак? 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош нутрициологи Гули Шайхова баҳорнинг илк кунларида тўғри овқатланиш қоидаларини тушунтирди.

— Дарҳақиқат, фасллар алмашинуви даври, хусусан, куздан қишга, қишдан баҳорга ўтаётган пайт аксарият кишиларда бундай ҳолат кўп учрайди, — деди мутахассис. — Бу эса организмда моддалар алмашинуви тезлашиши ва витаминларга бўлган эҳтиёж ортиши билан боғлиқ. Яъни, авитаминоз (витаминлар етишмаслиги) сабабли инсон эрталаб уйқудан туришни истамайди. Кўпчиликни ланжлик, уйқучанлик, диққат-эътиборнинг сусайиши, руҳий толиқиш, тушкунлик ва бош оғриғи қийнайди.

Баъзи кишиларда эса юз-қўл териси қуриб, ёрилади. Кўз тагида кўкимтир излар пайдо бўлади, кўриш қобилияти пасаяди. Соч тўкилиб, тирноқлар мўртлашади. Шу боис бу даврда витаминлар, минераллар, озуқали моддалар ва ўсимлик толаларига бой озиқ-овқатлар тановул қилиш, ичаклар фаолиятини яхшилаш учун тоза сув ичиш лозим.

Мутахассис фикрига кўра, баҳор фаслида кўкатли таомлар, сабзавотлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

— Чунки улар таркибида организм учун зарур бўлган С витамини, озуқа толалари, биофлавоноидлар, антиоксидантлар мавжуд. Айниқса, исмалоқ, ялпиз, мадор, отқулоқ, жағ-жағ каби гиёҳлардан тайёрланган таомлар танада моддалар алмашинуви ва ошқозон-ичак тизимини яхшилайди.

Шунингдек, қишда заифлашган организм А, В, D ва Е витаминларига муҳтож бўлгани сабабли уларнинг ўрнини тўлдириш учун тўлиқ донли ундан тайёрланган нон, ёнғоқ, гўшт, балиқ, қаймоқ, товорог, майиз, бодом ва асал ейиш керак. Тушлик ва кечки овқатда эса кўпроқ ёғсиз ва тез ҳазм бўлувчи овқатлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Шифокорнинг таъкидлашича, баҳорда цитрус меваларни кўп ейиш тавсия этилмайди.

— Чунки табиат уйғониши, дарахтларнинг гуллаши аллергияга мойил кишиларда касалликни қўзғаши мумкин. Шунингдек, соч, қўл-оёқ ва юз парваришига эътибор қаратиш, тери касалликлари ҳамда аллергияга мойил инсонлар шифокор назоратида керакли муолажаларни олиши лозим.

Мавзуга оид