Жаҳон | 07:44 / 13.03.2023
15927
2 дақиқада ўқилади

«Навалний» энг яхши ҳужжатли фильм сифатида «Оскар»ни қўлга киритди

Лос-Анжелесдаги «Оскар»ни топшириш маросимида иштирок этган Юлия Навалная саҳнадан туриб, эрининг озод этилишига умид қилишини айтди.

Фото: Getty Images

13 март, душанбага ўтар кечаси канадалик режиссёр Дэниэл Роэрнинг «Навалний» фильми энг яхши ҳужжатли фильм сифатида «Оскар» мукофотини олди. Ушбу лентада россиялик мухолифатчининг 2020 йил ёзида Россияда «Новичок» моддаси билан заҳарланганидан то 2021 йил январигача Германиядан ватанига қайтгани ва у ерда даволанганигача бўлган воқеалар акс этган.

Роэр Алексей Навалний заҳарланганидан сўнг реабилитациядан ўтаётган пайтда Германиянинг Шварцвальдида россиялик мухолифатчи сиёсатчи билан учрашган.

«Энг яхши ҳужжатли фильм» номинацияси ғолиби эълон қилинганидан сўнг Лос-Анжелесдаги саҳнага ҳозирда Россия қамоқхонасида бўлган мухолифатчининг рафиқаси Юлия Навалная чиқди. У бир кун келиб эрининг озод бўлишини ва Россия яна эркин давлатга айланишини орзу қилишини айтиб ўтди.

«Навалний» картинасидан ташқари, Шонак Сен режиссёрлигидаги «Нафас оладиган ҳамма нарса», Лора Пойтраснинг «Барча гўзаллик ва қон тўкилиши», Сара Доснинг «Севги олови» фильми ҳамда Украина, Дания, Швеция ва Финландия ҳамкорлигида суратга олинган, лисичансклик болалар ҳақидаги Симон Леренг Вилмонтнинг «Парчалардан уй» лентаси ҳам «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида «Оскар»га даъвогарлик қилди.

Февраль ойида «Навалний» фильми Америка продюсерлар гильдияси ва Британия киноакадемиясининг BAFTA мукофотларини ҳам олганди.

Мавзуга оид