Ўзбекистон | 21:17 / 13.03.2023
19547
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 7-қаватдан ўзини ташлаб юборган россиялик эркак ҳалок бўлди

Бу Ўзбекистон пойтахтида бир ҳафта ичида кузатилган ва Россия фуқаросининг ўлими билан тугаган иккинчи ҳолат ҳисобланади.

Фото: Видеодан кадр

13 март куни Тelegramʼда Миробод туманидa номаълум эркак кўп қаватли бинодан тушиб кетиб, ерда ҳаракатсиз ётгани акс этган видео тарқалди.

Қайд этилишича, ҳодиса 18:30 да содир бўлган.

27 яшар эркак пойтахтнинг Миробод тумани Буюк Турон кўчасидаги 75-уйнинг еттинчи қаватидаги хонадондан ўзини пастга ташлаган. У олган жароҳатлари оқибатида воқеа жойида жон берган.

Бош прокуратура баёнотида марҳумнинг Россия Федерацияси фуқароси экани таъкидланади.

«Текшириш доирасида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Шунингдек, содир бўлган ҳодисанинг сабаблари аниқланмоқда», дейилади Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов томонидан эълон қилинган баёнотда.

8 март куни 37 яшар россиялик журналист, «Бюллетень кинопрокатчика» нашри бош муҳаррири Александр Нечаев Тошкентдаги квартирасида жонсиз ҳолда топилганди. Ўзбекистонга бир неча ой олдин келган эркакнинг ўлими сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланганди.

Ўзбекистон бош прокуратурасига кўра, марҳумнинг танасида жароҳатлар аниқланмаган. Шунингдек, у қотиллик қурбони бўлгани истисно этилди. Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, журналистнинг ўлими «сурункали юрак-ўпка етишмовчилиги, юракнинг сурункали ишемик касаллиги»дан келиб чиққан.  

Мавзуга оид